Кўпчилик моддалар бир-бирида (газ-суюқлик, суюқлик-суюқлик, қаттиқ модда-газ, қаттиқ модда-суюқлик) тарқалади. Тарқалиш натижасида гетероген ёки гомоген системалар ҳосил бўлади.
Бир модда ичида (муҳитида) иккинчи модданинг жуда кичик заррачалар (бўлакчалар) ҳолида тарқалиши (дисперсланиши)дан ҳосил бўлган микрогетероген системалар дисперс системалар дейилади (дисперсус тарқалган, сочилган, майдаланган деган маънони билдиради). Ҳар қандай дисперс, система дисперсион муҳитдан ва унда тарқалган модда заррачалари дисперс фазадан иборат бўлади. Дисперс системалар бир-биридан дисперсион муҳит ва дисперс фазанинг агрегат ҳолати, заррачаларнинг ўлчами (катта-кичиклиги), яъни дисперслик даражаси билан фарқ қилади.
Дисперслик даражасига кўра: дағал дисперс системалар (r=10-3 см) мавжуд. Бундай системалар суспензиялар (дисперс муҳит- суюқлик, дисперс фаза-қаттиқ модда заррачалари) лойқа сув; унинг сувдаги аралашмаси, эмульсиялар (дисперс фаза ва дисперс муҳит-суюқлик) — бўёқлар, сут каби аралашмалар киради. Бу дисперс нотурғун системалар бўлиб, вақт ўтиши билан бузилади. Масалан, лойқа сув маълум вақт тинч турса тинади, яъни тупроқ заррачалари чўкади. Бу системаларга чанг (қаттиқ модда — дисперс фаза, ҳаво дисперсион муҳит); кўпиклар (дисперсион муҳит-суюқлик, дисперс фаза- газ); туман (дисперс фаза-суюқлик-(сув), дисперсион муҳит-ҳаво) ҳам киради.
Дисперс системаларнинг агрегат ҳолатларига кўра синфларга бўлиниши
| Дисперсион муҳит | Дисперс фаза | Шартли белгиси Дис. фаза/дис. муҳит | Номи ва мисоллар |
| Қаттиқ | Қаттиқ | Қ/қ | Қаттиқ гетероген системалар: минераллар, бетон, қотишмалар, ситаллар, композицион материаллар |
| —»— | Суюқ | С/қ | Капилляр системалар: ғовак жисмга сингиган суюқликлар, тупроққа ютилган намлик |
| —»— | Г азсимон моддалар | Г/қ | Ғовак сиртга эга қаттиқ моддалар: газсимон муҳитдаги адсорбент ва катализаториар |
| Суюқ | Қаттиқ | Қ/с | Суспензия ва золлар: саноат суспензиялари, пулпа, лойқа, пасталар, ивиглар |
| —»— | Суюқ | С/с | Эмульсия: нефть, Кремльар, сут, маёнез, суюқ бўёглар |
| —»— | Газсимон моддалар | Г/с | Кўпиклар: флотацион, ёнғинга қарши, совун кўпиклари |
| Газ | Қаттиқ | Қ/г | Аэрозоллар: чанг, тутун, кукунсимон моддалар (ун, кофе, какао…) |
| —»— | Суюқ | С/г | Аэрозоллар: туман, булут, дезодорантлар |
| —»— | Газсимон модда | Г/г | Дисперс система ҳосил бўлмайди |
Нозик дисперс системалар ёки коллоид эритмалар
r=10-7-10-5 см ёки 0,1-10,0 мкм коллоид эритмаларни «золлар» ҳам дейилади. Коллоид эритмалар дағал дисперс системаларга нисбатан барқарордир. Уларга қоғоз елими (K₂SiО3 ёки Nа2SiО3 нинг сувли аралашмаси — «суюқ шиша»), AgI, Fe(OH)3, As₂S3 — золлари мисол бўлади. Коллоид эритмадаги заррачалар мураккаб таркибли бўлиб, бу заррачалар «мицеллалар» дейилади. KI ва AgNO3 тузлари эритмалари аралашувидан ҳосил бўлган АгИ золини қуйидагича тасаввур этиш мумкин.

