Болаликдаги кўпгина касалликлар қусишни келтириб чиқариши мумкин, шу сабабли, фарзандингизда дастлабки йилларда бир неча марта бу муаммо бўлаётганлигини кўришингиз мумкин. Одатда, чақалоқ қусиши даволаш муолажаларисиз ҳам тугайди, лекин бундай ҳолатни кўриб туриш сиз учун осон кечмайди.
Бу жиддий бирор нарса нотўғри бўлиши мумкинлигидан қўрқиш ва уни яхшилаш учун бирор нарса қилиш истаги билан биргаликда сизни асабийлаштириб, хавотирга солиши мумкин. Фикрларингизни аниқ билимлар билан бойитиш учун мақолада қусишнинг сабаблари ва у содир бўлганда болангизга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Чақалоқ қусиши ва тупуриш
Аввало, ҳақиқий қусиш ва шунчаки тупуриш ўртасида фарқ бор. Қусиш — ошқозон таркибида туриб қолган массани оғиз орқали куч билан чиқариб юбориш. Тупуриш (кўпинча бир ёшгача бўлган чақалоқларда кузатилади) ошқозон таркибидаги массанинг оғиздан оқиши, бу тез-тез кекириш билан бирга келади.
Қусиш, қачонки, ошқозон бўшашганда, қорин бўшлиғи мушаклари ва диафрагма кучли қисқарганда содир бўлади. Ушбу рефлексли ҳаракат миядаги «қусиш маркази» томонидан қўзғатилгандан сўнг амалга оширилади.
Чақалоқ қусиши сабаблари
Тупуриш ёки қайт қилишнинг умумий сабаблари ёшга қараб ўзгариб боради. Масалан, дастлабки бир неча ой ичида кўпчилик чақалоқлар оз миқдорда қабул қилган она сутини тупуришади, бу ҳолат одатда, овқатланишдан кейин биринчи соат ичида содир бўлади. Тупуриш, шунчаки вақти-вақти билан овқатнинг ошқозондан, унга олиб борадиган найча (қизилўнгач) орқали оғиздан ташқарига чиқишидир. Агар болада тез-тез кекириш ҳолати бўлса, ва овқатдан сўнг фаол ҳаракат чекланган бўлса, тупуриш ҳолати содир бўлиши нисбатан камаяди. Тупуриш чақалоқ ёши улғайган сайин камайиб боради, лекин ўн ойликдан ўн икки ойгача бўлган болаларда енгил шаклда давом этиши мумкин. Тупуриш жиддий эмас ва у болада нормал вазн ортишига тўсқинлик қилмайди.
Болада биринчи ойда вақти-вақти билан қайт қилиш ҳолати кузатилиши мумкин. Агар бу ҳолат қайта-қайта такрорланса, ёки жуда кучли қайт қилиш бўлса, педиатрингизга мурожаат қилинг. Бунда овқатланиш билан боғлиқ енгил қийинчилик ҳолати бўлиб, бу жиддий касалликлар белгиси бўлиши ҳам мумкин.
Чақалоқ доимий қусиши
Икки ҳафталикдан тўрт ойгача бўлган болаларда доимий кучли қусиш ҳолати бўлиб, бунинг сабаби ошқозондаги мушакларнинг қалинлашиши бўлиши мумкин. Гипертрофик пилорик стеноз деб танилган меъда ички қаватининг қалинлашуви ҳолати, овқат массасининг меъдадан ичакка ўтишида қийинчилик юзага келиши билан тушунтирилади. Бу ҳолат шошилинч тиббий ёрдамни талаб қилади. Одатда, бу торайган соҳани очиш учун оператсия талаб этилади. Бу қалинлашув юзага келишининг муҳим белгиси озиқлантиришдан 15-30 дақиқа ичида ёки ундан кейин болада содир бўладиган кучли қусиш ҳолатидир. Агарда сиз бу ҳолатни фарзандингизда сезсангиз, педиатрингизга мурожаат қилинг.
Гастроезофагиал рефлюкс (ГЕРК)
Баъзан бола ҳаётининг дастлабки ҳафталарида ёки ойларида болада тупуриш ҳолати йўқолишни ўрнига, у доимо содир бўла бошлайди. Бу ҳолат қизилўнгач пастки қисмидаги мушаклар ҳаддан ташқари бўшашганда, ва овқат массаси ошқозон таркиби захира ҳолатда туриб қолганда содир бўлади. Бу жараён гастроезофагиал рефлюкс ёки қисқача ГЕРК деб аталади.
Инфексия
Ҳаётнинг биринчи ойларидан кейин қусишнинг энг кўп учрайдиган сабаларидан бири ошқозон ёки ичакларда пайдо бўлган инфексиядир. Вируслар энг кўп учрайдиган инфексия агентларидир, аммо баъзан бундай ҳолат келиб чиқишида бактериялар, ва ҳатто, паразитлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Инфексия, шунингдек, чақалоқларда иситма, диарея, баъзида кўнгил айниши ва қорин оғриғига олиб келиши мумкин. Инфексия одатда, юқумли ҳисобланади.
Агар фарзандингизда инфексия бўлса, бу унинг ён-атрофидаги бошқа болаларга ҳам юқиши мумкин.
Ротавируслар — чақалоқлар ва ёш болаларда қусишнинг асосий сабаби бўлиб, бунда кўпинча, иситма ва диарея белгилари кузатилади.
Ротавирус гастроентеритнинг вирусли сабабларидан биридир, аммо бошқа вируслар, масалан, норовируслар, энтеровируслар ва аденовируслар ҳам уни келтириб чиқариши мумкин.
Чақалоқ қусиши доим ҳам енгил ҳолат эмас, унинг баъзи кўринишлари дарҳол тиббий муолажани талаб қилади, шунинг учун фарзандингиз неча ёшда бўлишидан қатъи назар, қуйидаги муаммо ва белгилардан эҳтиёт бўлинг, ва агар улар пайдо бўла бошласа, педиатрингизга дарҳол мурожаат қилинг.
- Қусуқ массасида қон ёки сафро бўлса;
- Қоринда кучли оғриқлар;
- Кучли, тез-тез қусиш;
- Қоринда шиш ёки унинг катталашуви;
- Чарчоқ, ҳолсизлик ёки қаттиқ асабийлашиш;
- Титраш ҳолатлари;
- Сувсизланиш аломатлари, жумладан, қуруқ оғиз, кўз ёшлари йўқлиги, пешоб ажратишнинг камайиши;
- Етарлича суюқлик истеъмол қила олмаслик;
- Қусишнинг 24 соатдан ортиқ давом этиши.
