Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Зоология

Личинка нима ва личинкалар рўйхати

Личинка бу айрим метаморфоз орқали вояга етадиган ҳайвонларнинг яшаш сиклидаги бир давр бўлиб, одатда ташқи кўриниши жиҳатдан вояга етган вакилидан кескин фарқ қилади (масалан, капалаклар ва уларнинг қуртлари). Метаморфоз вақтида личинканинг органлар системасида кескин ўзгаришлар кузатилади. Личинкаларга хос бўлган яна бир муҳим хусусият уларнинг жинсий системаси ривожланмаган бўлади. Аммо айрим ҳайвон турларида неотения (личинкалик даврида кўпайиш хусусияти) ёки педогенез ҳолати кузатилади. Личинкалик давр асосан умуртқасизлардан: бўшлиқичлиларда, ҳалқали чувалчангларда, моллускалар, тўлиқ ўзгариш билан ривожланувчи ҳашаротларда, нинатерилиларда; умуртқалилардан: айрим балиқлар ва амфибияларда учрайди.

Личинкаларнинг яшаш муҳити одатда вояга етган вакиллариникидан фарқ қилади. Масалан, амфибияларнинг личинкалари – итбалиқлар фақатгина сувда яшайди, уларнинг вояга етган вакили бақалар эса қуруқликда ҳам бемалол яшай олади. Турли яшаш муҳитида яшаш туфайли личинкалар душмандан ҳимояланади ва вояга етган вакиллари билан улар орасида озуқа учун кураш ҳолати юзага келмайди. Личинкалар вояга етиш учун фаол тарзда ҳаракатланади ва озиқланади. Масалан, қисқичбақасимонларга мансуб мўйловоёқлилар деб номланган бўғимоёқли ҳайвонларнинг вояга етган вакиллари сув тубида муқим яшаса, уларнинг личинкалари фаол ҳаракатланиб озиқланади. Улар турнинг тарқалишини таъминлайди.

Шу билан бирга айрим ҳайвон турларида личинкаларнинг озиқланиши айнан вояга етган вакилларнинг фаолиятига чамбарчас боғлиқ. Масалан, ҳақиқий жамоа бўлиб яшовчи ҳашаротлар пардақанотлиларда личинкалар айнан вояга етган ишчи арилар томонидан озиқлантирилади. Ҳатто қоғоз ари (Ропалидиа маргината) деб номланувчи ҳашаротларнинг эркаклари ҳам личинкаларни боқишда иштирок этади.

Личинкалар рўйхати

Айрим личинкалар вояга етган вакиллардан озиқланиши, ҳаёт тарзи ва кўриниши билан кескин фарқ қилганлиги боис одатда алоҳида ном билан ҳам номланади. Айрим пайтларда уларни алоҳида ҳайвон деб ҳисоблаш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қуйида ана шундай личинкаси бошқача номланадиган бир нечта ҳайвонлар билан танишасиз:

Аксолотл – думли амфибиялардан бўлган амбистомаларнинг неотеник хусусиятли личинкаси;
Бипиннария – денгиз юлдузлари личинкасининг дастлабки ривожланиш даври;
Брахиолария – денгиз юлдузлари личинкасининг сўнгги ривожланиш даври;
Велигер – қориноёқли ва икки паллали моллускаларнинг пелагик личинкаси;
Глаукотое – қисқичбақасимонларнинг судралувчи личинкаси;
Глохидий – икки паллали моллускаларнинг личинкаси;
Итбалиқ – бақанинг личинкаси;
Коретра – қон сурувчи Чаоборидае оиласига мансуб чивинларнинг личинкаси;
Лептотсефал – угор балиғининг личинкаси;
Миратсидий – сўрғичлиларнинг личинчаси;
Наяда – ниначиларнинг личинкаси;
Нимфа – чала ўзгариш билан ривожланувчи бўгимоёқлилар личинкасининг тарихий номи;
Онкосфера – тасмасимон чувалчангларнинг олти илмоқли личинкаси;
Паренхимула – булутларнинг личинкаси;
Планула – бўшлиқичлиларнинг личинкаси;
Плутеус – нинатерилиларнинг личинкаси;
Протонимфон – денгиз ўргимчакларининг личинкаси;
Қурт – капалакларнинг личинкаси.