Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Кимё

Саноатда сувни тайёрлаш

Истеъмол учун ва технологик жараёнларни амалга ошириш учун сув ҳаёт манбаи, эритувчи, хомашё ва энергия ташувчи восита вазифаларини бажаради. Сувнинг кундалик ҳаётда ўта муҳим модда эканлиги эътиборга олиниб, у махсус тайёрлаш жараёнларидан ўтади.
Бу жараён қуйидаги асосий босқичларни ўз ичига олади:

Табиий сувни механик қўшимчалардан тозалаш-тиндириш. Бунда оқиб келадиган сув катта сиғимли иншоотларга йиғилади ва маълум муддат сақлаб тиндирилади.

Тиндириш босқичидан кейин сувни унда «муаллақ» ҳолда қоладиган микрогетероген заррачалардан тозалаш учун бу заррачалар коагуляцияланади. Бу жараёнда сувга Fe2(SO4)3, Al2(SO4)3 ва CuSO4 каби электролитлардан тегишли миқдорда қўшилади. Бу моддалар коагулянтлар дейилади, чунки сувдаги муаллақ заррачалар мусбат ва манфий зарядли боʻлгани сабабли, бу кучли электролитлар Fe3+, SO4-2, Al3+, Cu2+ ионларини ҳосил қилиб, заррачаларни ўзлари билан йирик заррачалар ҳосил қилиб чўкмага туширади.

Сувни фильтрлаш. Баъзи ҳолларда юқоридаги иккала босқичда ҳам сувни механик қўшимчалардан тозалаш имконияти бўлмаса у «матоли, қоғозли ёки бошқа турдаги фильтрлар орқали ўтказилиб, тозаланади.

Сувни дезинфекциялаш. Сувни унда мавжуд бўлган микроорганизмлар, микроблар, заҳарли кимёвий моддалардан тозалаш учун хлор гази, хлорли оҳак солинган найчалар, озон, кислород гази билан қайта ишланади. Бу моддалар кучли оксидловчи хоссаларига эга боʻлгани учун микроб ва заҳарли кимёвий моддаларни оксидлаб зарарсизлантиради.

Сувни деаэрациялаш. Сув унда эриган CO2, SO2, O2, Cl2 каби газлардан тозалаш учун газсизлантирилади. Бунда сув махсус қурилмаларда айланма ҳаракатга келтирилиб, газлар чиқариб юборилади.

Сувнинг pH ини аниқлаш. Сувда H+ ва OH— ларнинг миқдори (pH ёки pOH) махсус асбоблар pH-метр; иономерлар ёрдамида доимий оʻлчаниб, назорат қилиб борилади.

Сувнинг қаттиқлигини аниқлаш ва уни юмшатиш. Саноати ривожланган ҳудудларда технологик жараёнларда фойдаланилган сувлар «оқава сув»лар дейилиб, улардан фойдаланиш учун бу сувларни ҳам юқоридаги усуллар (бирламчи, иккиламчи ва учламчи усуллар) ёрдамида тозаланади. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, истеъмол ва саноат эҳтиёжлари учун сувни яроқли ҳолга келтириш катта меҳнат ва маблағ талаб қиладиган экологик ва иқтисодий тадбирдир. Шу сабабли ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёнида, турмушда сувдан тежаб фойдаланиш зарур!