Экзема ( шунингдек, атопик дерматит ҳам дейилади) тананинг ҳар қандай жойида пайдо бўлиши мумкин бўлган, қуруқ, қичишиш билан кечадиган тери тошмаси, у одатда, юз ва қўл-оёқ терисида пайдо бўлади. Экзема ҳар бир инсонда, шу жумладан, чақалоқларда ҳам бўлиши мумкин.
Болаларда экзема сабаблари
Баъзи омиллар одамларда экзема тошмасига нисбатан мойиллик пайдо бўлишига сабаб бўлади, жумладан:
- Оила тарихида экзема бўлса;
- Оила тарихида иссиқлик тошиши, аллергия ёки астма бўлса;
- Мунтазам равишда совуқ ва нам иқлимда яшаш;
- Атроф-муҳитда қўзғатиш хусусиятини чақирувчи моддаларнинг бўлиши (масалан, тутун, кир ювиш кукунлари, хушбўй моддалар ва заҳарли моддалар).
Болалар экземаси қандай кўринишда бўлади?
Экзема, кўпинча 6 ойгача бўлган чақалоқларда бош ва юз терисида пайдо бўлади. Тошма, одатда, қизил бўлиб, пуфакча кўринишида, сўнгра бу пуфакчадан суюқлик оқиб чиқиши ва устидан қобиқ билан қопланиш ҳолати кузатилади.
Ўсиб бораётган чақалоқларда экзема тизза ва тирсак соҳасида пайдо бўлиши мумкин. Экземанинг қичишиши чақалоқда безовталикни келтириб чиқаради. Чақалоқ нима бўлаётганлигини айта олмайди, лекин уларнинг хатти-ҳаракатидан экзема уларда ноқулайлик келтириб чиқараётганлигини кўриш мумкин.
Экзема тошмасининг белгилари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Уйқу муаммоси;
- Теридаги инфексиялар ( тошмани тирнаш ёки ишқалаш натижасида тушган инфексия);
- Безовталик.

Экземани даволаш усуллари
Экземани тўғридан тўғри даволаб бўлмайди, аммо, ундаги қичишиш, терининг қуруқлиги, тирнаш ҳолати билан курашиш ва инфексия тушишининг олдини олиш орқали бир нечта даволаш усуллари мавжуд.
Бундай даволаш усуллари қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Бола терисини яхши намланган ҳолатда сақланг: фарзандингизни илиқ сувда чўмилтиринг ва терисини қуруқ қилиб артинг, сўнг дарҳол намлантирувчи кремлардан фойдаланинг;
- Умумий қичишиш хусусиятини чақирувчи моддалардан сақланинг: чақалоғингизнинг кир киймларини ювишда ҳидсиз совун ва ювиш воситаларидан фойдаланинг. Фарзандингиз киймлари юмшоқ пахта матоларидан бўлсин;
- Умумий аллергенлардан сақланинг: уйингизни, айниқса, фарзандингиз хонасини чанг ва уй ҳайвонлари юнгидан тез-тез тозаланг;
- Тирнаш ҳолатини олдини олинг: агар чақалоқ терисини тирнамоқчи бўлса, унинг тирноқларини қисқартиринг ва қўлларини пайпоқ ёки қўлқоплар билан беркитиб қўйинг. Бундан ташқари, терига нам мато ўрамаларини қўллашингиз мумкин. Қичишиш кучли бўлса, педиатрингиз антигистамин препаратларини тавсия қилиши мумкин;
- Терини даволаш усуллари: педиатрингиз фарзандингиз терисига қўллаш учун стероидлар ва стероид бўлмаган воситаларни қўллашни тавсия қилиши мумкин;
- Инфексияни олдини олиш: уй шароитида экземани даволашнинг энг самарали йўли бу — оқартирувчи ҳаммомдир. Улар касаллик тўсатдан авж олганда унинг ўтишини енгиллаштириш ёки олдини олиш учун қўлланиладиган даволаш усули бўлмаса-да, экземани даволаш режимининг бир қисми бўлиши мумкин.
Қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Экзема тошмаси, айниқса, у тирналган бўлса, унда инфексия пайдо бўлиши мумкин. Инфексияларни бартараф этишда антибиотиклар ва бошқа дориларни қўллаш шифокор томонидан тавсия этилади. Агар фарзандингиз терисида инфексия пайдо бўлганини сезсангиз, педиатрингизга мурожаат қилинг.
Чақалоқларда экзема профилактикаси
Экземанинг айнан ўзининг келиб чиқишини олдини олишнинг иложи йўқ, аммо, унинг қўзғатувчиларини аниқлаш ва касаллик кучайишини олдини олиш мумкин. Қўзғатувчи омилларни камайтиришнинг баъзи усуллари қуйидагилардан иборат:
- Фарзандингизни қуруқ ва совуқ об-ҳаво шароитидан узоқроқ тутинг;
- Агар фарзандингиз 6 ойлик ёки ундан катта бўлса, унга йилда бир марта гриппга қарши эмлаш муолажасини инфексионист билан маслаҳатлашиб ўтказинг;
- Хонадонингиздаги умумий қўзғатувчи, қичишиш ҳолатини чақирадиган омиллардан қочинг ва ҳар бир маҳсулотларни ёрлиқлари билан танишиб чиқинг;
- Кир ювиш воситалари қолдиқлари кийимларда қолмаслиги учун кийимларни икки марта ювинг;
- Фарзандингизни аллергияси қайси моддаларга нисбатан мавжудлигини билиш учун аллерголог билан маслаҳатлашган ҳолда унда синамалар ўтказинг;
- Чақалоқ экземасини кучайтирадиган омиллар қайси эканлигини аниқлаш мақсадида фарзандингизни мунтазам равишда кузатиб боринг;
- Кичкинтойингиз терисини намлаб туринг.
