Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Зоология

Шарқ бўғма илони

Шарқ бўғма илони – Эрйх татарикус (Лиечтенстеин, 1823) судралиб юрувчилар синфи, тангачалилар туркуми, илонлар кенжа туркуми сохта оёқлилар оиласи бўғма илончалар уруғига мансуб тур. Халқаро рептилиялар каталоги маълумотига кўра бугунги кунда унинг 3 та кенжа тури мавжуд. Туркманистон Қизил китобига ареали чекланган тур (ИИИ мезон) сифатида киритилган.

Ташқи тузилиши

Илонларнинг ўртача узунлиги урғочиларида 1050 мм, думининг узунлиги 60-70 мм; эркакларининг узунлиги 950 мм, думининг узунлиги 70-80 мм гача етади. Думларининг учи тўмтоқ, айлана ҳосил қилади. Пешонаси ва тумшуғининг юқори юзаси у ёки бу даражада текис ёки бирозгина бўртган. Кўзлари икки томонда бироз юқорида жойлашган. Боши бўйни билан яққол чегараланмаган, юза томондан кўп сонли майда нотўғри шаклли тангачалар билан қопланган. Қорин тангачалари 169-213 тагача, думости тангачалари эса 27-45 тагача етади. Танасининг айланасидаги тангачалар 43-59 қатордан иборат. Танасининг орқа томонидаги ва дум қисмидаги тангачалари турлича: силлиқдан то кучли ғадир-бурур ҳолатгача бўлади.
Ранги. Танасининг юқори томони сариқ-жигарранг, қизил-жигарранг ёки кулранг-жигарранг тусда товланади. Орқаси бўйлаб турли шаклдаги қора-қўнғир доғлар кўзга ташланади. Танасининг ён томонида эса кўп сонли тўқ рангли доғлар ва холлари мавжуд. Қорин томони баъзан қора-қўнғир доғли, баъзан эса доғсиз ёрқин рангда бўлади.

Тарқалиши ва кенжа турлари

Шарқ бўғма илони Қозоғистоннинг марказий қисми ва шарқий қисмида, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг шарқий қисмида учрайди. Ўрта Осиёдан ташқарида уларни Эрон, Афғонистон, ғарбий Покистон, Шимоли-ғарбий Ҳиндистон, ғарбий Хитой ва жанубий Муғулистонда ҳам учратиш мумкин. Асосий тарқалиш ареали жануби-шарқий Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига тўғри келади.
Шарқ бўғма илонининг 3 та кенжа тури маълум бўлиб, Эрйх татарикус татарикус Личтенстеин, 1823 Тожикистоннинг шимолий минтақасида, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида учрайди. Тожикистоннинг Вахш водийсида эса Эрйх татарикус спесиосус Тсаревскжи, 1915 кенжа тури кенг тарқалган бўлиб, Тожикистоннинг жануби-ғарбий қисмидаги Ҳисор водийсида эса Эрйс татарикус виттатус Чернов, 1959 кенжа тури кўпроқ учрайди. Сўнгги кенжа турни аксарият систематиклар алоҳида тур сифатида эътироф қилишади, лекин ҳали-ҳануз унинг систематик ўрни тўлиқ кўриб чиқилмаган.

Шарқ бўғма илонининг Марказий Осиёдаги тарқалиш ареали
Муаллиф: ҳужайра.уз

Учраш жойлари

Шарқ бўғма илонини тупроқли ва ўсимликлар нисбатан зич ўсадиган чўлларда, ярим чўл ва адирликларда учратиш мумкин. Чўл ҳудудининг ўсимликлар билан қопланган қисмидан қочмайди, лекин очиқ қумликлар ва барханликлардан узоқ юради. Воҳаларда эса эфемер ўсимликлар ўсадиган тепаликлар, тошли ва шағалли адирликларнинг бутазорлар билан қопланган қисмида, саҳроларнинг эса шувоқ ва шўралар кўп ўсадиган ҳудудларида учрайди. Баъзан эса суғориладиган ерларда ҳам учраб туради. Тоғли ҳудудларда денгиз сатҳидан 1500-1600 метр баландликкача бўлган ҳудудларда пистазорларда ҳам учрайди. Э.т.татарикус шимолий Тожикистоннинг қумликларида, тупроқли ва қумли текисликлари ва адирликларида учрайди. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудида жойлашган Кўҳитанг тизмаларида эса тупроқли адирликларда ва эфемер ўсимликлар кўп ўсадиган тошли ҳамда тошли-шағалли қияликларда яшайди. Э.т.спесиосус кенжа тури Вахш водийсида кенг кўламда тарқалган бўлиб, уни дарё қирғоқларидан 1-2 метр узоқликда учратиш мумкин. Ҳисор водийсига хос бўлган Э.т.виттатус кенжа тури эса асосан ўрмонли адир ва тоғликларда денгиз сатҳидан 700 метр баландликкача бўлган минтақаларда учрайди.

Ҳаёт тарзи

Фаоллиги. Шарқ бўғма илони ўзи учун уя қазимайди, одатда кемирувчилар, тошбақалар ёки бошқа ҳайвонларнинг тайёр уяларини эгаллаб олади. Қишни мана шундай уяларда 1,8-2,5 метр чуқурликда юмшоқ тупроқларда қишлаб ўтказади. Минтақа иқлимининг ўзига хослигидан келиб чиқиб мавсумий фаоллик даври давомийлиги турлича бўлади. Марказий Осиёнинг жанубидагида шарқ бўғма илонлари март ойидан ноябргача фаол бўлса, жанубий Балхашорти, Қозоғистон, Муғулистондаги вакиллари май ойидан сентабрнинг бошигача фаол бўлади.
Кўпайиши. Баҳор ойларида уларни фақатгина уяси олдида пана жойлардагина учратиш мумкин. Урғочиси июн-июл ойларида ёки августнинг охири сентабрнинг бошларида 5 тадан 34 тагача тирик туғади. Янги туғилган илонларнинг узунлиги 150-200 мм атрофида бўлади.
Озиқланиши. Одатдаги озиқ ратсионини турли калтакесаклар ва майда кемирувчилар ташкил этади, баъзан эса майда чумчуқсимонларни овлайди. Одатда тунда уяси атрофида ов қилади.

Табиий душманлари

Шарқ бўғма илони табиатдаги озуқа занжирида иштирок этади. Бўз эчкемар, тулкилар, укки, йиртқич қушлар ва қулоқдор типратикан ушбу илоннинг табиий душманлари ҳисобланади.