Кўпгина ўзбек тилидаги сайтларда расторопша деб номланаётган ўсимликнинг ўзбекча номи олабўта бўлиб, у мураккабгулдошлар оиласининг шу номли туркумига киради. Олабута (Силйбум) туркуми ўз ичига икки турни олади. Улардан бири доғли олабута (Силйбум марианум) бўлиб, Ўзбекистон ҳудудининг жанубий вилоятларида ўсади. Қуйидаги мақоламизда ушбу ўсимлик ҳақида сўз боради.
Расторопшанинг ботаник тавсифи
Ҳаётий шакли бир (маданийлаштирилган формаларида) ёки икки йиллик тиканли ўсимликнинг бўйи 1-1,5 метрга етади. Пояси оддий ёки шохланган, тикансиз. Барглари пояда кетма-кет ўрнашган, эллипссимон, четлари ўйилган, йирик (узунлиги 80 см гача боради). Барг чети ва унинг орқа юзасидаги томирларида бўйлаб сарғич тиканчалар ўрнашган. Барг пластинкаси яшил ялтироқ, юзасида оқ доғлари бор. Гуллари тўқ қизил, пушти ёки оқ рангда бўлиб, йирик шарсимон якка саватчада йиғилган. Гулининг атрофини тиканли баргчалар ўраб туради. Тўпгулнинг гулўрни қалин, туклар билан қопланган. Барча гуллари икки жинсли, найсимон. Июл-август ойларида гуллайди. Меваси донча.

Расторопшанинг Тарқалиши
Доғли олабута (расторопша) нинг ватани Ўрта ер денгизи, Болқон ва Пиреней яримороли бўлиб, уни Ер юзининг деярли барча минтақасида учратиш мумкин. Табиий ҳолатда жуда кўп жойларга иқлимлашган. Шимолий Америка, Эрон, Австралия, Янги Зеландия каби давлатларда уни инвазив тур сифатида қайд этишади. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида кўплаб майдонларда ўсади. Дориворлик хусусияти сабаб маданийлаштирилган. Кўплаб давлатларда, жумладан, Австралия, Германия, Полша, Россия, украина, Хитой ва Аргентинада катта майдонларда экилади. Европа давлатларида уни март-апрел ойларида экишади.
Олабута (Расторопшанинг) нинг кимёвий таркиби
Олабута таркибидаги асосий таъсир қилувчи модда флавоноидлар ва флавонолигналар (силибинин, силикристин, силидианин) ҳисобланади. Бундан ташқари ўсимлик ўз таркибида алколоидлар, сапонинлар, ёғ кислоталари, оқсил, витамик К, смола, тирамин, гистамин ва кўпгина макро ва микроелементларни сақлайди.
Тиббиётда унинг уруғидан сиқиб олинган мойи, мевасидан тайёрланган спиртли ва сувли экстрактлари, чойлари ва сиропи қўлланилади. Ўсимликнинг етилган мевалари тиббий мақсадда йиғилади. Олабута (расторопша) ни асосан жигар (гепатит, сирроз, заҳарланиш), ўтқопи касалликларида, ўтқопидаги тош ҳолатларида, йўтал ва бошқа хасталикда қўлланилади. Ўсимлик препаратлари жигарда ўт суюқлиги ишлаб чиқаришни кучайтиради.
