Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Ботаника

Раффлезия арнолди –  энг йирик гул

Раффлезия арнолди – икки уруғпаллалилар синфи, раффлезиядошлар оиласи, раффлезия туркумига мансуб ягона ўсимлик. Паразит ўсимлик сифатида ўсади. У Индонезиянинг учта миллий гулидан бири ҳисобланади.

Ушбу ўсимликнинг тарқалиш ареали жуда ҳам тор бўлиб, Суматра ва Калимантан оролларининг серёмғир ўрмонларида ўсади, айрим манбаларга кўра Барнео оролида ҳам учрайди. Раффлезия арнолдининг танаси асосан битта йирик гулдан ташкил топган бўлиб, унинг пояси, илдизи ва барглари мавжуд эмас. Гулларнинг диаметри 60-100 см гача, вазни 8 кг гача етади.

Ушбу эндемик паразит ўсимлик тўғри келган дарахтларда ҳам паразитлик қилавермайди. У асосан кўп ёмғир ёғадиган ўрмонлардаги токдошлар оиласига мансуб тетрастигма туркумига мансуб лианаларнинг танасида паразитлик қилади.

Гуллари икки жинсли, тожибарглари қизил-жигарранг тусда, етарлича оғир ва ҳашаротларни жалб этиш учун ўзига хос ҳид таратади (чираётган гўшт ҳиди). Асосий чанглатувчилари ўрмон пашшалари ҳисобланади. Ғунчалари бир неча ой давомида ривожланади, гуллаш даври ҳам бир неча кундан иборат.

Мевалари зеравор мева кўринишида бўлиб, ичи майда уруғларга мўл, асосан филлар орқали, айрим ҳолатда эса чумолилар орқали тарқалади. Филлар лиана танасида раффлезия мевасини эзиб ўтиб кетганда унинг оёғи остига мева ичидаги уруғлар чиқиб санчилиб қолади, фил қачонки тетрастигмалар поясини эзиб ўтиб кетаётганда мана шу оёққа санжилган уруғлар хўжайин поясига санчилиб ўзининг паразитлик фаолиятини бошлайди.

Айни вақтда ўрмонзорларни ўзлаштириш натижасида раффлезия арнолдининг ареали борган сари қисқариб бормоқда.

Қўшимча маълумот!

Бизнинг дарсликларимизда фақатгина раффлезия арнолди ҳақида маълумот берилгани учун унинг бошқа оиладошлари ҳақида билмаймиз. Унинг ўзига ўхшаган паразитлик билан ҳаёт кечирувчи 30 га яқин оиладошлари бўлиб, улар ҳам жануби-шарқий Осиёда тарқалган. Раффлезиядан айрим белгилари билан фарқланади.