Болалик – бу организмнинг жадал ривожланиш босқичи бўлиб, айнан шу даврда кўзнинг тузилиши ва функсионал имкониятлари шаклланади. Агар бу босқичда кўз муаммолари эрта аниқланмаса ёки даволанмаса, боланинг кўриш қобилияти жиддий зарар кўриши мумкин. Шу сабабли болалардаги кўз касалликларини эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва зарур чораларни кўриш жуда муҳим ҳисобланади.
Болаларда кўп учрайдиган кўз муаммолари
Болалик даврида турли кўз касалликлари кузатилади ва уларнинг ҳар бири боланинг кўриш қобилиятига, ўқиш ва ўрганиш жараёнларига таъсир кўрсатиши мумкин. Энг кўп учрайдиган муаммолар қуйидагилар ҳисобланади.
Миопия
Миопия ёки қисқа масофани яхши кўриш, лекин узоқ масофани хиралашган ҳолда кўриш ҳолати ҳисобланади. Болаларда бу ҳолат одатда мактаб ёшига яқин даврда ривожланади. Кўпинча бола дарс вақтида доскани аниқ кўрмаслиги, китобга жуда яқинлашиб ўқиши билан намоён бўлади. Миопиянинг сабаблари генетик мойиллик, ҳаддан ташқари яқин масофага тикилиш, кўп вақтни электрон қурилмаларда ўтказиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Гиперметропия
Гиперметропия ёки узоқни яхши кўриш ва яқинни ноаниқ кўриш ҳолати кўпчилик болаларда туғма бўлиши мумкин. Бу муаммо кичик ёшдаги болаларда нормал ҳолат ҳисобланади, чунки уларнинг кўз олчамлари ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Аммо гиперметропия кучли бўлса, бола тез чарчайди, кўз оғриғи, бош оғриғи ёки ўқиш вақтида эътиборини жамлай олмаслиги мумкин.

Астигматизм
Астигматизм кўзнинг шарсимонлиги бузилган ҳолларда кузатилади. Бу ҳолатда кўз нур тўпламини бир нуқтага жамлай олмайди ва натижада бола ҳам узоқни, ҳам яқинни хиралашган кўринишда кўради. Астигматизм одатда миопия ёки гиперметропия билан биргаликда бўлади. Болалар ҳарфларни чалкаштиради, ёзувни тўғри ўқий олмайди ва тез чарчаш белгилари билан намоён бўлади.
Страбизм
Страбизм ёки қийшиқ кўз касаллиги – бу иккала кўзнинг бир вақтнинг ўзида бир нуқтага қаратилмаслиги ҳолати. Бу ҳолатда бир кўз тўғри қараган пайтда иккинчиси ён томонга оғиши мумкин. Страбизм кўпинча туғма бўлади ёки эрта болалик даврида ривожланади. Агар бу ҳолат даволанмаса, боланинг мияси қийшиқ кўздан келаётган тасвирни рад этади ва бу эса амблиопия (дангаса кўз синдроми)га олиб келади.
Амблиопия
Амблиопия – бу кўзнинг органик жиҳатдан соғлом бўлишига қарамай, мияга тўлиқ тасвир узатолмаслигидир. Кўпинча страбизм ёки рефраксион муаммолар натижасида келиб чиқади. Амблиопия вақтида даволанмаса, бола кўриш қобилиятини бир томонда тўлиқ йўқотиши мумкин.
Конюктивит
Конюктивит – бу кўз шиллиқ қаватининг яллиғланиши бўлиб, вирусли, бактериал ёки аллергик шаклларда учрайди. Болаларда кўпроқ вирусли ва бактериал конюктивитлар кузатилади. Белгилари орасида кўзнинг қизариши, кўз ёши ажралиши, қичишиш, йиринг ажралиши ва эрталаб кўз ёпишиб қолиши мавжуд.

Кўз ёши йўлининг тиқилиб қолиши
Кўпчилик чақалоқларда кўз ёши йўлининг тиқилиб қолиши ҳолати кузатилади. Бу ҳолатда кўз ёши кўздан оқиб тушмасдан, кўз бурчагида тўпланади ва натижада кўз доимо ёшли кўринишда бўлади. Айрим ҳолларда бу яллиғланиш ва йиринг ажралишига олиб келади. Оддий массаж ва гигиеник парвариш ёрдамида муаммо бартараф этилади, лекин баъзан жарроҳлик аралашуви зарур бўлади
Туғма кўз касалликлари
Айрим болалар туғма кўз муаммолари билан дунёга келади. Буларга катаракта, глаукома, кўз нервининг ривожланмаслиги, кўз тўр пардасининг нуқсонлари киради. Бундай муаммолар эрта ташхис ва мураккаб даволашни талаб қилади. Кўриш нуқсони билан туғилган болалар эрта тиббий аралашув орқали кўриш имкониятини сақлаб қолишлари мумкин.
Кўз муаммоларининг эрта белгилари
Боладаги кўз муаммоларини эрта аниқлаш учун ота-оналар ва тарбиячилар қуйидаги белгиларни диққат билан кузатишлари зарур. Бола бош оғриғидан шикоят қилса, кўзини ишқалайверса, китоб ёки телефонни кўзига яқин тутиб ўқиса, доскага қараётганда кўзини қисиб қараса, ёзувни ўқишда қийналса, тез-тез кўз ёш чиқарса ёки бир кўзни ёпиб қарашга ҳаракат қилса, бу кўриш билан боғлиқ муаммолардан дарак беради.

Ташхис ва даволаш
Бола ҳар 6-12 ойда офталмолог кўригидан ўтиши зарур. Айниқса, оилада кўз касалликларига мойиллик бўлса, бу ҳолат янада муҳим аҳамиятга эга. Ташхис учун оддий кўриш тестлари, рефрактометрия, биомикроскопия ва керак бўлса, компютер диагностикаси ўтказилади. Даволаш усуллари касаллик турига қараб белгиланади. Кўзойнак, контакт линзалар, кўз машқлари, аппаратли муолажалар, баъзан эса жарроҳлик аралашуви тавсия қилинади.
Кўз муаммоларининг олдини олиш
Болаларда кўз муаммоларининг олдини олиш учун бир қанча оддий чоралар мавжуд. Бола етарлича ёруғликда дарс тайёрлаши, экранга узоқ вақт тикилмаслиги, ҳар 30-40 дақиқада кўзга дам берилиши, табиий ёруғликда ўйнаши муҳим. Бундан ташқари, болани тўғри овқатлантириш, яъни А витамини, омега-3, лутеин ва зеаксантин каби моддаларга бой маҳсулотлар билан таъминлаш кўз саломатлиги учун фойдали.
Хулоса
Болалик даврида юзага келадиган кўз муаммолари бола ҳаётининг турли жабҳаларига, айниқса таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ота-оналар болаларнинг кўз саломатлигига жиддий эътибор беришлари, уларни мунтазам равишда кўз шифокори кўригидан ўтказишлари ва эрта белгиларни бепарво қолдирмасликлари зарур. Тўғри ташхис ва ўз вақтида даволаш орқали кўриш қобилиятини сақлаб қолиш мумкин.
