Чивинлар (Кулисидае) ер юзидаги энг қадимий ҳашаротлардан бири бўлиб, уларнинг айни вақтда 3500 атрофидаги тури учрайди. Ушбу ҳашаротлар ҳақида сўз кетганда уларнинг қон сўриб паразитлик қилиши, шу орқали турли касалликларни тарқатиши кўз олдимизга келади. Урғочи чивин кўпайиш вақтида тухум ҳосил қилиш учун кўп миқдорда оқсил моддасига эҳтиёж сезади. Ана шу вақтда урғочи чивинлар ушбу оқсилни турли сутемизувчилар (жумладан, одам) ва қушларнинг қонини сўриш орқали қўлга киритади. Қолган вақтда эса худди эркаклари каби гул нектари билан озиқланади. Эркаклари эса умуман қон сўрмайди. Лекин биз ўйлаганимиздек чивинлар фақат қон сўриб озиқланмайди. Чивинлар тирик организмларнинг экологик занжирида ўзига хос токчани банд қилган, яъни улар турли ўсимлик гулларини чанглатиш билан шуғулланади.
Чивинлар чанглатиш хусусиятининг очилиш тарихи
Жаҳонга машҳур Ссиенсе журналининг 1913 йил 6 июндаги сонида Жон Смит Декстернинг кичик бир мақоласи чоп этилади. Унда муаллиф чивинларнинг орхидеяларни чанглатиши ҳақида илк маротаба илмий асосда хабар беради. Мақоласида Декстер қуйидагиларни ёзади: “1912 йил июл ойининг бошларида Мичиган университетининг Дуглас кўли бўйидаги биологик стансиясида ўсимликлар экологиясини тадқиқ этаётган Ада Дитс хоним менга ўша ердаги ботқоқликда чивинларни учратгани ҳақида айтиб қолди. Айтишича чивинларнинг бошида иккита кичик сариқ нуқталар бўлиб, улар худди чанг доначаларига ўхшар экан. Шундан кейин мен ботқоқликка бордим, у ерда ҳақиқатдан ҳам чивинлар кўп эди. Бир дақиқада олтитача урғочи чивин тутдим. Барчасининг бошида сариқ нуқталар бор эди”. Шундан кейин Декстер ботқоқлик атрофида кичик шимол ботқоқ орхидеяси (Платантҳера обтусата) ўсаётгани ва уларнинг қийғос гуллаганини кўради. Маълум бўлишича чивин нектар билан озиқланиш учун орхидея гулига қўнганида унинг бошидаги кўз соҳасига гул чанг доначалари қўнар экан. Чивин бошқа гулга учиб ўтиш жараёнида чанг доначаларини ташийди. Гул нектарини сўриш вақтида ихтиёрсиз равишда бошидаги гул чангини орхидея гули уруғчисининг тумшуқчасида қолдиради.

Чивинлар билан чангланувчи орхидеялар
Чивинларнинг ўсимликларни чанглатиши жуда кам ўрганилган. Ўрмон қор чивини (Аедес коммунис) нинг кичик шимол ботқоқ орхидеяси (Платантҳера обтусата) ни чанглатиши борасида бошқа ўсимликларга нисбатан кўпроқ маълумотлар мавжуд. Ушбу чивин Шимолий Америкада, асосан АҚШнинг Ню Жерси штати ҳудудида яшайди. Декстер юқоридаги кашфиётидан сўнг АҚШнинг шимолий минтақалари, Канада ва Аласка ҳудудларида бир қанча орхидеяларнинг чивинлар томонидан чангланишини ўрганади. Бундан ташқари сариқ ладян орхидеяси (Кораллорҳиза трифида) ҳам чивинлар томонидан чангланиши айтилган, бироқ бу борада ҳанузгача ҳеч қандай илмий тадқиқот олиб борилмаган.
Чивинлар ва соябонгулдошлар оиласи
Чивинларга шу билан бирга соябонгулдошлар (Апиасеае) оиласи кўпчилик вакилларининг эҳтимолий чанглатувчиси сифатида қаралади. ушбу ўсимликларни амалий жиҳатдан уларнинг атрофида нектар излаб юрган исталган ҳашарот чанглатиши мумкин. Ушбу оила вакилларини кузатувчиларнинг фикрича бодиён, зира, сабзи, селдерей, кашнич, шивит каби ўсимликларнинг чанглатилишида чивинлар фаол иштирок этади.
