Эритмаларнинг ҳосил боʻлишини физикавий ва кимёвий (гидратлар) назариялар қуйидагича тушунтиради.
Эритма эритувчиларда турли модда молекулаларининг тарқалиб кетиши, яъни эриши натижасида ҳосил бўлади. Қаттиқ моддалар эришида унинг сиртидаги заррачалар эритувчи молекулалари таъсирида сиртдан «узилиб» эритмага ўтади. Диффузия ҳодисаси ва молекулалараро таъсир туфайли бу заррачалар эритма «ичига» сингиб кетиб, бир текис тарқала бошлайди. Шу тариқа кристалл панжарани ташкил этган барча заррачалар (эритма эриган моддага тўйинмагунча) эритмага ўтади ва эритма ҳосил бўлади. Бу жараён натижасида бир жинсли система ҳосил бўлади ва бунда эритувчининг табиати ва қаттиқ модданинг тузилиши, кимёвий хоссаси асосий рол ўйнайди.
Суюқ моддалар эритмаларининг ҳосил бўлишида эритувчи ва эрийдиган моддаларнинг молекулалари (диффузия ҳодисаси туфайли) ўзаро аралашиб кетади. Бу жараёнда моддаларнинг дипол моменти, қутбланувчанлиги каби хусусиятлари асосий ўринни эгаллайди. Шу сабабли, қутбли моддалар қутбли эритувчида, қутбсиз моддалар қутбсиз эритувчиларда яхши эрийди.
Эритмаларнинг бир жинсли бўлиши, эриш жараёнида иссиқликнинг ютилиши ёки ажралиб чиқиши эритмаларни кимёвий моддалар деб айтишга асос бўлади.
Лекин эритмалар таркибининг ҳар хиллиги ва ўзгарувчанлиги уларни механик аралашмаларга тааллуқли, деган хулосага олиб келади. Шу сабабли, эритмаларни кимёвий моддалар билан механик аралашмалар ўртасидаги «оралиқ система» деб қараш керак. Юқоридаги ҳолатларда ва ҳар қандай эритмаларнинг ҳосил боʻлишида эритувчи молекулалари билан эрийдиган модда молекулалари ўртасида ўзаро физик-кимёвий таъсир рўй беради. Бу таъсирнинг маҳсулоти сифатида эриган модда молекуларининг солватлари — эриган модда молекулаларига эритувчи молекулалари бирикиши маҳсулотлари ҳосил бўлади.

Агар А-модда бирор эрувчи (лотинча «солвент»)да эриса, эритмада ҳосил бўлган янги модда — солват [А•н солв] кўринишида ёзилади. Эритувчи сув бўлса, ҳосил бўлган моддалар (A•n H₂O) гидратлар дейилади. Эритмалар ҳосил бўлишининг солватлар (гидратлар) назариясини Д. И. Менделеев яратган. Бу назариянинг ривожланишига С. Аррениус ва В. Коноваловлар ҳам катта ҳисса қўшганлар.
Эритмаларда эритувчи ва эриган модда ўртасида ўзаро таъсир юз беришининг яна бир исботи сувли эритмаларда кристаллгидратларнинг ҳосил бўлишидир.
Сувли эритмаларда ажратиб олинган кўпчилик кристалл моддалар таркибида бир неча молекула сув бўлади:
Na₂CO3 •10H₂O; K₂CO3 •7H₂O; Na₂SO₄ • 7H₂O; CuSO4 • 5H₂O; Al2(SO4)3• 18H2O; CaCl₂• 2H2O; ва ҳоказо.
Демак, гидратлар (солватлар) нинг таркиби эриган модда таркибига, табиатига, эритувчининг миқдори ва табиатига боғлиқ бўлади.
Барча кимёвий жараёнлар сингари моддаларнинг эриши ҳам системанинг энтальпияси (∆H), энтропияси (∆S) ва изобар-изотермик потенциали ∆Г ўзгариши билан тавсифланади. Термодинамика нуқтаи назаридан бирор модда бошқа иккинчи моддада эриганда шу жараён рўй бераётган система учун
∆G=∆H- ∆S <O шарт бажарилиши керак.
Бундан кўриниб турибдики, доимий температурада ∆G нинг қиймати эриш жараёнида заррачаларнинг тартибсизлик даражаси (∆S) энтропиянинг ва энтальпиянинг (∆H) ўзгаришидан ташкил топади.
