Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Кимё, Назарий, ноорганик кимё

Молекулалараро таъсир турлари

Молекулалар ўртасида ўзаро ориентатсион, индуксион, дисперсион ва донор-аксептор таъсир бўлиши мумкин.

Дисперсион таъсир

Маълумки, водород, азот, хлор ва инерт газлар маълум температурада газ ҳолатидан суюқ ҳолатга ўтади. Бунинг сабабини тушунтириш учун Лондон “ўзаро таъсирлашаётган молекулалар орасида дисперсион кучлар пайдо бўлади” деган тушунчани киритди. Бу кучлар ҳар қандай атом ва молекулалар ўртасида юзага келади ва уларнинг тузилишига боғлиқ эмас.

Бу кучларнинг пайдо бўИишига сабаб: молекулалар мусбат ва манфий зарядланган заррачалардан ташкил топганлиги туфайли жуда қисқа вақт яшаб турувчи “дипол” ҳосил бўлади. Ана шу диполларнинг келишилган бир вақтда содир қиладиган ўзаро таъсир тури — дисперсион таъсир дейилади.

Ориентатсион таъсир

Бу таъсир қутбланган молекулалар ўртасида рўй беради. Иссиқлик ҳаракати туфайли тартибсиз жойлашиб қолган қутбли заррачалар қарама-қарши зарядли томонлари билан бир-бирларига тортилиб, бир хил зарядли томонлари билан ўзаро итаришадилар. Бу таъсир “ориентатсион таъсир” дейилади. Молекула қанчалик қутбли бўлса, ориентатсион таъсир шунчалик кучли бўлади. Температура қанча юқори бўлса, ориентатсион таъсир шунчалик кучсизлашади ва аксинча.

Индукцион таъсир

Бу таъсир индуксирланган дипол моментли заррачалар ўртасида содир бўлади. Яъни қутбсиз ва қутбли молекулалар таъсирлашиб, қутбли молекула қутбсиз молекулани қутблантиради. Бу янги қутбли молекула доимий қутбли молекула билан ўзаро таъсирлашиб бир-бирига тортилади. Бу куч таъсирида қутбсиз молекула индукцияланган дипол моментига эга бўлиб қолади. Бу куч температурага деярли боғлиқ бўлмасдан, қутбли молекуланинг дипол моментига ва қутбсиз молекуланинг қутбланувчанлигига боғлиқ бўлади.

Атомларда электрон алмашинувисиз юзага келадиган молекулалараро таъсир кучлари Ван-дер-Ваалс кучлари дейилади. Юқоридаги барча таъсирлар ана шу кучлар қаторига киради. Ковалент боғланишга нисбатан Ван-дер-Ваалс таъсир кучсиздир. Масалан, Cl2 нинг диссотсиланиши учун 243 кЖ/мол энергия зарур бўлса, сиқилган газдан ҳосил бўлган Cl2 кристалларининг сублимацияси учун 24 кЖ/мол энергия керак, холос.