Агар чақалоқ ахлатида қон ёки тупурган, қайт қилиш ҳолатида оз миқдорда қон борлигини сезсангиз, сизда бунинг сабаби нимадалиги ва бундай ҳолатдан ташвишланиш керакми йўқми, деган савол пайдо бўлиши табиий ҳол.
Кўпгина чақалоқларда чақалоқлик даврида камида бир марта бўлсада, ахлатида қон кўриниши мумкин. Қабзият, кичик анал ёриқлари ва бошқа баъзи муаммолар чақалоқнинг ахлатида қон излари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Чақалоқ ахлатида қон бўлса… Нима қилиш керак?
Фарзандингиз ахлатида ўзгариш сезган кунингиздан бошлаб уни кузатиб боринг. Боланинг ахлатида қон пайдо бўлишига бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин, уларнинг баъзилари ташвишга сабаб бўлмайди, бошқалари эса тиббий ёрдам талаб қиладиган омиллар ҳисобланади.
Сизнинг кўрган нарсангиз қон деб тахмин қилишдан олдин, фарзандингиз яқинда қандай овқат истеъмол қилганлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Ёш болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими тўлақонли етук бўлмаганлиги сабабли улар истеъмол қилган овқат ҳазм бўлаётганда катталардагидек, сезиларли даражада ўзгаришга учрамайди.
Шунинг учун уларнинг нажасида камалакнинг ҳар қандай рангини, шу жумладан, лавлаги ва помидор каби сабзавотлар истеъмол қилганда нажас қизил рангда бўлишини ҳам кўришингиз мумкин.

Мисол учун, ахлатда майда қон томчилари ёриқлар борлигини, ахлат бўйлаб мармарланган қон эса бошқа турдаги муаммолар бор эканлигини кўрсатиши мумкин. Агар бола ахлатида қон пайдо бўлишда давом этаверса, шифокорга мурожаат қилинг ва бола нажасида нима кўраётганлигингизни унга тасвирлаб беринг.
Қонли ахлат сабаблари
Чақалоқ ахлатида қон пайдо бўлишининг бир нечта сабаблари бор. Улар қуйидагилар:
- Озиқ-овқатлар: помидор, лавлаги ёки озиқ-овқат бўёқлари каби баъзи озиқ -овқатлар боланинг ахлатида қизил чизиқлар ёки бўлакларга олиб келиши мумкин. Шундай қилиб, ёш оналар боланинг охирги истеъмол қилган овқатларига эътибор беришлари керак.
- Анал ёриқлар: бу чақалоқ ахлатида қон пайдо бўлишинг энг кенг тарқалган сабаларидан биридир.
- Озиқ-овқатга нисбатан аллергия: она сути таркибида ёки ундаги оқсилга нисбатан болада аллергия бўлиши мумкин, бу ҳолат аллергик колит деб аталади.
- Агар чақалоқда онасининг сутига нисбатан сезувчанлик юқори бўлса, бу йўғон ичак яллиғланишига олиб келиши мумкин ва бола ахлатида қон пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
- Ичак бузилиши: йўғон ичак шиллиқ қаватининг яллиғланиши ва ичакнинг бир қисми иккинчи қисмига ўтганда унда инвагинатсия пайдо бўлиши чақалоқ ахлатида қон пайдо бўлишига сабаб бўлади.
- Диарея: салмонелла, Э.коли, шигелла ёки бошқа бактериялар ичакларнинг шиллиқ қавати яллиғланишига олиб келиши мумкин, бу эса боланинг ахлатида майда қон томчиларинининг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, диарея кузатилган болада иситма, инжиқлик, овқатланишдан бош тортиш ва чақалоқларда хавфли сувсизланиш ҳолатини келтириб чиқариши ҳам мумкин.
- Онанинг қони: Эмизикли онанинг кўкрак сўрғичи ёрилган, оғриқли, ёки ундан қон оқаётган бўлса, бундай ҳолат чақалоқ соғлиги учун зарарли вазиятларни келтириб чиқармайди. Бироқ бу ҳолатни шифокор билан маслаҳатлашиб, бартараф этиш шарт.
Чақалоқ ахлатида қон бўлса, қачон шифокорга мурожаат қилиш керак?
Фарзандингизда қаттиқ қорин оғриғи бўлиб, у йиғлаётган бўлса, дарҳол шифокорингизга мурожаат қилинг.
Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар кузатилса ҳам шифокор билан боғланинг:
- Бола ахлатида кўп миқдорда қон бўлса;
- Нажас ранги қора ёки қатрон ранг кўринишида;
- Анус ёки тўғри ичакнинг шикастланиши бўлса;
- Нажасда қон борлигини икки мартадан кўп кўрган бўлсангиз;
- Фарзандингизда қон билан бирга, диарея ҳолати бўлса;
- Фарзандингиз 12 ҳафталикдан кичик бўлса.
Даволаш
Кўпинча, фарзандингиз билан боғлиқ ушбу муаммо, жуда қаттиқ ахлат массаси ичак деворларини таъсирлантириши туфайли бўлиши мумкин. Агар шундай бўлса, қон ахлатда доғ ёки узун чизиқ шаклида пайдо бўлади. Бу ҳолат одатда, тез тузаладиган ҳолат бўлиб, бунда шифокорингиз чақалоқ тўғри ичагини глитсеринли шам билан мойлашни, илиқ шўр сувли ҳаммом ёки стероидли малҳамларни ишлатишни тавсия қилиши мумкин.
Агар ахлатда қон пайдо бўлишига боланинг ич қотиши сабаб бўлса, парҳез усулини қўллаганингиз маъқул. Агар чақалоғингизда анал ёриғи бўлмаса, ташхис қўйилгандан сўнг, шифокорингиз фарзандингиз даволаниши учун керакли маслаҳатларни бериши мумкин.
