Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Зоология

Киви қуши ҳақида малумот

Кивилар (Аптерйх) – кўкрак тож суяксиз қушлар инфрасинфи, кивисимонлар туркумига мансуб ягона уруғи. Уларнинг ҳозирда 5 та тури мавжуд бўлиб, Янги Зеландиянинг эндемик турлари ҳисобланади.

Кивиларнинг ҳамма турида тўрт бармоқли кучли оёқлар ва учида бурун тешиги бўлган узун тумшуғи бор. Қанотлари ривожланмаган, думи йўқ. Патлари кўпроқ қалин жун қопламини ёдга солади. Ташқи кўринишидан бошқа қушлардан фарқ қилганлиги учун зоолог Уилям Кардер уни “фахрий сутемизувчи” деб атаган эди.

Филогенетик келиб чиқиши

Узоқ вақт давомида кивиларнинг энг яқин қариндошлари сифатида илгари Янги Зеландияда тарқалган ва ҳозирга келиб қирилиб кетган уча олмайдиган қуш – моа кўрилар эди. Аммо 2000-йилларда киви қушларининг тўлиқ митохондрия ДНК нуклеотидларини ўрганиш ва уни бошқа қушлар геноми билаб солиштириш асосида кивилар туяқуш, нанду ва моадан кўра эму ва казуарларга яқин эканлигини маълум бўлди.
Олимларнинг қайд этишларича ҳозирги кивиларнинг аждодлари Янги Зеландияга Австралазиядан 30 млн йил аввал ўтиб қолган. Лекин бу мигратсия моалардан анча кейин содир бўлган. Молекуляр тадқиқотларга кўра эса ушбу мигратсия 62 млн йил аввал, яъни Янги Зеландия Гондванадан ажралиб бўлганидан сўнг содир бўлган.

Классификатсияси

Айни вақтда кивиларнинг 5 та тури мавжуд:
Жанубий киви – Аптерйх аустралис
Шимолий қўнғир киви – Аптерйх мантелли
Катта кулранг киви – Аптерйх ҳаастии
Кичик кулранг киви – Аптерйх овении
Рови – Апретйх рови

Кивилар фақат Янги Зеландия оролида учрайди. Шимолий қўнғир киви Шимолий оролда, Жанубий, катта кулранг киви ва рови эса Жанубий оролда учрайди. Кичик кулранг киви фақатгина Капити оролида учрайди. У ердан уни бошқа бир қанча оролларга тарқатишган.

Ташқи тузилиши

Ўртача катталикдаги ушбу қушлар, ҳажман ўзимизнинг товуқлардек келади. Жинсий диморфизм ривожланган бўлиб, модалари нарларидан йирик бўлади. Оғирлиги 1,4 – 4 кг атрофида. Қанотлари редуксия учраган бўлиб, унинг 5 см атрофидаги ўсимтаси қолган холос, лекин у ҳам патлар ичида кўринмайди. Думи йўқ. Суяклари учадиган қушларникидан фарқли равишда ҳаво билан тўлмаган. Кўз ўткирлиги паст, асосан эшитиш ва ҳид билиш органи ривожланган. Тана ҳарорати 38℃ бўлиб, бу одатдаги қушларникидан паст, сутемизувчиларникига яқин.
Кивидан ўзига хос ҳид таралиб туради, бу эса Янги Зеландияда инвазив бўлган янги йиртқич ҳайвонлар уни ҳидидан жуда осонлик билан топиб олишига ёрдам беради.

Ҳаёт тарзи

Кивилар доимий нам, доимий яшил ўрмонларда яшайди. Уларнинг узун бармоқлари нам, ботқоқ тупроққа ботиб кетишнинг олдини олади. Улар 1 км. кв. майдонда 4-5 тадан учрайди. Одатда тунда фаол ҳаёт кечиради. Кундузи ерга қазиган уяларида яшириниб ётади. Катта кулранг кивининг уяси лабиринт каби бўлиб, унинг бир нечта чиқиш жойлари бўлади. Бошқа кивиларникида эса чикиш жойи битта бўлади. Бир ҳудудда кивининг 50 тагача уяси бўлиши мумкин, кивилар деярли ҳар куни уясини алмаштиради. Янги уя қазилганидан кейин киви унга бир неча ҳафтадан кейин киради. Бу вақт орасида уяда ўсимликлар ва йўсинлар ўсиб, уни кўздан пана қилади. Баъзда эса унинг ўзи уясини турли ўтлар ва бутоқлар билан яширади. Кундузи фақатгина хавф туғилганда уясини тарк этади.

Тунда анчагина агрессив бўладиган ушбу қушлар ўз ҳудудини рақибларидан кескин тарзда қўриқлайди. Бир кивининг майдони 2 гектардан 100 гектаргача (рови кивисида) бўлиши мумкин. Кучли оёқлар ва тумшуқ кивининг асосий ва хавфли қуроли бўлиб, ўзаро кураш ҳаттоки рақибнинг ўлими билан тугаши ҳам мумкин. Одатда кивилар орасида кураш камдан-кам ҳолатда рўй беради. Бошқа кивининг уяси ёки майдонини эгаллаб олиш одатда хўжайин киви ўлимидан кейин кузатилади. Кивилар ўз майдони кучли қичқириблар билан белгилаб боради. Бундай қичқириқларни тунда бир неча километрлардан  эшитиш мумкин. Кивиларни кўпчилик камҳаракат ва суст қушлар деб ўйлайди, аслида улар жуда фаол бўлиб, тунда ўз ҳудудидаги барча уяларини назорат қилиб чиқишга улгуради.

