Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Зоология

Йиртқич балиқ – пираня

Харатсисимон (Чарасиформес) балиқлар туркумига оид пираня оиласига дунё бўйича 97 тур балиқ кириб, уларнинг деярли барчаси Жанубий Америка қитъасида тарқалган. Айрим турлари аквариумларда боқилади. Бошқа балиқ оилаларидан ўзларининг ўткир жағлари мавжудлиги билан фарқланиб туради.

Пираняларнинг ўлчами 15 см дан (оддий пираня) 108 см гача (қўнғир паку) бўлади. Жағларининг тузилиши ўз ўлжаси танасидан катта гўшт бўлагини тишлаб узиб олиш имконини беради. Одатда ўлжага жамоа бўлиб ташланадилар. Табиатдаги озуқалари эса ўсимлик уруғлари, мевалар, барглар, баъзан эса умуртқасиз айрим умуртқали ҳайвонлар ҳисобланади.

Тузилиши

Тишларининг тузилиши учбурчак шаклида бўлиб, узунлиги 4-5 мм келади. Юқорида жағдан чиққан тишлар пастки жағ тишларининг оралиқларини тўлдиради. Жағлар ёпилганда устарадек ўткир тишлар унинг орасидаги нарсани шартта қирқиб олади ёки балиқ ўлжасига ташланганда унинг танасидан қалингина қисмини тишлаб узиб олади. Йирик пиранялар одам бармоғини бир урунишда тишлаб узиб олиши мумкин.

Ушбу балиқларнинг бу қадар кучли тишлаши, уларнинг жағларида жойлашган ўзига хос мускул комплексига боғлиқдир. Ушбу мускуллар пастки жағни юқори жағ билан бевосита мустаҳкам боғлайди. Пираняларнинг озуқа спектри уларнинг тиш тузилишига бевосита боғлиқ.

Машҳур табиатшунос Алфред Брем пиранялар ҳақида қуйидагича ёзади: “Ебтўймас пираняларни дарёнинг гиеналари деб аташ мумкин, чунки уларнинг ҳудудида пайдо бўлиб қолган ҳар қандай йирик ҳайвонга ҳам ташланадилар, ҳатто ўзларидан 10 баробар катта балиққа ҳам тап тортмасдан ташланадилар. Баъзан эса тимсоҳлар ҳам бундай балиқлар тўдасидан “оёғини қўлига олиб” қочиб қолади. Уларнинг йиртқичлиги шу даражага етадики, ҳатто ўзларининг ярадор шерикларини ҳам аяб ўтирмайдилар. Пираняларнинг тишлари жуда ўткир ва мустаҳкам. Уларнинг тишлари қаттиқ дарахт ёғочидан қилинган чўпни ҳам бир зумда парчалаб ташлайди. Қалин балиқ илмоқлари ҳам пираня тишларининг кучига бас кела олмайди”.

Шундай йиртқич бўлишига қарамасдан бундай балиқларнинг ҳам табиий душманлари мавжуд. Амазонка дарёсида яшовчи делфинларда амазонка инияси ва қора кайман пиранялар билан озиқланади.

Пиранялар бошқа балиқлардан фарқли равишда ўзига хос овоз чиқариш хусусиятига эга. Ўлжага яқинлашганда отнинг кишнашига ўхшаш овоз чиқариб ташланишади. Бошқа пираняга яқинлашганда эса қарғанинг қағғиллашига ўхшаш овоз билан бир-бирини огоҳлантиради.

Пираня сўзи гуарини тилидаги икки ўзакдан келиб чиққан бўлиб, “пира” – балиқ, “аниа” – баджаҳл, яъни баджаҳл балиқ деган маънони билдиради.

Пираняларнинг ер қатламларидан топилган тошга айланган намуналари камдан кам учрайди. Унинг барчага маълум намуналари Кайназой эраси Неоген даври Миотсен бўлидан топилган бўлса, Плиотсен бўлимидан топилган намуналари ҳали бироз мунозарали, шу билан бирга айрим палеонтологлар пираняларнинг айрим вакиллари қолдиқларини қуйи ва юқори Бўр даври ётқизиқларидан ҳам топганлар.