Янги туғилган чақалоқда тана ҳароратини назорат қилувчи тизим яхши ривожланмаган бўлади. Агар чақалоғингиз 3 ойликдан кичик бўлса ва тўғри ичак ҳарорати ёки темпорал артерия ҳарорати 38°C ё ундан юқори бўлса, дарҳол чақалоғингизни маҳаллий педиатр шифокорига кўрсатинг. Бу фавқулодда ҳолат. Чақалоғингизнинг умумий саломатлик ҳолатини баҳолаш учун шифохонага олиб боринг. Чақалоқларда иситма чиқиши турли сабаблар туфайли юзага келиши мумкин.
Кичкинтойнинг нормал тана ҳарорати 36,1 °C дан 37,9 °C даражагача бўлиши мумкин. Мутахассислар 38 °C ёки ундан юқори ректал ҳароратни иситма деб ҳисоблашади.
Янги туғилган чақалоқда иситма кузатилиши жиддий касалликнинг белгиси бўлиши мумкин. Янги туғилган чақалоқлар турли инфексияларга кўпроқ мойил (чидамсиз) бўлишади, шунинг учун боладаги инфексиянинг ҳар қандай белгиларига жиддий муносабатда бўлиб, профессионал шифокор ёрдамига таяниш керак.
Чақалоқларда иситма чиқиши билан намоён бўладиган кенг тарқалган муаммолардан бири бу нафас олиш тизимининг инфексион касалликларидир. Янги туғилган чақалоқлар каттароқ болаларга қараганда бурунлари орқали кўпроқ нафас оладилар, шунинг учун уларда бурун битиши нафас олишни қийинлаштириши мумкин. Янги туғилган чақалоқларнинг ҳаво йўллари ҳам нисбатан кичикроқ ҳажмга эга.
Кислород етишмаслиги янги туғилган чақалоққа жиддий зарар етказиши мумкин. Агар чақалоқ нафас олишда қийналаётган бўлса, лекин иситмаси кўтарилмаса ҳам, шифокор билан бу тўғрисида маслаҳатлашинг.
Янги туғилган чақалоқнинг нафас олишида муаммо борлигини кўрсатадиган белгилар қуйидагиларни ўз ичига олади:
- хириллаш;
- нафас олишда бурун тешигининг кенг очилиши;
- тери рангининг оқ ёки кўкиш бўлиши, айниқса тирноқ ёстиқчалари атрофида ёки оғиз атрофида (бу белгиларни чақалоқларда аниқлаш қийинроқ)
- нафас олаётганда қовурғалараро мушакларнинг тортилиши.
Агар чақалоқда нафас олиш муаммоси ва иситма юзага келса, ота-она уларни дарҳол шифохонага олиб бориши ёки тез ёрдамга мурожаат қилиши лозим.
Фойдали тавсиялар
Фарзандингизнинг ҳароратини текшириш учун ҳар доим рақамли термометрдан фойдаланинг. Ҳеч қачон симобли термометрдан фойдаланманг. Чунки улар синса, симоб таъсирида заҳарланиш хавфи юзага келиши мумкин. Шунингдек, кичкинтой ва чақалоқлар учун ректал термометрдан тўғри фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилинг.

Америка Педиатрия Академияси тавсиясига кўра, 3 ёшгача бўлган болаларда аниқ натижаларга эришиш учун тана ҳароратини тўғри ичакда ўлчаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бу боланинг тўғри ичагига термометр қўйиш орқали амалга оширилади.
Тўғри ичак термометридан нотўғри фойдаланиш, тўғри ичакка жиддий зарар етказилишига олиб келиши мумкин. Тўғри фойдаланиш учун ҳар доим маҳсулот ишлаб чиқарувчининг кўрсатмаларига амал қилинг.
Агар ректал ҳароратни ўлчашда ўзингизни ноқулай ҳис қилсангиз, бошқа усулдан фойдаланинг ёки ректал ҳарорат ўлчашни мутахассислардан ўрганиб олинг. Фарзандингизнинг шифокори билан гаплашганингизда, унга болангизнинг ҳароратини ўлчаш учун қайси усулдан фойдаланганингизни айтинг.
Ортиқча қизиб кетиш
Иситмалаганда боланинг совиб кетмаслиги ҳам муҳим. Аммо чақалоқ кўп қаватли кийим ва адёл билан ўралиши оқибатида ҳаддан ташқари қизиб кетиши мумкин. Бунда чақалоқнинг юзи иссиқ, қизарган ва бола безовта бўлиши, кўп йиғлаши мумкин. Ҳаддан ташқари қизиб кетмаслик учун:
- Фарзандингизни ҳар қандай иссиқлик манбасидан узоқроқ тутинг. Мисол учун, хона иситгичи, камин, ёки тўғридан-тўғри қуёш нури тушишидан сақланг.
- Уйингизни тахминан 22 °C дан 24 °C гача бўлган ҳароратда сақланг;
- Фарзандингизни ўртача қалинликда кийинтиринг. У сиздан кўра қалинроқ кийим кийишга муҳтож эмаслигини эсингизда сақланг.
Чақалоқларда иситма сувсизланиш оқибати
Янги туғилган чақалоқлар она сути ёки аралашмани етарли даражада истеъмол қилмаслиги мумкин. Бу тана ҳароратининг ошишига олиб келиши мумкин. Агар чақалоғингиз кўкрак сутини етарли даражада истеъмол қилмаяпти деб ўйласангиз, у шифокорга мурожаат қилинг. Оналар учун фойдали кўникмалар: эмизиш қоидалари, боланинг овқатланиш миқдорини назорат қилиш каби муҳим билимларни ўрганинг. Бундай билим ва кўникмаларни эгаллашда «Homiladorlik» ўзининг ишончли ва фойдали ресурслари орқали сизга ёрдам бериши мумкин.
Фарзандингиз ҳароратини қандай текшириш алгоритмини аниқ эгаллаб олганингизга ишонч ҳосил қилинг ва болажонингиз аптечкаси учун термометр харид қилинг. Агар чақалоғингизда иситма бўлса, албатта шифокор билан маслаҳатлашинг.
