Тирик табиатнинг энг ажойиб мўжизаларидан бири бўлган қушлар ичида жаннат қушлари (Парадисаеидае) деб номланувчи чумчуқсимонлар туркумига мансуб қушлар оиласи мавжуд. Сиз улар ҳақида оз бўлса ҳам маълумотга эгасиз. Бугун ушбу қушлар ҳақида бироз батафсил танишиб чиқамиз.

Ушбу оилага мансуб қушларнинг нарларида жинсий диморфизм кучли ривожланган бўлиб, ушбу қушлар ўзларининг ниҳоятда чиройли ва турли рангдаги патлари, овози, бошидаги тожлари билан мода қушлардан кескин фарқланиб туради. Гилл Ф. ва Донскер Д. томонидан ташкил этилган Халқаро қушлар рўйхати каталогининг 2018 йилги жадвалида ушбу қушларнинг айни вақтда ер юзида 16 уруғга мансуб 43 тури мавжуд эканлиги ҳақида ёзилган. Ушбу турларнинг 38 тури фақатгина Янги Гвинея оролларида учрайди.
Вакиллари
Ушбу оиланинг энг кичик вакили қирол жаннат қуши (Сисиннурус региус) бўлиб, унинг узунлиги 15 см, оғирлиги 50 г атрофида бўлади. Энг йирик вакили жимжимадор монукодиянинг (Манукодиа комрии) узунлиги эса 44 см ни, оғирлиги 430 г ни ташкил этади. Бу турларнинг иккиси ҳам ТМХИ рўйхатига киритилган.


Диморф турларда урғочиларининг деярли барчасида патларнинг ранги кулранг рангда бўлиб, нарлардан фарқли равишда кўзга ташланмайди. Ёш нар қушлар етти йилда вояга етади, мана шу давргача уларнинг аксарияти мода қушларники каби патларга эга бўлади, вояга етгач эса турли рангли патлар билан алмашинади. Бу эса уларни вояга етгунча йиртқичлар кўзидан панада бўлишига ёрдам беради.
Жаннат қушлари озуқасининг асосини турли мевалар, бўғимоёқли умуртқасизлар ташкил этади, айрим турлари эса гул нектари, кичик умуртқалилар билан озиқланади.
Жаннат қушларининг энг эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг нарлари кўпайиш мавсумида мода қушлар эътиборини жалб қилиш учун турли рақслар ва куйларни ижро этишади. Мода қушлар эса нар қушнинг рақси ва овозига қараб ўзига жуфт танлайди. Йирик вакиллари одатда битта, майда вакиллари эса 2-3 та тухум қўяди. 16-22 кунда тухумдан чиққан ёш жўжалар уяни бир ойдан сўнг тарк этади.
Чарлз Дарвиннинг дўсти Алфред Рассел Уоллес 6 йил давомида Австралия зоогеографик ҳудудида яшаб, ўрганганлари натижасида ўзининг машҳур “Малай архипелаги” (1869) номли асарини ёзади ва унда жаннат қушлари ҳақида жуда кўп маълумотларни келтириб ўтади.
Жаннат қушларининг патлари ниҳоятда чиройли бўлгани учун уларни қадимдан овлашга бўлган қизиқиш катта бўлган. Бу ўз навбатида қушларнинг тур ва индивид сони камайишига, улар яшайдиган ҳудудлар майдони кескин қисқариб кетишига олиб келди. Ҳозирда жаннат қушларининг кўпгина турлари Халқаро Қизил китобга киритилган бўлиб, уларни овлаш тақиқланади.