Озиқланиши

Кивилар одатда қуёш ботганидан ярим соат ўтиб овга чиқади. Улар асосан ҳашаротлар, моллускалар, чувалчанглар, ҳамда тўкилган резавор ва мевалар билан озиқланади. Улар ўлжасини ҳидидан топиб олади. Баъзан эса майда амфибия ва қисқичбақасимонларни ҳам истеъмол қилади.

Кўпайиши

Кивилар моногам қушлар бўлиб, жуфтлик 2-3 мавсум, баъзан эса умрининг охиригача сақланади. Никоҳ мавсуми одатда июн ойидан март ойигача давом этади. Уруғланганидан кейин она киви уясидаги дарахт идизлари остида битта (камдан кам ҳолларда иккита) оқ тухум қўяди. Танасига нисбатан тухум қўйиш бўйича киви барча қушларни ортда қолдиради. Унинг тухумлари 450 г келиб, бу она киви массасининг 1/4 қисмида тўғри келади. Тухумнинг ўлчами 120 х 80 мм бўлиб, таркибида бошқа қушларникига қараганда кўп сариқлик бўлади –  65% гача (бошқа қушларда 35-40%).

Тухум қўйиш вақтида она киви одатдагидан уч марта кўпроқ озиқланади. Тухум қўйишдан 2-3 кун олдин эса озиқланишдан тўхтайди. Тухумни одатда нар киви босиб ётади, фақатгина озиқланиш учун чиққан вақтида урғочи киви билан жой алмашади. Стюарт оролида учровчи кивилар жуфт бўлиб эмас, балки кичик гуруҳларда яшайди. Уларнинг тухумларини нар ва мода кивидан ташқари гуруҳнинг бошқа вакиллари ҳам босиб ётиши мумкин. Баъзида эса 25 кундан кейин мода киви яна бир тухум қўяди.
Тухумнинг инкубатсион даври 75 – 85 кунни ташкил этади. Тухумдан полапоннинг ёриб чиқишга 2-3 кун вақт кетади.

Ёш кивиларнинг ривожланиши

Тухумдан чиққан янги киви майин парлар билан эмас, балки патлар билан қопланган бўлади. Ташқи томондан катта кивининг кичик кўринишини эслатади. Ота-она кивилар одатда ёш кивига ғамхўрлик қилишлайди, уни тухумдан чиқиши биланоқ тарк этишади. Дастлабки 3 кунда ёш киви оёғида тура олмайди, озиқлана олмайди. Танасида заҳира озуқа ҳисобига оч қолмасдан туради. Бешинчи кундан бошлаб уясидан чиқишни бошлайди. иккинчи ҳафтага ўтганда эса мустақил озуқа излашга киришиб кетади.

Дастлабки олти ҳафта давомида ёш киви фақат кундузи ов қилади, ана ундан кейин тунги ҳаёт тарзига ўтади. Ёш кивилар ҳимоясиз қушлар бўлиб, ҳаётининг дастлабки олти ойида уларнинг 90% гача бўлган вакиллари нобуд бўлади, уларнигн 70% ини йиртқичлар еб кетади.
Кивилар нисбатан секин ўсади, 4-5 ёшида тўлиқ катта қуш ҳажмига етади. Нар қушлар 18 ойлигида, мода қушлар эса 2-3 ёшида жинсий жиҳатдан вояга етади. Тухум қўйиш эса одатда 4-5 ёшидан кейин рўй беради. Кивилар 50 – 60 йил умр кўради. 

Бошқа қушлардан фарқли равишда урғочи кивиларнинг иккала тухумдонлари баравар ишлайди. Улар ҳаёти давомида 100 тагача тухум қўяди.

Кивилар ҳаёти учун хавф даражаси

Кивиларнинг яшириниб ҳаёт кечириши уларни кундалик ҳаётда учратиш имконини қийинлаштиради.
Олимларнинг эътироф этишларича минг йил аввал Янги Зеландияда 12 млн атрофида киви бор эди, лекин 2004 йилга келиб уларнинг атиги 70000 дона вакили қолди. 1990-йилларгача кивилар популятсияси Янги Зеландияга Епропадан келиб қолган ит, мушук, ласка каби йиртқичлар туфайли ҳамда ўрмонларни мунтазам қисқариб бориши сабабидан ҳар йили 6% гача қисқариб борган. 

Кивилар популятсиясини муҳофаза қилиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, мавжуд гуруҳларини сақлаб қолиш мақсадида Янги Зеландия ҳукумати 1991-йилда махсус дастур (Киви Рековерй Программе) ишлаб чиқди. Дастурда кўзга тутилган кивиларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари туфайли уларнигн сони 5% дан (1991) 60% гача (1998) ошди. Дастурнинг иккинчи қисмида кивиларни тутқунликда кўпайтириш ва улар тарқалган ҳудудларда йиртқичлар сонини чеклаш ишлари кўзда тутилган. Кантербери университети профессори Жеймс Бриски 2010-йилда кивилар учун махсус дезодорант яратди. Кивилардан чиқадиган ўзига хос ҳид йиртқичларни жалб қилгани туфайли, улар йиртқичларга осонгина ем бўлар эди. Кивининг қанотларига сепилган махсус ишлаб чиқилган дезодорант унинг ҳидини йўқотишга ёрдам беради, бу эса йиртқич ҳайвонлар кивини осонгина топиб олишининг олдини олади.

Уларнинг учта тури – жанубий киви, катта ва кичик кулранг кивилар Халқаро Қизил китобга кам сонли ҳайвонлар мезонига асосида, янги кашф этилган шимолий қўнғир киви эса қирилиб кетиш хафви остидаги ҳайвонлар мезони асосида киритилган.