Мицелланинг зарядига кўра золларни «гидрофиль зол» (мусбат коллоид) ва «гидрофоб зол» (манфий коллоид)га бўлинади. Буларга мисоллар сифатида Fe₂O3 нинг гидрофиль золи — {[xFe2O3]•yH₂O•z{Fe3+•Cl—} ва As₂S3 нинг гидрофоб золи [xAs2S3•zHS•zH+} ни кўрсатиш мумкин. «Гидрофиль» «сувни ёқтиради» (сув билан таъсирлашади); «гидрофоб» — «сувни ёқтирмайди» (сув билан таъсирлашмайди), деган маънони билдиради.
Кўпчилик юқори молекуляр бирикмалар (оқсиллар, масалан, тухум оқсили)нинг эритмаларида улар заррачаларининг ўлчамлари катта бўлганлиги учун бу моддаларнинг эритмаларини ҳам коллоид эритмаларга киритилади. Умуман, кимё фанининг коллоид эритмаларнинг олиниши, хоссалари ва ишлатилишини ўрганувчи бўлими мавжуд бўлиб, уни «коллоид кимёси» дейилади ва махсус ўрганилади.
Ўта нозик дисперс системалар. Бу системаларда заррача радиуси r<10-8 см бўлиб, модда ион ёки молекула ҳолида дисперсион муҳитда тарқалган бўлади. Бу системалардаги заррачаларни ҳатто микроскоп ёрдамида ҳам кўриб бўлмайди. Ўта нозик дисперс системаларни чин (ҳақиқий) эритмалар деб ҳам айтилади.
Чин эритмалар
Кўпчилик кимёвий оʻзгаришлар, шу жумладан, технологик жараёнлар эритмаларда кечади. Хомашё ва маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, кимёвий жараёнлар механизмини тўлиқ ўрганиш, моддаларни синтез қилиш, уларнинг хосса ва тузилишларини аниқлаш учун энг кўп қўлланиладиган системаларчин эритмалардир.
Эритма икки ёки ундан ортиқ компонент (таркибий қисм) дан иборат бўлган гомоген системадир. Эритмалар уларни ташкил қилувчи моддаларнинг агрегат ҳолатига кўра қаттиқ, суюқ, газсимон ҳолатларда бўлади. Қаттиқ эритмалар булар, кристаллогидратлари металларнинг турли таркибга эга боʻлган қотишмалари (пўлат, чўян, дюралюминий, бронза, латун) ва тузларнинг ёки оксидларнинг «аралашмаси» — шишалардир.
Газсимон эритмаларга ҳаво (азот, кислород ва бошқа газлардан иборат) табиий газ ва бошқа газларнинг аралашмалари киради. Қаттиқ ва газсимон эритмаларда қайси компонентнинг миқдори кўп бўлса, шу компонент эритувчи ҳисобланади. Масалан: чўян — углерод (4%) нинг темир (96%) даги эритмаси бўлса, ҳаво азотдаги (78%) кислород (21%) ва бошқа газларнинг эритмаси бўлади.
Энг кўп ўрганиладиган ва кўп учрайдиган эритмалар суюқ эритмалардир. Суюқ эритмалар — асослар, кислоталар, тузлар ва органик моддаларнинг сув ёки бошқа суюқ моддаларда эришидан ҳосил бўлган системалардир. Шу сабабли, эритмалар қаторига кўпчилик суюқликлар (сув-спирт, спирт-эфир, бензол- эфир, ацетон-сув, ацетон-спирт, бензол-бензин ва ҳоказо) нинг оʻзаро аралашмаларини киритиш мумкин. Суюқ эритмаларда эритма ҳосил боʻлиш жараёнида агрегат ҳолатини ўзгартирмайдиган компонент эритувчи дейилади.
Шунга коʻра, сув билан спиртнинг аралашувидан ҳосил боʻлган: 40% ли спирт эритмаси — спиртнинг сувдаги (60%) эритмаси бўлса, 96% ли аралашмаси — сувнинг (4%) спиртдаги (96%) эритмаси деб тушунилиши керак. Масалан: сувда ош тузи эриганда (миқдоридан қатъий назар) ош тузи кристаллари сув таъсирида кристалл ҳолатини ёъқотади, сув эса суюқ ҳолича қолаверади. Шунинг учун бундай эритмаларнинг барчасида сув эритувчи бўлади. Агар суюқликларнинг ўзаро аралашувидан ҳосил бўлган эритмалар бўлса, миқдори кўп бўлган суюқлик эритувчи ҳисобланади.
