Бойлик ортидан қувиш инсониятга теккан азалий “касаллик” десак адашмаймиз. Кимдир бор-будини йиғиб чет элга ишлагани кетса, яна кимдир бойишнинг осонгина йўлларини излашга тушади. Халқимиз орасида шундай бир миш-миш бор экан: кимнинг уйида урғочи бўрининг териси ва жинсий аъзоси бўлса ўша инсон ўз-ўзидан бойиб, қайси соҳага қўл урмасин ишлари жудаям тез юришиб, омади келармиш. Бундай гапларга ишонтирувчилар эса махсус “мулла домла”лар экан. Уларга фалон пул, яъни доллар тўласангиз, ёрдамчи овчилари олиб келган урғочи бўрининг терисига ва жинсий аъзосига дуо ўқиб яхшилаб “дам солиб” қўяркан.
Бу иш ими-жимида ҳеч кимга айтмай бажарилар ва урғочи бўрининг янги эгаси бойиб кетар экан. Бу сизга кулгили туюлмаяптими? Энди бу ҳолатни мантиқан ўйлаган ҳолда таҳлил этадиган бўлсак, шундай осон йўл турганда одамлар ўзини қийнаб, қора терга ботиб, меҳнат қилиб пешона териси эвазига бойишни танлаган бўлишмасди.
Бўрилар ҳаёти ўрганилганда бўрилар қўлга ўргатиб бўлмайдиган ягона йиртқич ҳайвонлар сирасига киради. Уларнинг ҳаёти олимлар томонидан кам ўрганилган. Уларнинг оиласида битта эркак тўдабоши, битта урғочи ва бошқа ов қилувчи бўрилар ва болалари бўлади. Бўриларда эшитиш, ҳид билиш, кўриш каби сезги органлари кучли ривожланган. Бўриларнинг мияси итларникига нисбатан 30% яхши ишлайди, эслаб қолиш қобилияти жуда кучли. Улар тўда бўлиб ов қилади. Қорни тўқ пайтида ҳам кўнгилхушлик учун қўйларни бўғизлаб кетиши ҳам кузатилган.
Тунда ёлғиз юрган одамга ҳам ҳужум қилишгани фанга маълум. Бўрилар моногам ҳайвон ҳисобланиб, битта урғочи билан умрининг охирига қадар жуфт бўлиб яшайди. Агар урғочи бўрини инсон томонидан овланаётгани уларнинг хотирасига мангу муҳрланиб қолса, инсонларнинг қўйларига, ҳаттоки ўзларига ҳам ҳужум қилишлари эҳтимоли янада ортади.

Ҳамма йиртқич ҳайвонларни йиртқичлиги учун ёки бойлик рамзига айлангани учун овлаш шу кетишда давом эттираверилса, келажак авлодга фақатгина улар ҳақидаги маълумотлар сақланган ҳужжатли филмлар ва китоблар қолади холос. Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига бўрилар киритилмаган бўлса ҳам, лекин ҳозирги кунга келиб Ер юзида кулранг бўрининг 39 кенжа тури аниқланиб, уларнинг 13 таси бугунги кунгача қирилиб кетгани маълум бўлди.
Бизда ҳам урғочи бўрининг кетидан қувиб бойлик излашда давом этиш тўхтамас экан, албатта яқин йиллар ичида Қизил китобдаги камайиб бораётган, йўқолиб кетаётган тур сифатида бўриларни ўз қўлимиз билан киритиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Ҳар қандай ҳайвоннинг ҳам табиат озиқ занжирида ўз ўрни бор. Бўрилар оч пайтида касал, ўлган ҳайвонлар билан озиқланиб санитарлик вазифасини ҳам бажаради.
Табиатда эркин яшовчи ёввойи ҳайвонларидан бойлик кутиб яшаш инсоний фазилатимизга мос эмас. Шундай экан келинг, урғочи бўрини бойлик рамзига айлантиришни бас қилиб, тинч ва осойишта юртимизда ҳалол меҳнат эвазига бойлик орттириб, фарзандларимизга ўрнак бўлайлик. Она табиатни ва унинг таркибий қисми улар қирилиб битмасидан аввал ҳимоя қилайлик!
