Океан ва денгизларнинг сув юзасидан унинг тубига яқин қисмига бўлган ҳудуди пелагик ҳудуд деб аталади. Барча пелагик органзимлар – планктон, нектон ва плейстон каби гуруҳларга бўлинади. Юқоридаги схемада пелагик ҳудуднинг қаватлар схемаси кўрсатилган.
Эпипелагиал ҳудуд – сув юзасидан 200 метргача бўлган чуқурликдаги қуёш нури тушадиган фотосинтез бўладиган ҳудуд. Океаннинг бирламчи маҳсулотлари мана шу қатламда ҳосил бўлади. Эпипелагиал ҳудуд организмларига планктонлар, саргассумлар, медузалар, балиқлар (тунетс), кўплаб акула ва делфинлар киради.

Мезопелагиал ҳудуд – 200-метрдан бошлаб то 1000 метргача бўлган ҳудуд. Мезопелагиал ҳудудда асосан гетеротроф бактериал яшайди. Ушбу ҳудудда яшовчи организмларга қиличбалиқ, калмар, каракатитсаларни келтириш мумкин. Уларнинг аксарияти биолюминиссент (ёритиш) хусусиятига эга. Аксарият мезоплагиал организмлар тунда озиқланиш учун эпипелагиал қатламга кўтарилади.
Батипелагиал ҳудуд – 1000 метрдан 4000 метр чуқурликкача бўлган ҳудуд. Бу ҳудудда фақат биолюмниссент организмлар ва айрим денгиз шайтонлари деб аталмиш махсус ёриткич органи бўлган балиқлар учрайди. Ушбу ҳудудда бирор турдаги ўсимликлар учрамайди. “Денгиз қори” деган ҳодиса худди мана шу ҳудудда содир бўлади. Бошқа организмларда ушбу ҳудудда йирик бошоёқли моллускалар ва айрим кашалотлар учрайди.
Абисопелагиал – 4000 метрдан океан тубигача бўлган ҳудуд. Ушбу қатламнинг мутлоқ зим-зиё эканлиги, босимни юқорилиги ва совуқ ҳарорат организмлар яшашига монелик қилади. Шундай бўлсада айрим калмарлар, эхинодермалар, саватчали денгиз юлдузлар, денгиз бодринглари, денгиз ўргимчаги каби ҳайвонлар учрайди. Атроф зулмат бўлганлиги учун бу ерда яшовчи организмларнинг кўриш системаси мавжуд эмас.
