Кўргазмалилик асосида ташкил этиладиган ботаника дарслари ўқувчилар томонидан яхши ўзлаштирилиши, билим, кўникма ва малаканинг юқори самарадорлик асосида ҳосил бўлиши билан ажралиб туради. Мамлакатимиз ҳудудида тубан ва юксак ўсимликларнинг 11 000 тури ўсади. Шулардан 4 500 тасини юксак ўсимликлар ташкил этади. Шунча ўсимлик турининг барчасини бир вилоят ёки туман ҳудудида учратиш анчайин мушкул иш эканлигини ҳисобга олсак, шу билан бирга, ўсимликларнинг мавсумий биоритмга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда ботаника дарсларида гербарий ва қуритилган ўсимликлардан фойдаланиш анчайин қулай эканлиги маълум бўлади.
Ботаника дарсларида, айниқса, ўсимликларнинг вегетатив органлари ва ўсимлик оилаларига бағишланган мавзуларда гербарийлардан фойдаланиш анча самарали ҳисобланади. Мавзуни мустаҳкамлаш чоғида Венн диаграммасидан фойдаланган ҳолда ўсимлик турларини ўзаро таққослаш жараёнида гербарийлардан фойдаланиш ўқувчиларни абстракт фикрлаш ва тахминий қарор қабул қилишдан кўра аниқ, маълумотларга асосланган ҳолда иш олиб боришларини таъминлайди. Шундай экан, аввало ўқувчиларни герберий тайёрлаш, уни сақлаш ва ишлатиш тартиб қиодалари билан таништириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Гербарий тарихи ҳақида қисқача
Гербарий сўзи лотинча “ҳербариум” сўзидан олинган бўлиб, “ўт, ўтли” деган маънони билдиради. Илк маротаба илмий асосда гербарийлар тайёрлаш 16 асрда Италияда пайдо бўлган. 1490-1556 йилларда яшаган италиялик врач ва ботаник Лука Гинни илк маротаба ўсимлик қисмларини китоблар орасига солиб қуритишни ва кейинчалик улар асосида ўсимликларнинг ботаник хусусиятларини ўрганишни таклиф этган, лекин у тайёрлаган гербарийлардан шу кунгача ҳеч қайси бири сақланиб қолмаган. Шундай бўлсада, у гербарий тайёрлаш методикасини ишлаб чиққан шахс сифатида ботаника тарихидан ўчмас жой олди.
Гербарий сўзини кенг ва тор маънода тушуниш мумкин. Тор маънода уни маълум тарзда ишланган, расмийлаштирилган ва қуритилган ўсимликлар коллексияси деб қаралса, кенг маънода уни илмий лаборатория ёки муассаса деб тушунилади. Чунки бундай илмий лаборатория ўз фаолиятида ана шундай коллексиялардан фойдаланиб иш кўради. Гербарий маълум талабга жавоб берадиган даражада йиғилган ва қуритилган бўлиши керак. Белгиланган талабга жавоб берадиган гербарий, яъни тўғри йиғилган, прессланган, қуритилган, расмийлаштирилган ўсимлик ҳақиқий гербарий ҳисобланади.
Гербарий йиғиш учун керакли асбоблар
Ўсимликни ковлаб олиш учун ҳар хил асбоблардан фойдаланилади. Улар экскурсияда олиб юриш учун қулай бўлиши керак. Умумий ковлагич сифатида эни 25-34 мм ли искана, диаметри 25-30 мм ва узунлиги 30-40 см келадиган трубадан тайёрланган ковлагичдан фойдаланиш мумкин. Ковлагич билан бирга йиғма пичоқ ҳамда махсус ток қайси бўлиши лозим. Улар ёрдамида тиканли ўсимликлар (маймунжон, наъматак ва бошқалар) ҳамда дарахтларнинг шохлари қирқилади. Уч томонида илмоғи бўлган таёқдан эса сув тубидаги ва юриб бўлмайдиган ботқоқликлардаги ўсимликларни йиғишда фойдаланилади. Йиғилган ўсимликлар қоғоз ёки газета солинган папкага жойланади.
Папкани пишиқ картон ёки фанердан ясаб олиш мумкин. У икки бўлакдан иборат бўлиб, ўлчами 42-44×30 см. Картон ёки фанер бўлакларини тасма бир-бирига тортиб туриши учун уларда тирқиш очилади. Папканинг иккинчи томонидан тасма ўтказилиб, уни елкага осиб юрилади. Папкага ковлагич ва ёрлиқларни солиб юриш учун қўшимча қўшимча чўнтаклар қилинса ҳам бўлади.

Гербарий учун ўсимлик йиғиш
Ўсимликлар йиғиш жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига тўлиқ амал қилиш зарур. Ўсимликни яхши билмаслик натижасида баъзи заҳарли ўсимликларга қўл урилганда тери куяди ёки барги истеъмол қилинганда заҳарланиш ҳодисаси кузатилади. Ўсимликларнинг гул чанги таъсирида баъзан аллергия рўй беради. Қўриқхоналар, ботаника боғлари ва шунга ўхшаш жойларда маъмурият рухсатисиз гербарий учун ўсимликлар йиғиш мумкин эмас. Гербарий учун синган, юлиб кетилган, чайналган, касалланган ва нимжон ўсимлик олинмайди. Гербарий учун йиғиладиган ўсимликнинг органлари – илдизи, барги, пояси, меваси, гул ва уруғлари бўлиши шарт. Ҳар хил типдаги дарахтлар учун новдалар барги билан, гуллаган новдалар мевалари ва қишловчи куртаклари билан йиғиб олинади. Бундан ташқари дарахтнинг асосий танасидан бир бўлак пўстлоқ ҳам олинса гербарий тўлиқ олинган ҳисобланади. Шундай қилиб, тўлиқ материалга эга бўлиш учун айни ўсимлик туридан ҳар хил мавсумий муддатларда такрор материал йиғиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Ўсимликларни пресслаш ва қуритиш
Ўсимликларни қуритиш учун зарур миқдорда қоғоз заҳира бўлиши керак. Шунингдек, варақ орасига қўйиладиган қоғоз ҳам талаб этилади. Бундай қоғоз прессдаги босимни ва сув намини шимиш учун хизмат қилади. Қоғоз сифатида юмшоқ, намат, 4-8 қаватли сукно ёки босма филтр қоғоздан фойдаланилади. Булардан ташқари пахта, лигниндан тайёрланган ёстиқчалар ҳам ишлатилади. Қоғознинг ўлчами монтировка учун ишлатиладиган ўлчамда бўлиши керак.
