Ўсимликлар орасида ўзининг такрорланмас хусусиятлари билан одамни ҳайратда қолдираган турлар ниҳоятда бисёр. Ана шундай турлардан бири бу Амазонка викториясидир (ёки виктория регия) (Викториа амазоника).
Нилуфаргулдошлар оиласига мансуб ушбу ўсимлик ўзининг йирик кувачалари билан кўрган кишини ҳайратда қолдира олади. Ушбу ноёб ўсимликни 1832 йилда немис табиатшуноси Эдуард Пёппиг Амазонка дарёси бўйлаб Перу ва Бразилияга қилган сафари давомида кашф этади.
Виктория региянинг кашф этилиш тарихи
Ушбу ўсимликнинг кашф этилиш тарихи ҳам қизиқ. Эдуард Пёппиггача ҳам бу ўсимликни жуда кўп табиатшунос ва саёҳатчилар кўришган, ундан гербарий тайёрлашган, уни ўзларича номлашган, лекин турли сабабга кўра омад Пёппигга насиб қилди. Жумладан, франсуз табиатшуноси Алсид ДъОрбини бу ўсимликни 1827 йилда, немиш табиатшуноси Генке 1802 йилда учратган. Икки табиатшунос ҳам ўсимлик гербарийларини Жанубий Америкадан Европага Ботаника жамиятига юборган, лекин гербарийлар Европагача етиб бормаган. Яна бир франсуз табиатшуноси Бонплан 1819 йилда тайёрлаган гербарийлари эса эътиборсиз қолиб кетган.
Амазонка викторияси Бразилия ва Боливия ҳудудидан оқиб ўтувчи Амазонка дарёси ирмоқлари ва ўзанида учрайди. Бундан ташқари Кариб денгизига қуйиладиган Гаянадаги дарёларга ҳам учрайди. Виктория регия Гаянанинг миллий рамзи ҳисобланади, ушбу ўсимлик Гаяна гербида ҳам тасвирланган. Дарвиннинг замондоши Ж.Гукер Жанубий Американинг Тинч океани томонидаги қирғоқларида ушбу ўсимликнинг учрамаслигига у ерда дарё сувларининг ниҳоятда тез оқиши сабаб деб айтади.

Маҳаллий аҳоли бу ўсимликни апоной деб атайди. Уларнинг тилида бу қушлар учун това (сковородка) маъносини билдиради. Ҳақиқатдан ҳам викториянинг барглари ошхона жиҳозини ёдга солади.
Виктория региянинг тузилиши
Сув юзасидаги улкан баргларининг диаметри 2 метргача боради. Барг четлари тепа томонга қайрилган бўлади. Шундай бўлсада ёмғир пайтида барг юзасида сув тўпланмайди, у барг банди асосидаги тешик орқали оқиб кетади. Шу билан бирга барг юзаси ўткир ва узун майда тиканлар билан қопланган бўлиб, бу уни турли ўсимликхўр балиқлар ва ҳайвонлар ейишидан ҳимоя қилади. Барглари унинг юзасига бир текисда ёйилган 30-40 кг юкни бемалол кўтариб тура олади.
Унинг гуллари фақат тунда очилади, тонг отиши билан гултожибарглар ёпилиб, гул сув остига тушиб кетади.
Унинг жозибали барглари ва гуллари жуда кўпчилик ўсимликсеварларни ўзига жалб қилади. Шу боис уни турли оранжереяларда ўстириш йўлга қўйилган.