Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Кимё, Физика

Аморф ҳолат ҳақида малумот

Рентген нурлари ёрдамида зарралари суюқликдагидек тартибсиз жойлашган қаттиқ моддалар мавжудлигини аниқлаш мумкин бўлди. Бундай моддалар аморф моддалар ёки шишалар дейилади, чунки оддий шиша - аморф жисмининг энг оддий мисолидир.

Аморф ҳолат - кристалл ва газсимон ҳолатлар орасидаги оралиқ ҳолат бўлиб, зарралар кристаллдагидек тартибли жойлашмаган, лекин газдагидан тартиблироқ жойлашган бўлади.

Юнончадан таржима қилганда "аморф" сўзи "шаклсиз" деган маънони англатади. Бу моддаларнинг бундай ном олишига сабаб, улар кристаллардан фарқли, табиатан кўпёқликлар шаклига эга эмас.

Агар эритма тез совитилса, суюқлик кристаллана бошламасданоқ қотади. Атомлар панжарага тартиб билан жойлашишга улгура олмайди ва суюқликка хос бўлган тартибсиз жойлашишини сақлаб қолади. Бироқ бу суюқ модда бўлмай, қаттиқ модда бўлади. Унинг ёпишқоқлиги суюқликникидан анча катта ва кристаллнинг ёпишқоқлигига яқин бўлади.

Аморф ҳолати ҳосил қилиш учун зарур бўлган совитиш тезлиги модданинг табиатига, асосан унинг ёпишқоқлигига жуда кучли боғлиқ бўлади: ёпишқоқ эритмалар кўпинча шиша кўринишида қотади. Масалан, эритмани ҳавода совитиб, одатдаги шишани ҳосил қилиш мумкин. Соф металларнинг аморф ҳолатини ҳосил қилиш амалий жиҳатдан мумкин эмас, баъзи қотишмаларни эса ҳосил қилиш мумкин. Секундига миллион градусдан ортиқ бўладиган совитиш тезликларида, "металл шишалар" - аморф металл қотишмаларни ҳосил қилиш мумкин бўлади.

Аморф металл қотишмаларни юқори магнит хоссаларига эга ва деярли магнит йўқотишларига эга эмас, шунинг учун улар трансформаторларнинг ўзакларини, овоз - ва видеоёзувлар учун магнит каллаклари ва ҳоказоларни тайёрлаш учун зарурдир

Аморф моддалар янги турдаги шишаларни ва улар асосидаги материалларни яратишда, ҳамда техниканинг кўпгина соҳалари катта аҳамиятга эгадир. Аморф ҳолатнинг бир жинслилиги ва уларда кристаллардагидек нуқсонлар бўлмаганлиги туфайли, бундай ҳолатдаги моддалар, масалан, шишалар жуда муҳим қатор хоссаларга эша бўлади. Чунончи, улар электромагнит тебранишларнинг турли диапазонларида шаффоф, кимёвий мустаҳкам, чидамли, қаттиқ, электр изолятсиаловчи ва бошқа физик-химик хоссаларга эга бўлади. Бундай шишалар турмушда, қурилишда, электрон нур трубка ишлаб чиқаришда, оптик тола ишлаб чиқаришда, юқори волтли электр узатиш линиялари учун электр изоляторлар, турли шиша толалари, шиша-мой ишлаб чиқариш ва бошқаларда кенг қўлланилади.