Нон дарахти ҳақида
Нон дарахти (Артокарпус алтилис) – тутдошлар оиласи артокарпус туркумига мансуб бир уйли ўсимлик. Ватани Янги Гвинея. Уни бутун дунёга инглиз ва франсуз саёҳатчилари 18 асрда таништирганлар. Айни вақтда нон дарахти 90 га яқин давлатда, жумладан Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёда, Тинч океани оролларида, Кариб ҳавзасида, Жанубий Америка ва Африкада ўстирилади. Унинг бундай аталишига асосий сабаб, нон дарахти меваларини хомлик вақтида пиширилганда, янги пиширилган нонга ўхшашидир. Таъми эса картошкани эслатади.
Нон дарахти етарлича баланд, бўйи 20-26 метрга етади, тез ўсади, ташқи кўринишида эманни эслатиб юборади. Айрим шохлари қалин, барглар билан қопланган майда бутоқлардан иборат, айримлари эса учи тўпбарг билан тугайдиган ингичка узун бўлади. Барглари ниҳоятда хилма-хил, ҳатто баъзи тупларининг ўзида ҳам яхлит, ҳам панжасимон ўйилган баргларни кўриш мумкин. Яшаш шароитига кўра доимий яшил ёки барг тўкувчи дарахт бўлиб ўсади.
Гуллари майда, яшил, кўримсиз. Чангчили гуллари узун тўпгулда жойлашган бўлиб, биринчи гуллайди; уруғчили гуллари йирик тўпгулда жойлашган бўлиб тўғнағич кўришида бўлади. Ҳайратланарли томони нон дарахти йирик кўршапалаклар (Птероподидае) томонидан чангланади. Чанглангандан сўнг уруғчи гуллардан аста-секин қуббасимон йирик қовун шаклида мевалар ҳосил бўла бошлайди. Мевалари хомлигида яшил рангда бўлиб, етилгач сариқ-жигарранг рангга киради. Диаметри 30 см гача, оғирлиги 3-4 кг гача боради. Меваси хом вақтида у қаттиқ бўлиб, унинг таркибида кўп миқдорда крахмалли, толали оқ мева эти бўлади. Меваси пишгач юмшаб, оқ ранг сариққа айланади ва таъми ширин бўлиб қолади. Дарахтнинг барча қисмида ёпишқоқ сутсимон латекс-шарбати мавжуд бўлади (аксарият тутдошларга хос хусусият).
Нон дарахтининг асосан икки хили учрайди: ёввойи вакили – унинг мевасида уруғлар бўлади; маданий вакили – унинг мевасида уруғлари бўлмайди. Маданий тупларида вақти-вақти билан етилган уруғлар учраб туради. Нон дарахти жуда ҳам серҳосил ўсимлик бўлиб, битта тупида бир йилда 150 тадан 700 тагача мева етилади. Тропик минтақаларда эса йил бўйи мева бериб туради. Одатда 9 ой мева беради, 3 ой “дам олади”. Тез ўсади, йиллик ўсиши 0,5 – 1 метрни ташкил этади. Қаламчасидан кўпайтирилади.

Қўлланилиши
Нон дарахти океанларидаги оролларда яшовчи аҳолининг асосий ва муҳим озуқа маҳсулоти ҳисобланади. Етилган меваларнинг этини нон сифатида ёпиш, қайнатиш, қуритиш, хомлигича истеъмол қилиш, турли пишириқлар тайёрлаш мумкин. Одатда хом мевалари сабзавот сифатида, пишган ширин мевалари эса меваси сифатида қўлланилади. Мевасида пўстлоғида латекс томчиларининг пайдо бўлиши унинг пишганлигини билдиради. Мева эти тез бузилгани учун маҳаллий аҳоли уни қуритиб сақлашади. Ушбу қурутилган мевалар бир неча йиллаб бузилмасдан сақланиши мумкин.
Меваси ниҳоятда тўйимли ҳисобланади. Мева таркибини 71 фоизини сув, 27 фоизини углеводлар, 1 фоизини оқсил ва жуда оз миқдорда ёғ ташкил этади. Мева витамин К (35%) ва витамин А (10%) бой.
