Галогенлар Менделеев кимёвий элементлар даврий жадвалининг VII а гуруҳчасини ташкил этувчи элементлар (улар бешта) учун қўлланадиган умумий номдир. Галогенлар туркумига хлор, фтор, бром, ёд ва астат элементлари киради. "Галоген" атамасини 1811-йилда олмон кимёгари И.Швейгер томонидан, ишқорий металлар билан бирикиб, туз ҳосил қиладиган хлор элементини аташ учун таклиф қилган эди. "Галоген" сўзи юнон тилидаги "туз туғдирувчи" маъносини билдиради. Лекин Швейгернинг таклифи умумеътироф этилмади ва таклифлигича қолиб кетди. Кейинроқ эса бу атама яна кун тартибига чиқди ва хлор ва унга ёндош элементларга қўйилган умумий гуруҳ номи сифатида фанга кириб келди.

Галогенларнинг барчаси - металлмаслардир. Лекин ёдда ва сунъий олинган астатда кучсиз металл хоссалари борлиги аниқланган. Галогенларни ўрганиш назарий ва амалий кимёнинг тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Элементларнинг табиий гуруҳлари ҳақидаги тушунча даврий қонунни кашф этишда катта аҳамиятга эга бўлди. Кислоталарнинг таркиби ва хоссалари, уларнинг кучи ва оксидлаш хусусиятларига оид ҳозирги тасаввурлар галогенларнинг кислородли ва водородли бирикмаларини ўрганиш туфайли шакллангандир.
Фтордан ёдга ўтишфа галогенлар баъзи хоссаларининг турлича ўзгаришларга асосланиб, рус олими Е.В.Бирон иккиламчи даврийлик ҳодисаси мавжудлигини аниқлади (масалан хлор кислородли бирикмаларнинг мустаҳкамлиги, фторнинг шундай бирикмаларининг мустаҳкамлигидан кучлироқдир; бромда бу хосса янада сусаяди ва ёдга борганда ортади).
Углеводородларнинг галогенли ҳосилалари кўпчилик органик моддаларни олишда жуда муҳим оралиқ маҳсулот бўлиб хизмат қилади. Ҳудди ана шулардан фойдаланиш ХIХ-асрда органик кимёнинг тараққий этишига катта туртки берган эди. Хлорлаш усули минерал ва рудалардан турли металларни ажратиб олишда кенг қўлланилади. Ёдидларни термик парчалаш йўли билан тозалик даражаси ниҳоятда юқори бўлган металлар олинади. Ҳозирги вақтда фтор кимёси мустақил илмий фаб сифатида ажралиб чиққан.
