Даврий жадвалдаги барча элементларни шартли равишда «металлмас» ва «металлар«га бўлинади. Уларни бир-биридан ажратиш учун даврий жадвалдаги бериллий (Be) элементидан астат (At) га томон тўғри чизиқ (диагональ) оʻтказилса, чизиқнинг юқорисидаги барча асосий группача элементлари металлмасларни ва пастдаги элементлар металларни ташкил этади.
Атомларнинг электрон тузилишига кўра (s-металлмаслар) металлмаслар қаторига 2 та s-элемент H, ва He; қолганларига p- элементлар (p-металлмаслар) киради, уларнинг оʻзига хос хусусиятлари: газсимон, суюқ ёки кристалл ҳолатда бўлиши, иссиқликни ёмон ўтказиши, диэлектриклик, электроманфийлиги юқорилиги, оксидловчилик хоссаларининг қайтарувчилик хоссаларига нисбатан анча юқори бўлишидир.

Металлмаслар атомлари оʻзаро ва бир-бирлари билан ковалент боғланиш (H-H, CI-CI, H-F, N-H, H-O; S-Cl), металлар билан ион боғланиш (Na-Cl, K-F, Na-S, Ca-O, Al-H ва ҳ.к.) лар ҳосил қилади. Оксидлари асосан кислоталарни ҳосил қилади. Водородли бирикмалари газсимон (H2S, NH3, CH4, C2H6, C₂H₂, SiH4) ва суюқ (H₂O) ҳолатларда бўлиб, кўпчилигининг молекулалари оʻзаро водород боғланиш ҳосил қилади.
Металлмасларнинг даврларда тартиб рақами ортиб бориши билан уларнинг электронга мойиллиги ва электроманфийлиги, оксидловчилик хоссаси кучайиб боради. Группаларда аксинча тартиб рақами ортиши билан электронга мойиллиги, электроманфийлиги сусайиб боради ва қайтарувчилик хоссалари кучаяди.
Уларга оддий моддалар ҳолида турли аллотропик шаклларда мавжуд бўлиш хосдир. Металлмаслар оддий моддаларни ҳосил қилиб улар номолекуляр тузилишли (C, B, Si) ва молекуляр тузилишли (H2, N2, O2, F2, Cl2, Br2, J2, P4, S) бўладилар.
Номолекуляр тузилишли металлмаслар қаттиқ, атом кристалл панжарали моддалар боʻлиб, юқори суюқланиш температурасига эга боʻлади. Лекин бундан нодир газлар мустасно!
Молекуляр тузилишли металлмаслар газсимон, суюқ ва паст температурада суюқланувчан (ёки буғланувчан J₂) қаттиқ моддалардир. Улар асосан молекуляр кристалл панжаралар ҳосил
қиладилар.
Металлмасларнинг бундай хусусиятлар намоён қилишининг асосий сабаби улар атомлари ядроларининг таркиби ва электрон тузилишининг оʻзига хослигидир.
Оксидлари «бефарқ» индифферент (CO, N₂O, NO, SiO) ёки кислота хоссали бўлиб, уларда металлмаснинг оксидланиш даражаси ва даврларда тартиб рақами ортиши билан кислотанинг кучи ортади.
Масалан: HN+3O2 га нисбатан HN5+O3 кучли; H₂S+4 O3 га нисбатан H₂SO₄ кучли кислота ва H₂SiO3 га нисбатан H₂SO₄ кучли, H₂SO₄ га нисбатан HNO3 кучли кислоталардир. Группаларда бу хусусият тескари — тартиб рақами ортса, кислотанинг кучи камаяди: HNO3 ga нисбатан H3PO4 кучсиз, H₂SO₄ 3 га нисбатан H2SiO3 кучсиз ва ҳоказо.
Металлмаслар атомларининг (эркин ҳолатда ёки бирикмаларда) ташқи электрон қаватларида бир ёки бир нечта боғланишда иштирок эта оладиган (тақсимланмаган) электрон жуфтлар мавжуд бўлади.
Шу сабабли улар электронодонорлик (донор-аксептор боғланиш ҳосил қилиш) хоссаларига эга бўлиб, аксарият комплекс бирикмалар таркибида лигандлар вазифасини бажарадилар ва, шунингдек, водород боғланишларини ҳосил қиладилар.
