Таркибида озуқа элементи сифатида азот сақлаган ўғитлар азотли ўғитлар дейилади.
Азотли ўғитлар азот етишмайдиган ерларга солинади. Азот етишмаган ердаги экинлар барги оч-яшил ранг, баъзи экинларда (турп, карам, маккажўхори) сариқ-қизил доғлар, барглари жуда кичик, юпқа, гуллари нимжон, шохлари майда, меваси муддатидан аввал пишиб, кичик-кичик бўлиб, барглари тушиб кетади.
Азотли ўғитлар билан озиқлантириш натижасида юқоридаги камчиликлар ёʻқолади. Ерларга азотли ўғитлар бериш меъёрда бўлиши (30-300 кг/га), ҳар бир майдоннинг хусусиятлари ва ўғитга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши шарт. Экинлар азотни NH3 ёки ионлар ҳолида ўзлаштиради. Азотли ўғитлар классификацияси қуйида келтирилган.
Аммиакли ва аммонийли ўғитлар. NH3 • H₂O суюқ эритма бўлиб, (NH4)2SO4 одатда оқ рангли кристалл ёки «дона-дона» моддалар боʻлиб, сувда яхши эрийди.
Нитратли ўғитлар: Натрийли, калийли, кальцийли селитралар (NaNO3, KNO3, Ca(NO₃)₂). Бу ўғитлар ҳаракатчан NO3—ионларини сақлайди (азот шу ион ҳолида ўзлаштирилади). Ортиқча Na+, K+, Ca+2 ионлари ернинг ишқорийлигини оширади. Шунинг учун улар билан бирга ерларга органик ўғитлар берилиши мақсадга мувофиқдир.
Аммонийли нитратли ўғитлар. NH4NO3 аммиакли селитра, сулфат-нитрат аммоний (NH4)2SO4 • 2NH4NО3 оҳакли аммиакли селитра CaCO3•NH4NO3 лар оқ рангли моддалар боʻлиб, фақат охиргисининг сувда эрувчанлиги бир оз камроқ. Барча турдаги тупроқ ва экинларни озиқлантириш учун тавсия этилади.
Аммонийли — нитратли — карбамидли ўғитлар. Аммоний нитрат ва карбамиднинг концентрланган эритмаси суюқ ўғитлар ҳолида қўлланилади. Ўзбекистонда азотли ўғитлар «Навоий-Азот» комбинатида, Чирчиқ ва Олмалиқ кимё заводларида ишлаб чиқарилади.

Аммиакли селитра ишлаб чиқариш
NH2(g) + HNO3(kons) → NH4NO3(k) реакцияга асосланган. Аммиак гази билан тўлдирилган реакторга нитрат кислота бўлиб-бўлиб мўл миқдорда юборилади ва ҳосил бўлган концентрланган эритма суюқланма ҳолига келгунча бугʻлатилади, доналаштириш минорасида томчиларга айлантирилади. Миноранинг баландлиги 40-60 м, диаметри 10-16 м, ички юзаси алюминий фолгаси билан қопланган.
Бу миноранинг юқорисидан аммиакли селитра суюқланмаси пуркалади, у томчилар ҳолида юқоридан пастга туша бошлайди. Унга тескари оқимда пастдан ҳаво берилиб, оқ рангли дона-дона модда ҳолига келтирилади. Бу «дона» чалар гигроскопик бўлгани учун сув тортмайдиган модда билан аралаштирилиб, «упаъланади ва қопларга солиниб истеъмолчиларга юборилади.
