Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Ҳомиладорлик, Аёллар касалликлари

Овуляция белгилари: оғриқ, ажралмалар, ректал ҳарорат

Репродуктив саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир аёл овулятсия ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим. Ушбу мақола орқали овулятсия белгилари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтамиз.

ОВУЛЯЦИЯ — тухумдон фолликуласидан қорин бўшлиғига уруғланишга қодир бўлган, етук тухум ҳужайранинг чиқишидир Умуман олганда, ҳайз даврининг бир босқичи яъни тухумдон сикли ҳисобланади. Туғиш ёшидаги аёлларда овулятсия нормада ҳар 21-35 кунда содир бўлади.

Овулятсия частотаси нейрогуморал механизмлар, асосан гипофиз безининг гонадотропик гормонлари ва тухумдоннинг фолликуляр гормони билан тартибга солинади.

Овулятсия фазаси – организмнинг репродуктив саломатлиги нормада ишлаётганидан далолатдир. Бу фазанинг кечмаслиги организмда қандайдир муаммо борлигидан дарак беради. Юқорида таъкидлаганимиздек, саломатлигига бефарқ бўлмаган аёл овулятсия юз бераётганлигини кузатиб бориши лозим.

Ҳар бир аёл учун доимий бўлган овулятсия ритми абортдан кейин 3 ой ичида, туғруқдан кейинги бир йил ичида шунингдек, организм менопауза даврига тайёргарлик кўрган 40 ёшдан кейин ҳайз кўрмаслик ёки ҳайз кечкиши фонида ўзгаради.

Ҳомиладорликнинг бошланиши ва ҳайз кўриш функсияси буткул тугаганидан кейин овулятсия тўхтайди. Овулятсия вақтини билиш ҳомиладорликни режалаштириш, сунъий уруғлантириш ва ЭКУ учун энг самарали вақтни танлашда муҳим аҳамиятга эга.

Овулятсия белгилари

Овулятсиянинг субектив белгилари сифатида қориннинг пастки қисмида қисқа муддатли оғриқларни айтишимиз мумкин.

Овулятсиянинг обектив белгилари — бу қиндан шиллиқ ажралишининг кўпайиши, овулятсия кунида ректал (базал) ҳароратнинг пасайиши, эртаси куни унинг кўтарилиши, қон плазмасида прогестероннинг кўпайиши ва бошқалар.

Баъзи манбаларга кўра, ҳид ва таъм билишнинг ошиши, сут безлари сезгирлигининг кучайиши каби белгилар ҳам овулятсия белгилари ҳисобланади.

Бу аломатлар ҳомиладорликнинг белгиларига ўхшашлиги туфайли ҳайз сикли мунтазам бўлмаган аёлларнинг адашишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Асабларни тинчлантириш усуллари

Шуни эсда тутиш керакки, қориннинг пастки қисмидаги оғриқ кучли ва ўткир бўлса, бу жиддий касалликлар белгиси бўлиши мумкин. Ва бу ҳолатда шошилинч ёрдамга мурожаат қилиш лозим.

Ҳар қандай аломатлар ҳар доим ҳам овулятсиядан дарак бермаслиги мумкин, шунинг учун аниқ маълумот олиш учун овулятсияни аниқлашнинг бошқа усулларидан қўшимча равишда фойдаланган маъқул.

Қуйида юқорида санаб ўтган аломатлар ҳақида тўлиқроқ маълумот бериб ўтамиз.

Овулятсия ва оғриқ

Овулятсия кунлари қориннинг пастки қисмларида оғриқ кузатилиши мумкин, улар ҳайз кўришга боғлиқ қон кетиши билан боғлиқ бўлмаган ҳолда. 

Оғриқ қориннинг пастки марказий қисмида ёки доминант фолликуланинг қайси тухумдонда етилишига қараб, ўнгда/чапда бўлиши мумкин. Оғриқ кўпинча тортишувчи характерга эга. У қориннинг пастки қисмида енгил шиш ёки тўлиш ҳисси билан бирга келиши мумкин. 