Бу иккала катталикнинг эриш жараёнида оʻзгариши қуйидагича тушунтирилади. Суюқлик ёки қаттиқ модда эриганда уларнинг заррачалари «тартибли» ҳолатдан тартибсиз ҳолатга ўтади, яъни эритувчида тарқалиб кетади. Бунинг натижасида системанинг энтропияси ортади (∆S>O), бу эриш жараёнини ўз-ўзидан боришига ва ∆G<O бўлишида энтропия омилининг ижобий ҳисса қўшишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам аксарият ҳолларда қаттиқ ва суюқ моддаларнинг эриши температура ортиши билан ортади.
Газсимон моддаларнинг суюқликларда эришида заррачалар (газ ҳолатдаги) тартибсиз ҳолатдан тартиби юқорироқ бўлган (суюқлик) ҳолатга ўтади ва ∆S<O, яъни бу жараён энтропиянинг — камайишига олиб келади. Бунда AG нинг қийматига энтропия факторининг қўшадиган ҳиссаси салбий бўлади. Шу сабабли газсимон моддаларнинг эрувчанлиги температура ортиши билан камайиб, температура пасайиши билан ортади.
Эритма ҳосил бўлиш жараёнида системанинг энтальпияси ёки ортиши ∆H>O, ёки камайиши ∆H<O мумкин. Агар ΔΗ = ∆U + p•∆V эканлигини эътиборга олсак ва эриш жараёнида ҳажм ўзгармайди (∆V = O) деб қабул қилсак, система ташқи муҳитга нисбатан иш бажармайди (A=p•∆V=O), у ҳолда эриш пайтида энтальпия ўзгариши фақатгина система ички энергиясининг ўзгаришидан ∆H = ∆U иборат бўлади. Бошқачароқ айтганда, ΔΗ (эриш) асосан модданинг тузилиши, кристалл панжараси бузилишига сарфланган энергия — ΔΗtuzilishi билан янги ҳосил боʻлган моддаларнинг (солватлар, гидратлар) ҳосил бўлиш энергия (∆HSol) лари фарқи ∆Herish = ∆Htuzilish — ∆Hsolv дан иборат бўлади.
Газсимон моддалар учун
∆Htuzilish = O бўлгани учун
ΔΗ(erish) = -∆H(solv) боʻлади,
яъни газларнинг суюқликларда эришида газ молекулалари билан эритувчи молекулалари ўртасидаги ўзаро таъсир энергияси асосий фактор ҳисобланади ва шу сабабли доимо газларнинг эриши (∆H(erish) < O) экзотермик жараёндир.
Шунингдек, шакар, глицерин, спирт, NaOH, KOH, Na₂SO₄, сулфат, хлорид ва нитрат кислоталарнинг эриши ҳам экзотермик жараёндир. Чунки, молекуляр кристалларнинг тузилиш энергияси ва суюқ моддалардаги молекулалараро Ван-дер-Ваалс кучларининг энергияси бу моддаларнинг солватланиш (гидратланиш) энергиясидан кичик, яъни
ΔΗ(tuzilish) < ΔΗ(solv)
Ионли кристаллардан иборат моддалар (NaNO3, NH4CI, KCNS, NaCl, KNO3, NH4NO3, CuSO4 ва бошқалар) да молекулалар орасидаги боғланиш энергияси жуда катта қийматга эга. Шунинг учун бу моддалар эриганда ∆H(tuzilish) >ΔΗ (Solv) боʻлгани туфайли энтальпия ўзгариши ∆H>O бўлади. Бу моддаларнинг эриши эндотермик реакциялардир, бошқача айтганда бу моддаларнинг эриши температура ортиши билан ортиб боради. Моддалар эриганда иссиқликнинг ютилишидан фойдаланиб баъзи бир совутгич аралашмалар ҳосил қилинади. Агар 60 g NH4NO3 ни 100 g H₂O da эритилса, системанинг температураси 30°C га пасаяди, agar 88 g NH4NO3100 г сувда эритилса, температурани 36°C га пасайтириш мумкин.
Баъзи моддаларда ΔΗ(tuzilish) =-∆H(solv) бўлади. Булар молекуляр тузилишли қутбланмаган моддалар бўлиб, уларнинг эриши энтальпия ўзгаришисиз (∆H(erish)=O) рўй беради. Бу эриш жараёнида ∆G<О) ҳал қилувчи рол ўйнайди. Бунга мисол сифатида I2 кристалларининг CCl4 да эришини келтириш мумкин. Бу эритма ҳосил бўлишида эритувчи ва эриган модда молекулалари ўртасида янги модда (солват) ҳосил бўлмайди ва бундай эритмалар кўпинча оддий иккита модданинг аралашмасига, яъни идеал эритмаларга яқин бўлади.
