Бугун одамнинг марказий асаб тизими ҳақида сўз юритамиз. Бош мия мана шу тизимнинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Бош мия калла қутиси ичида жойлашган бўлиб, ўсиб борган сари унинг шаклига киради. Инсоннинг бош мия ўртача 100 млрд нейрондан ташкил топган бўлиб, у жигарда ишлаб чиқарилиб қон қуйилган глукозанинг 50% ини “истеъмол” қилади.
Бош мияни ташкил этаётган нейронлар ўзаро нерв импулсларини 270 км/соат тезликда узатади. Нейронларнинг сони кўпаймаслиги ҳақида барчамиз ўқиганмиз, лекин нейронлар инсон ҳаёти давомида ўсиб туради. Битта нейрон исталган энсиклопедиядаги маълумотлардан кўра беш баробар кўп маълумотни эслаб қола олади.
Мия ҳужайралари оксибионт ҳужайралар қаторига кириб, улар қон айланиш тизимига тушган кислороднинг 20% ини ишлатади. Шу билан бирга миянинг 80% ини сув ташкил этади, шу боисдан ҳам одам доимий равишда етарли миқдорда сув ичиб туришга эҳтиёж сезади.
Бош мия одам тана массасининг ўртача 2% ини ташкил этади. У ўртача 1000 – 2000 г оралиғида бўлиши мумкин. Дарсликларимизда одамнинг ақлий фаолияти унинг мия массасига боғлиқ эмас деб ёзилишига қарамасдан, кўплаб ўтказилган тадқиқотларда мия массаси ва ақлий қобилият, ўзлаштириш орасида ижобий корелятсия мавжудлиги аниқланган.
Орқа мия массаси ва бош мия массасининг нисбатига кўра организмларнинг ақлий ривожланишини баҳолаш мумкин. Масалан, бу кўрсаткич
– мушукларда – 1 : 1
– итларда – 1 : 3
– майда приматларда – 1 : 13
– одамда – 1 : 50