Аввалига оғриқ озгина бўлсада, кейинги кунларда бироз кучайиши кузатилади. Ушбу оғриқлар овулятсиядан олдин аёл танасида биологик фаол моддалар — простагландинлар даражасининг ошиши билан боғлиқ. Простагландинлар фолликула девори ва тухумдонлар тўқимасини эритиб, тухум ҳужайранинг бачадон найчасига ўтишини таъминлайди. Бу жараёнда простагландинларнинг «ён таъсири» оғриқдир.

Оғриқнинг овулятсия билан боғлиқ эканлигини билиш ҳам мумкин аҳамиятга эга. Чунки, бошқа патологик сабаб туфайли юзага келган оғриқлар шошилинч ёрдам талаб қилиши мумкин.

  • Оғриқ 1-3 кун давом этиб, ўз-ўзидан ўтиб кетади.
  • Оғриқ бир неча сиклда такрорланади.
  • Бундай оғриқдан тахминан 14 кун ўтгач, кейинги ҳайз кўриш келади.

Овуляция пайтида оғриқ ўртача интенсивликда ва оғриқ қолдирувчи дорилар ичишни талаб қилмайди. Кучли оғриқлар эса, соғлик билан боғлиқ бирор муаммони кўрсатади. 

Агар кутилган овулятсия кунларида оғриқ кучли бўлса, сиз гинеколог билан боғланишингиз керак. Қориннинг пастки қисмидаги оғриқлар тана ҳароратининг кўтарилиши, генитал трактдан ажралмаларнинг кўпайиши, ажралма рангининг шаффоф, оқдан сариқ, яшил ранггача ўзгариши ёки қонли ажралмалар билан биргаликда кузатилиши жинсий аъзоларнинг патологик ҳолатидан далолат бериши мумкин. Бундай ҳолларда, албатта, гинекологга мурожаат қилиш шарт.

Шилимшиқ ажралмалар

Бачадон бўйиндаги безлар шилимшиқни ҳосил қилади. Одатда у бачадон бўйни каналини ёпиб, инфексияларнинг бачадонга ўтишига тўсқинлик қиладиган ҳақиқий тиқин ҳисобланади ва қалин бўлади. Бундай қалин шилимшиқда сперма ҳужайралари тезда ҳаракатчанлигини йўқотади. Натижада улар учун бачадон бўшлиғига кўтарилиш қийинчилик туғдиради. Аммо тухумдонда ўсадиган асосий (доминант) фолликул эстрадиол гормонини ишлаб чиқаради. 

Эстрадиол қанча кўп бўлса, сервикал суюқлик шунча кўпаяди ва суюқ бўлади. Овулятсия арафасида у тухум оқи сингари чўзилувчан бўлиб қолади. Баъзи аёлларда сиклнинг ўртасида бу шилимшиқ, шаффоф ажралма жуда сезилади. Баъзиларида эса, овулятсиядан бир неча кун олдин, баъзиларда фақат овулятсия куни ажралади. Бу индивидуал хусусиятдир.

Ректал ҳарорат

Базал тана ҳарорати — организм дам олганидаги ҳарорат ва унинг овулятсия вақтида бироз кўтарилиши кузатилади. Аёлнинг ректал тана ҳарорати бир қатор омилларга, шу жумладан гормонлар миқдорига богълиқ ҳолда ҳам ўзгаради.

Овуляциядан сўнг қонда прогестерон гормонининг миқдори ошади. Нормада ҳайз бошлангандан сўнг ўртача 2 ҳафта давомида (ҳайз сиклининг 1 фазасида) базал ҳарорат 37.0 °К даражадан ошмайди. Ҳайз сиклининг 2-фазаси бошланишидан олдин ҳарорат бироз пасайиб бирдан 0.4-0.5 °К погъонага кўтарилади. Айнан шу кўтарилиш овулятсия бўлиб ўтганидан далолат беради.

Кейинги ҳайз бошлангунича ҳарорат кўтарилган бўлиб туради, унинг пасайиши билан янги ҳайз сикли бошланади.