Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Ботаника

Дунёдаги энг кичик гул нима

Бир уруғ паллали ўсимлилар синфи кучаладошлар (Арасеае) оиласи Волфия туркумига мансуб ўсимликлар дунёдаги энг кичик гулли ўсимлик бўлиб, ўз-ўзидан уларнинг гуллари ҳам дунёдаги энг кичик гул ҳисобланади. Айни вақтда волфиянинг Ер юзида 11 тури мавжуд. Туркумнинг номи немис ботаниги ва энтомологи Ёхан Волф шарафига аталган.

Волфиялар сув юзасида сузиб юрувчи яшил, сарғиш-яшил эллипс шаклидаги диаметри 1 мм келадиган плантинкалардан иборат ўсимликлардир. Уларнинг илдизи йўқ. Бир дона ўсимликнинг массаси 150 микрограмм келади. Волфиялар ўз таркибида кўп миқдорда оқсил моддасини сақлаши билан дуккаклиларга тенг келади. Шу боис уларни аквариумда балиқлар озуқаси учун кўпайтириш кенг йўлга қўйилган. Қуруқ массасида 44% углевод, 20% оқсил, 5% ёғ, витаминлардан А, Б2, Б6, К ва ПП мавжуд. Волфияларни нафақат балиқлар балки одамлар ҳам истеъмол қилади.

Вакиллари

Энг кенг тарқалган машҳур турлари билан танишиб ўтамиз:

Илдизсиз волфия (Волффиа аррҳиза) – жуда ҳам кичик ўсимлик. У дунёдаги энг кичик гулли ўсимлик сифатида тан олинган. Европа, Африка ва Осиёнинг кўпгина қисмларида табиий ҳолда тарқалган. Бугунги кунга келиб эса бутун дунёда уни маданийлаштириб улгуришган. У тинч оқадиган ёки оқмайдиган сув ҳавзаларида учрайди. Унинг диаметри 1 мм келадиган шарсимон пластинкаси сув юзасида сузиб юради. Пластинкада бир неча қатор барг оғизчалари жойлашган.

Илдизи йўқ. Унинг жуда ҳам майда гулида атиги битта чангчи ва битта уруғчи мавжуд. У вегетатив усулда жуда тез кўпаяди. Сув ҳарорати пастлаган вақтда у ўсиш ва кўпайишдан тўхтайди, сув тубига тушиб турион (турион – сув ўсимликларининг қишлаш учун ҳосил қиладиган махсус куртаги) бўлиб қишлайди. Ўсимлик миксотроф усулда озиқланади, яъни фотосинтез жараёнида ўзи учун озуқа синтезлайди ёки яшаётган сув муҳитидан эриган углеродни сўриб олади.

Илдизсиз волфия ниҳоятда тўйимли озуқа ҳисобланади. Унинг қуруқ массасида 40 фоизгача оқсил бўлади, турионлари таркибида эса 40 фоизгача крахмал учрайди. Уни Мямма, Лаос, Таиландда анчадан бери арзон озуқа сифатида ишлатиб келишади. Бундан ташқари илдизсиз волфиядан қишлоқ хўжалигида кенг мақсадларда фойдаланилади. Масалан, уни креветка боқилаган ҳовузларда кўпайтирганда улар креветга ахлатларини ўзлаштириб ҳовузни ифлосланишдан сақлайди, шу билан бирга сувдаги азот ва фосфорни фаол ўзлаштириши ҳисобига жуда тез ўсади. Қолаверса ушбу волфияни карп, тиляпия балиқлари боқиладиган ҳовузларда кўпайтириш орқали балиқларни жуда тез семиртиришга эришиш мумкин.

Шарсимон волфия (Волффиа глобоса). Уни илк маротаба инглиз ботаниги Уилям Роксбер Лемна глобоса номи остида фанга киритган, кейинчалик 1970-йилда ботаниклар Корнелис ден Хартог ва Ф. ван дер Плас томонидан унинг волфия туркумига кириши қайта ўрнатилди. Шарсимон волфия ҳам худди илдизсиз волфия каби дунёнинг энг кичик гулли ўсимлиги ўрни учун рақобат қилади. Лекин шарсимон волфия пластинкаси айрим ҳолатларда 1,5 мм гача ўсади.

Осиёнинг тропик ва субтропик минтақасидаги сув ҳавзаларида табиий ҳолатда ўсади. Шу билан бирга Шимолий ва жанубий Америкага минтақасига иқлимлаштирилган. Кўл, дарё, сув ҳавзаларининг қирғоқларида колония ҳосил қилиб ўсади. Иссиқ иқлим минтақаларини хуш кўради. Ушбу ўсимлик Таиланднинг Исан провинсиясида тай ошхонасининг энг машҳур таомларидан бири ҳисобланади.