Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Умумий биология

Тирик организмлар классификацияси

Тирикликни илмий асосда ўрганиш бошланганидан бери турли олимлар томонидан уни турли кўринишда таснифлашга ҳаракат қилинган. Ҳозирда бутун тириклик оламини системага солишда бир неча тамойилларга амал қилинади. Айни дамда тирик организмларнинг замонавий классификацияси иерархия тамойилига асосланади. Иерархиянинг турли даражалари турлича номланади. Айни дамда тирик организмлар қуйидаги асосий бирликлар билан таснифланади: дунё, тип ёки бўлим, синф, туркум, оила, уруғ ва тур.

Ушбу систематик тамойил бинар номенклатура ва илмий систематикага асос солган швед олими Карл Линней шарафига Линней иерархияси деб номланади. Ҳозирга келиб систематиканинг дунё бирлигидан ҳам катта бирлик, яъни 1990 йилда Карл Вёзе томонидан домен тушунчаси фанга киритилган.

Ушбу система бугунги кунда такомиллашиб 2 домен (еукариотлар ва прокариотлар) ва унга кирувчи 7 дунёдан иборат. Қуйидаги расмда замонавий классификация тизимининг тадрижий ривожланиш босқичларини кўришингиз мумкин.

Эукариотлар – ҳужайрасида шаклланган ядрога эга бўлган организмлар.

Прокариотлар – ҳужайрасида шаклланган ядрога эга бўлмаган организмлар.

Ҳайвонлар – гетеротроф озиқланувчи, актив ҳаракатланиб ҳаёт кечирувчи организмлар.

Замбуруғлар – гетеротроф озиқланувчи, вегетатив танаси митселлий деб аталувчи организмлар.

Ўсимликлар – фототроф озиқланувчи, пассив ҳаракатга эга бўлган организмлар.

Хромистлар – ҳужайрасида хлоропластга эга бошқа эукариот организмларни тутувчи эукариот организмлар. Аксарият қисми автотроф, айрим турлари эса гетеротроф ва сапрофит ҳолда озиқланади. Буларга қуёшлилар, инфузориялар ва охрофит сувўтлари кабилар киради.

Протозоалар – эркин ёки паразит ҳолда яшовчи бир ҳужайрали парафилетик келиб чиқишга эга бўлган эукариот организмлар. Илгари уларни бир ҳужайрали содда ҳайвонлар деб аталган. Буларга эвгленалар, амёбалар, фораминифералар, динофлагеллата кабилар киради.

Архейлар – ҳужайрасида шаклланган ядро ва мембранали органоидлари йўқ организмлар. Илгари улар бактериялар дунёсининг археобактериялар деб номланувчи гуруҳини ташкил этар эди. Бошқа тирик организмлардан ўзининг мустақил эволутсион ривожланиши ва ўзига хос биокимёвий хусусиятлари билан фарқланади. 1977 йилда К.Вёзе томонидан бактериялар дунёсидан ажратилган. Архейлар тузилишига кўра бактерияларга яқин турса-да, айрим генлари ва метаболитик жараёнлари билан эукариотларга яқин туради. Асосан хемотроф усулда озиқланади.

Бактериялар – ҳужайрасида шаклланган ядрога ва мембранали органоидга эга бўлмаган бир ҳужайрали организмлар.