Электролиз - эритмалар ёки электролит эритмаси орқали электр токи ўтганда электродларда содир бўладиган физик-кимёвий жараёнлар шу ном остида бирлашади. Мусбат ва манфий электродларда бўладиган жараёнлар механизми турличадир. Анодда ионлар атом ёки молекулалар электронларини бергани учун унда электрокимёвий оксидланиш реаксияси содир бўлади. Аксинча, катоддаги турли зарраларга электронлар келиб қўшилади ва бу ерда содир бўладиган реаксиялар, электрокимёвий тикланиш реаксиялари бўлади.
Электролиз 1833-1834 йилларда инглиз олими М.Фарадей очган қонунларга бўйсунади.
Фарадейнинг биринчи қонуни шундай таърифланади: электродда ажралиб чиқадиган модда миқдори М электролитдан ўтган электр заряди миқдоири q га тўғри пропорсионал: M=kq..
Пропорсионал коеффитсиенти к сон жиҳатдан электролитдан электр заряди бирлиги ўтганда ажралиб чиқадиган модда массасига тенг ва унга модданинг электрокимёвий эквиваленти дейилади. Электролитдан t вақт оралиғида I ўзгармас ток ўтганда q=I*t ва М=q*I*t бўлади.
Фарадейнинг иккинчи қонунига асосан, элементларнинг электрокимёвий эквивалентлари уларнинг кимёвий эквивалентларига тўғри пропорсионалдир:
k=c· (A/Z),
бу ерда элементнинг атом оғирлиги А нинг унинг валентлиги Z га нисбати кимёвий эквивалент дейилади. Модда массасининг граммларда ифодаланган миқдори унинг кимёвий эквивалентига тенг ва грамм-эквивалент дейилади. F=1/c катталик Фарадей сони дейилади. Фарадей сони электродда 1 грамм-эквивалент модда ажралиши учун электролитдан ўтиши керак бўлган электр зарядига тенг:
F=96494 k/g-ekv ~ 9.65· 104 k/g-ekv.
F нинг катталиги электрон зарядининг Авогадро сонига кўпайтмасига тенг.
Электролиз - физик ва кимёвий ҳодисалар ўртасида мустаҳкам боғланишни акс эттирувчи физик-кимёвий жараён. У амалда кенг миқёсда қўлланилади. Унинг ёрдамида бошқа йўллар билан олиш қийин бўлган кўпгина кимёвий бирикмалар - кукунлар кўринишидаги тоза металлар ва бошқа моддалар олинади. Электролиз жараёнидан турли металларни коррозиядан ҳимоя қилишда фойдаланилади.
Амалда электролиз махсус аппаратларда - электролизёрларда ўтказилади. Улар пўлат, керамик материаллар, шунингдек шиша ва пластик массалардан тайёрланади. Электродлар турли металлар ва қотишмалардан тайёрланади. Баъзан, электролиз давомида анод ва катодда шундай моддалар вужудга келадики, иложи борича уларнинг ўзаро таъсиридан қочиш керак бўлади. Бу мақсадда электролизёрга серковак тўсиқ - диафрагма қўйилади.
