Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Ботаника

Авокадонинг биологик хусусиятлари

Орамизда авокадо сўзини эшитганлар кўпчиликни ташкил этсада, кўпчилик бу мевани кўрмаган ёки танимаган бўлиб чиқади. Авокадо (Персеа американа) лаврдошлар оиласи персея туркумига мансуб доимий яшил дарахт бўлиб, уни яна америка персеяси деб ҳам номлашади. Муҳим мевали экин сифатида экилади. Мева этида кўплаб витаминлар ва минераллар мавжудлиги учун ҳам қадрланади. Мевасидан ташқари унинг ёғочлик қисми ҳам қурулиш материали сифатида маҳаллий аҳоли орасида машҳурдир.

Авокадонинг Тарихи

Бугун мана бизга номаълум бўлган шу ўсимлик ҳақида сизларга маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Авокадо ўсимлиги бизнинг ҳудудда ўсмаганлиги боис у кўпчиликка номаълум бўлса ажаб эмас. Рус тилига авокадо “аллигатор ноки” ёки “агакат” номи билан кириб келган. Уни хитойлар ҳам шундай номлашади, тайванликлар эса уни “луоли”, яъни пишлоқли нок деб номлашади.

Олимлар авокадонинг ватанини Мексикадаги Теуакан водийси деб ҳисоблашади, боис ушбу ҳудуддаги қазилма ишлари давомида бир неча миллион йил аввал яшаган худди авокадога ўхшаш ўсимликнинг тошга айланган қолдиқлари топилган. Ушбу ҳудудда яшаган қадимги одамлар авокадо, қалампир, моллускалар, акула, қушлар ва денгиз шерлари билан озиқлангани маълум. Мексикадаги Кокскатлан ғоридан 9-10 минг ёшли авокадо данаклари топилгани шундан гувоҳлик беради.

Авокадонинг Ботаник тавсифи

Авокадо тез ўсувчи дарахт бўлиб, унинг бўйи 20 метргача етади. Пояси тик ўсувчи, жуда ҳам кенг шохланиб ўсади. Барглари эллипссимон, узунлиги 12-25 см гача етиши мумкин. Баргларини йил давомида алмашлаб тўкади.

Гуллари кўримсиз, майда, яшил, икки жинсли, барг қўлтиғида жойлашган. Меваси бир уруғли резавор мева, шакли ноксимон, овалсимон ёки шарсимон бўлиши мумкин. Пишган мевасининг диаметри 5 см дан 20 см гача боради, оғирлиги ҳам шунга яраша 50 г дан 1,8 кг гача етади. Мева пўсти қаттиқ, хом меваларда унинг пўстлоғи тўқ яшил рангда бўлиб, мева пишиб борган сари қорайиб боради. Пишган мева эти яшил ёки сарғиш яшил рангда бўлади, таркибида кўп миқдорда ёғ бўлади. Мева ўртасида йирик данаги мавжуд.

Айни вақтда дунёнинг жуда кўплаб тропик ва субтропик давлатларида авокадо етиштирилади. Бир туп дарахт 150-200 кг гача ҳосил беради. Авокадонинг 400 дан ортиқ навлари мавжуд. Авокадо экспорти бўйича Мексика дунёда биринчи ўринда туради, мексикаликлар ҳар йили 1 млн тоннадан ортиқ авокадони дунё бозорларига етказиб беради.

Авокадонинг Қўлланилиши

Авокадо мева этида кўп миқдорда ёғ мавжуд бўлиб, бу унинг ўсиш шароитига қараб 40% гача етади. Бундан ташқари ёғ кислоталар, глутатион, оқсил, углеводлар, карнитин, антиоксидантлар, кўплаб витаминлар (Д, К, Э, Б1, Б2, Б6, Б9) калий, магний, мис, рух каби микро ва макроелементлар мавжуд. Авокадо турли яхна таомлар, салатлар тайёрлашда қўлланилади. Тиббиётда эса холестерин миқдорини пасайтириш миқдорида ҳам қўлланилади.

Авокадо хона ўсимлиги сифатида ҳам ўстирилади, унинг ям-яшил барглари жозибадорлиги билан кишиларни ўзига жалб қилади. Ушбу ўсимлик уруғидан, илдиз бачкисидан ва пайванд қилиб кўпайтирилади.

Авокадонинг Заҳарлилик хусусияти

Авокадонинг баргларида, мева қобиғи ва данагида заҳарли фунгитсид модда – персин мавжуд, у ҳайвонлар ва одамлар учун хавфли ҳисобланади. Персин ёғда эрувчи модда бўлиб, тузилиши бўйича ёғ кислоталарига ўхшайди. Одам организмига тушган персин индивидуал ҳолатдаги аллергияни келтириб чиқади, шу билан бирга овқат-ҳазм қилиш функсиясини бузади. Ҳайвонлар организмига тушганда, айниқса қушлар, қуёнлар, от, йирик шохли қорамол, эчки организмига хавфли бўлиб, ҳайвонни ўлимгача олиб боради.

Авокадо коеволутсияда

1982-йилда эволутсионист биолог олим Даниел Женсен авокадони эволутсион анахронизмга мисол бўлади деган хулосага келганлиги ҳақида ёзди (эволутсион анахронизм ҳақида алоҳида мақола чиқарамиз). Яъни авокадонинг мевалари айни вақтда қирилиб кетган йирик сутемизувчилар (жумладан, гигант ялқов ва хартумли гомфотерлар) билан экологик жиҳатдан муносабатга киришишга мослашган деб тушунтиради. Аксарият ҳолатда йирик, этли мевалар ўсимлик уруғларининг ҳайвонлар ёрдамида тарқалишига хизмат қилади.

Авокадо ҳақида бундай деб ўйлашга бир неча сабаблар мавжуд. Жумладан, ўртасида заҳарли бўлган йирик данакли мева Кайназой эраси, тўртламчи даври Плейстосен эпохаси мегафаунаси вакиллари томонидан бутунлигича ютилишга мослашган. Бунда ҳайвон ўсимлик мева этини ҳазм қилиб, унинг данагини гўнги орқали тарқатади ва уруғ учун ўсиш шароити юзага келади. Бундай дейилишига сабаб шуки айни вақтдаги ушбу ўсимлик ўсадиган табиий ҳудудларда бирорта ҳам унинг мевасини бутунлигача ютиб ея оладиган йирик ҳайвонлар мавжуд эмас.