Нажаснинг энг ташвишли ўзгаришларидан бири бу — унинг одатдагидан бошқача кўринишда бўлиши саналади. Чақалоқ ёки боланинг ичи яшил келса, бу кўпчилик ёш оналарни ташвишга солиб қўяди. Яшил нажас ахлат ўзгаришларининг энг кенг тарқалган кўринишидир. Бу ҳолат болалар ўртасида жуда кенг тарқалган ва нажас рангининг нормал ўзгаришидир.
Нажас одатда жигаррангдир, лекин ҳар куни унинг ранги ўзгариши мумкин. Бу одатда ташвишга сабаб бўлмайди. Болалардаги яшил ахлатнинг сабаблари уларнинг ёшига қараб ҳар хил бўлиши мумкин.
Яшил нажас баъзида бирор касаллик борлигини кўрсатиши мумкин бўлса-да, бу ҳолат жиддий, ташвишланарли сабаб бўла олмайди.
Келинг яхшиси, ушбу мақолада агар боланинг ичи яшил келса бу нимани англатишини, яшил нажасга нима сабаб бўлишини ва агар болангизнинг ахлати яшил эканлигини сезсангиз нима қилиш кераклигини муҳокама қилайлик.
Яшил нажас нима?
Яшил нажас кўпинча, фарзандингиз истеъмол қилган нарса, у қабул қилган витамин ёки дорига боғлиқ бўлиб, у болада диарея, қорин оғриғи келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Яшил нажас, айниқса, янги туғилган чақалоқларда кенг тарқалган бўлса-да, баъзан ёш болаларда ёки ёши катта болаларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Аломатлар
Яшил нажас ўз-ўзидан пайдо бўлиши ёки ошқозон бузилиши билан кечадиган баъзи аломатлар билан биргаликда юзага келиши мумкин:
- Одатда, шаклланган нажас вақти-вақти билан яшил тусни олиши мумкин; бу нажаснинг нормал ранг ўзгариши
- Баъзида кўринишидан қора бўлиб кўринган нажас аслида тўқ яшил кўринишда бўлиши мумкин
- Яшил нажас диарея пайтида суюқ кўринишдаги нажас шаклида бўлиши мумкин.

Боланинг ичи яшил келиши сабаблари?
Чақалоқлар ва ёш болаларда ахлатнинг яшил рангда бўлишига кўплаб омиллар сабаб бўлади ва бу камдан-кам ҳолларда жиддий тиббий муаммолар борлигини кўрсатади.
Барча ёшдаги болаларда бир вақтнинг ўзида яшил нажас бўлиши мумкин, аммо бунинг сабаблари ва частотаси боланинг ёшига қараб турлича бўлади.
Чақалоқларда яшил нажас
Гўдак ёшдаги болаларда ва айниқса, янги туғилган чақалоқларда нажаснинг яшил рангда бўлиши кўплаб кузатилади. Бунинг сабаблари қуйидагилар:
- Янги туғилган чақалоқнинг биринчи ахлати меконий қора-қатрон кўринишда бўлади, лекин бу баъзан яшил рангга эга бўлиши ҳам мумкин.
- Ҳаддан ташқари кўп сафро ажралиши ҳам ахлат яшил тусда бўлишига олиб келиши мумкин.
- Кўкрак сути билан озиқланадиган боланинг ахлати меконийдан кейин бирданига яшил тусга эга бўлиши мумкин.
- Яшил нажас онанинг ратсионидаги озиқ-овқатга нисбатан келишмовчиликни кўрсатиши мумкин, бундай ҳолатда чақалоқда бирмунча ноқулайликлар, ич дам бўлиши каби ҳолатлар келиб чиққанлигини кўрамиз.
- Вирусли ёки бактериал инфексиялар ахлатнинг суюқ, яшил рангга келиб қолишига сабаб бўлиши мумкин.
- Фарзандингиз ратсионига қаттиқ маҳсулотларни, айниқса, яшил сабзавотларни киритганингизда ҳам унинг ахлати яшил рангга айланиши мумкин.
Янги туғилган чақалоқда биринчи беш кундан кейин ҳам қуюқ яшил нажас ажралиши давом этса, бола она томонидан тўғри овқатлантирилаётганлиги ва етарлича вазн йиғаётганлигини текшириш зарур. Агар ёш она тўғри эмизиш қоидаларига риоя қилмаса ёки бу борада билим ва кўникмалари кам бўлса, бола парваришлаш, жумладан тўғри эмизиш бўйича мутахассислар ёрдамини олиши лозим.
Кичкинтойларда яшил нажас сабаби
- Яшил рангга эга, бўш ва сувли ахлатни келтириб чиқарадиган касаллик диарея. Паразитлар ҳам диареяга олиб келиши мумкин. Болалар қўлларини ювишга одатланмаганлиги ва тўғри бажара олмаганлиги сабабли, болалар паразитларга кўпроқ мойил бўлишади.
- Агар фарзандингиз қўшимча овқат истеъмол қилса, бу ҳам унинг ахлатини яшил рангга айлантириши мумкин.
- Витаминлар, айниқса, темир моддасини ўз ичига олган дори моддалари боланинг нажаси яшил рангда бўлишига олиб келиши мумкин.
Катта ёшдаги болаларда
- Яшил маҳсулотларни истеъмол қилиш.
- Турли дори-дармонларни ёки витаминларни қабул қилиш.
- Диарея бўлиши ёки ошқон бузилиши ахлатнинг яшил тусда бўлишига олиб келиши мумкин.
ААП маълумотларига кўра, яшил нажас жиддий ташвишланишга сабаб бўла олмайди. Бироқ, нажас яшил, маълум бир шаклга эга бўлмай, суюқ бўлса ва тез-тез ажралса, бундай ҳолат кўпинча, болада диарея бўлаётганлигидан далолат беради, бунда барча ёшдаги болаларга эътибор ва ғамхўрлик талаб қилинади. Чунки диарея болаларда сувсизланиш ҳамда бола ахлатида қон бўлиши сингари ташвишли ва ҳаёт учун хавфли бўлган ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Чақалоқларда яшил нажас бевосита ташвишланадиган ҳолат бўлмаса-да, диарея билан бирга келадиган яшил ахлат хавфлидир. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб диарея 5 ёшгача бўлган болалар ўлими сабаблари ичида етакчи касаллик ҳисобланади.
Қачон шифокорга кўриш керак?
Шу билан бир қаторда, она ёки бола парваришловчи учун ташвишланадиган ҳолатга сабаб бўла оладиган нажас кўринишлари ҳам мавжуд.
Агар фарзандингизнинг ахлати оқ, қизил (айниқса, ёрқин қизил) ёки қора тусда бўлса, дарҳол педиатрингизга мурожаат қилишингиз керак.
Ахлатнинг бундай рангларда бўлиши жиддий муаммо борлигини кўрсатмаслиги мумкин, аммо, бундай ҳолат шифокорингизга мурожаат қилишни ва унинг текширувини талаб қилади.
Огоҳлантириш белгилари
Агар чақалоқ ёки болада диарея ва қуйидаги аломатлардан бири бўлса, шифокорга мурожаат қилинг:
- сувсизланиш белгилари;
- бир кундан ортиқ қусиш;
- иситма 38,0 ºК дан юқори;
- овқатланишга қизиқишнинг йўқлиги.
