Илмий-оммабоп асарлар ёзувчиси Билл Брайсон шундай ёзади: "Элементар зарралар физикасида Коинот сир-асрорларини ўрганиш жуда осон: олимлар заррачаларни бир-бири билан тўқнашишга мажбур қилишади ва оқибатда нима юз беришини кузатишади. Соддароқ қуйидагича ўхшатиш келтириш мумкин: иккита одам бир-бирга Швейсариянинг ўта аниқ юрадиган механик соатларини отиб юборади. Соатлар албатта ерга тушиб, ёки деворга урилиб чил-чил бўлади. Кейин улар соат парчаларини йиғиб олиб, аслида бу соатлар қандай ишлаган экан? - деб қизиқиб ўтиришади".
Женева яқинидаги Европа Ядро Тадқиқотлари Институти (КЕРН) томонидан қуриб ишга туширилган Катта адрон коллайдери (Ларге Ҳадрон Коллидер - ЛҲК) моҳиятига кўра заррачаларни энг юксак энергия кўрсаткичларигача тезлатиш имконини берадиган, жаҳондаги энг катта тезлаткичдир. У ўзаро қарама-қарши келиб тўқнашадиган протонлар оқимига юксак энергияли тезланиш берадиган қилиб лойиҳаланган. Адрон коллайдери дейилишига сабаб, ушбу тезлаткичда элементар зарраларнинг адронлар синфига мансуб бўлган ва кучли ядровий ўзаро таъсирларда иштирок этадиган заррачалар устида тажрибалар ўтказилади.
Улкан қувватли электромагнит кучларнинг таъсири остида протонлар коллайдер ҳалқаси бўйлаб, ички вакуум каналида шиддат билан айланади. Айланишларнинг ҳар бирида протонларнинг энергияси борган сари яна ва яна ортиб боради. Катта адрон коллайдери магнитларида ўта ўтказгичлардан фойдаланилади. Уларни ишлатиш жараёнида эса катта термодинамик амалиёт бажариш керак бўлади. Яъни ўта ўтказгич хоссаларидан фойдаланилганда фавқулодда қизиб кетиши туфайли магнитларни суюқ гелий билан тўхтовсиз совитиб турилади. ўта ўтказгич ҳолатидаги материалларда электр қаршилик деярли нолга тенглашади.

Катта адрон коллайдер ҳалқаси Франсия ва Швейсария давлатлари чегарасида жойлашган бўлиб, унинг айлана узунлиги 27 км ни ташкил қилади. Ушбу улкан илмий қурилма Хиггс бозонини топиш ва ўрганиш мақсадларида қурилган. Хиггс бозони фанда шунингдек "Тангри заррачаси" деб ҳам юритилади. Ядро физикасидан маълумки, айнан Хиггс бозони билан ўзаро таъсир орқали бошқа субатом заррачалар массага эга бўлади. ЛҲК да шунингдек суперсимметрия орқали башорат қилинаётган бошқа заррачалар, масалан, оддий заррачаларнинг нисбатан оғир шериклари, хусусан, электронларнинг йўлдоши - селектронларни аниқлаш эҳтимоли ҳам катта. Бундан ташқари, олимларнинг режасига кўра, ЛҲК воситасида бизга маълум уч фазовий замон-макон ўлчамларидан ташқари бошқа ўлчамларни ҳам очилиши кутилмоқда.
Назарий қарашларга кўра, ЛҲК вакуум ҳалқасида икки қарама-қарши протонлар оқимининг тўқаншувидан кейин, Улкан Портлаш орқали Коинот шаклланган шароитга ўхшаш шароит юзага келар эмиш. ЛҲК ишида кўплаб мамлакатлардан юзлаб олимлар иштирок этишмоқда. Улар йўналишларга кўра бир неча илмий гуруҳларга бўлинишган. Тўқнашув натижаларини аниқлаш ва тўқнашув маҳсулотларини ўрганиш учун олимлар махсус детекторлардан фойдаланишади. ЛҲК да илк протон-протон тўқнашуви 2009-йилда амалга оширилган.
Катта адрон коллайдер ишлаётган пайтда 180 МВт энергия истеъмол қилади. Унинг тезлаткичида протонлар умумий 14 ТеВ энергия билан ўзаро тўқнашади
