Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Зоология

Энг йирик қушхўр ўргимчак

Дунёдаги энг йирик ўргимчаклардан бири голиаф қушхўр ўргимчаги (Тҳерапҳоса блонди) бўлиб, уни илк марта 1804 йилда франсуз энтомологи Пер Андре Латрей кашф қилган. Халқаро ўргимчаклар каталоги маълумотларига кўра ушбу тур Венесуела, Бразилия ва Гаяна мамлакатлари ҳудудида учрайди. 1965-йилда Венесуеладан тутилган голиаф қушхўр ўргимчагининг катталиги 28 см (!) ни ташкил этган.

Урғочисининг тана ўлчами 100,4 мм га, эркагида эса 85 мм га етади. Бошкўкрак қалқони эни ва бўйи бир хилдалиги билан характерланади. Танасининг ранги тўқ жигарранг тусда. Оёқлари қизғиш-жигарранг рангли туклар билан қопланган.

Ўргимчакнинг номи қушхўр бўлгани билан улар жуда камдан-кам ҳолларда қушларга ҳужум қилади. Уларнинг одатдаги озуқасини ҳашаротлар ташкил қилади. Шундай бўлсада баъзида илонлар, кемизувчилар, кўршапалаклар, ва калтакесаклар билан ҳам озиқланиб туради.

Бошқа ўргимчак ва тарантулларнинг урғочиларидан фарқли равишда голиаф қушхўр ўргимчаклари кўпайиш даврида эркагини емайди. Урғочилари 15-25 йил яшайди, 3-6 ёшлигидан бошлаб кўпайишга киришади. Эркаклари эса 3-6 йил яшаб, урғочисини уруғлантиргач ҳалок бўлади. Урғочилари 200 тагача тухум қўяди, ёш ўргимчаклар тухумдан 8 ҳафталарда чиқади.

Ушбу ўргимчак тури ниҳоятда ноёблиги боис уларни ўзи яшайдиган мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш қонун йўли билан тақиқланади. Бу ўргимчак турини дунёнинг турли мамлакатларидаги ўргимчак ишқибозлари томонидан экзотик тур сифатида парваришлаш жуда қадрлансада, уларни топиш ниҳоятда мушкул саналади. Голиаф қушхўр ўргимчаклари инсон учун зарарсиз тур ҳисобланади. Улар фақатгина ҳаётига хавф туғилгандагина чақиши мумкин, уларнинг чақиши арининг чақишини эслатади. Шундай бўлсада ўргимчак чаққан тери соҳасини яхшилаб тозалаш тавсия этилади.