Ўсимликларни прессга жойлаш
Ўсимлик қуритилаётган вақтда эзилиб қолмаслиги учун улар тўғри прессланган бўлиши керак. Яхши прессланмаган ўсимлик узоқ сақланмайди, синиб, майдаланиб кетади. Пресслашнинг муваффақиятли чиқиши учун ўсимликни тўғри жойлаш, етарли қоғозлар қўйиш ва шнурни оптимал тарангликда тортиш керак. Ўсимлик прессга жойланаётганда, одатда у қуруқ қоғозга олинади. Бу вақтда ўсимликнинг букилиб қолган қисмлари текислаб қўйилади, бир-бирга тегиб турган ёки устма-уст тушиб қолган йирик барглар орасига гигроскопик қоғоз қўйилади.
Қуритиш усуллари
Бу иш нам тортиб қолган қоғозларни қуруқлари билан алмаштириб, шамоллатиш ва қиздириш орқали амалга оширилади. Статсионар прессларда одатда фақат қоғоз алмаштириш усулидан фойдаланилади. Гербарий сеткалари ёрдамида қуритиш анча қулай ҳисобланади. Бунда ҳар қайси сеткага 15-20 та ўсимлик жойланиб, уни шамоллатиш ва бир оз иситиш ҳам мумкин. Бу усулда қоғозлар алмаштирилмайди, балки ҳар куни ўсимликларни тескари жойлаш билан чекланилади. Бунда энг устидаги ўсимлик ўртага, ўртадагилар устига олинади. Қуритилган ўсимликлар эса прессдан олиниб алоҳида жойга қўйилади. Гербарий учун тайёр бўлган ўсимликни 2 усулда текшириб кўриш мумкин: биринчиси, тўла қуритилган ўсимликни бандидан ушлаб турганингизда, у тик туради ва эгилмайди, иккинчиси, ўсимликнинг кичик бир қисми синдириб кўрилганда у “қирс” деган товуш чиқаради.
Монтировка
Фойдаланиш учун йиғилган гербарий монтировка қилинади. Қуритилган ўсимлик оқ қоғозга тикилади ва ёрлиғи шу қоғозга бириктириб қўйилади. Бунинг учун 42×28 см ли ўлчамда қоғоз тайёрланади. Монтировка учун учи ўткир қайчи ва пинсетлар ишлатилади. Монтировкалашдан мақсад гербарийга шакл бериш, келгусида уни яхши сақлаш ва тўғри фойдаланиш учун қулайлик яратишдан иборат. Одатда гербарий узоқ муддат сақланади. Шунинг учун ҳам гербарий тайёрлашдан сифатли материаллардан фойдаланиш керак. Монтировка учун энг яхши ватман қоғози ва шунга ўхшаш юмшоқ қоғозлардан фойдаланиш мумкин. Ўсимликни қоғозга бириктиришнинг энг қулай усули 10-рақамли ғалтак ипи ёрдамида ўсимлик тана қисмини ва шохчаларини қоғозга тикиш ҳамда ингичка қисмларини энсиз қоғоз билан ёпиштиришдан иборат. Монтировкалашда скочлардан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Гербарий варақларига ёпиштириладиган ёрлиқларга қуйидаги маълумотлар ёзиб қўйилади:
1)ўсимликнинг маҳаллий номи, илмий номи ва у қайси оилага мансублиги; 2)ўсимлик ўсиб турган жой;
3)ўсимлик ўсиб турган муҳит;
4)ўсимлик йиғилган вақт;
5) ўсимликни йиғиб келган ўқувчининг исми ва фамиляси;
6)гербарийнинг тартиб рақами.
Гербарийларни сақлаш
Йиғилган гербарийлар ёғочдан ёки металдан тайёрланган махсус шкафда сақланади. Гербарий сақланадиган шкафнинг катаклари 48х23х18 см ўлчамда бўлиши керак. Хона ҳарорати 16-18 градусдан, нисбий намлик 40% дан ошмаслиги керак. Зараркунанда ҳашаротларга қарши кураш мақсадида реппелентлар деб аталувчи моддалардан фойдаланилади. Гербарий сақланаётган шкафга инсон учун хавфсиз бўлган нафталин, техник камфора ва хўжаликда ишлатиладиган антимол кабилар қўйилади. Ҳар бир шкаф катакларига йилига бир марта 1-2 г нафталин ёки 0,1-0,2 г камфора ташлаб қўйилади.
Гербарийлардан дарс жараёнида иложи борича максимал аниқликда фойдаланиш ҳар бир фан ўқитувчисининг касбий маҳоратига ва ижодкорлигига боғлиқ. Шундай экан, ўқувчиларни ботаника фанига юқори қизиқиш билан ундаги мавзуларни ўзлаштиришлари дарсда фойдаланиладиган дарс услублари билан бирга, гербарий каби кўргазмали қуроллардан фойдаланишга ҳам боғлиқ.
