Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Анатомия

Юракнинг тузилиши ва вазифалари ҳақида

Юрак нима

Юрак-қон томир тизими насос сингари ишлаб, қонни тўқима ва а‘золарга етказиш вазифасини бажаради. Қон ўзининг турли хил вазифаларини у фақат ҳаракат қилиб тургандагина бажаради. Юрак-қон томир системаси таркибига юрак, қон томирлар ҳамда лимфа томирлари киради.
• Юрак – қонни тўқима ва а‘золарга ҳайдаб берувчи а‘зо.
• Артериялар юракдан қонни бошқа қон томирларга ўтказувчи, тармоқланган сари кичрайиб борувчи қон томирлар гуруҳидир. Унда асосан, кислородга тўйинган қон оқади(ўпка артериялари бундан мустасно).
• Капиллярлар – майда қон-томирчалар бўлиб, тўқима ва қон ўртасида кислород, карбонат ангидрид ва озиқ-моддалар алмашинуви амалга оширилади.
• Веналар – капиллярлардан ҳосил бўладиган, борган сари қўшилиб йириклашиб борувчи, қонни юракка олиб келувчи қон томирлар гуруҳи.
• Лимфа томирлари – лимфа капиллярларидан бошланиб, тўқима суюқлигини қонга қайтариш вазифасини бажаради. Лимфа капиллярлари қўшилиб, йирикроқ томирларни ҳосил қилади, йирик лимфа томирлари эса венага қуйилади.

Юрак(лот. “кор”) мушак аъзо бўлиб, қоннинг кичик ва катта қон айланиш тизимларида қоннинг ритмик ҳаракатини амалга оширади. У кўкрак қафасининг олдинги кўкс оралиғида жойлашган. Кўпроқ қисми чап томонда жойлашган. Ўрта ҳисобда эркакларда 300 гр, аёлларда 250 грни ташкил қилади. Юракда 4 камера(ўнг ва чап қоринча, ўнг ва чап бўлмача) мавжуд. Чап қоринча ва чап бўлмача орасида 3 тавақали, ўнг бўлмача ва ўнг қоринча ўртасида 2 тавақали клапан жойлашган. Чап қоринча билан аорта ўртасида ҳамда ўнг қоринча билан ўпка артериялари ўртасида яримойсимон клапанлар жойлашган.

Юракнинг деворининг тузилиши

 Юрак девори 3 қават пардадан иборат: ички – эндокард, ўрта – миокард ва ташқи – эпикард. Шунингдек, юрак ташқи томондан перикард билан ўралган бўлади.
Эндокард- юракнинг нисбатан юпқа қавати. У эндотелий ва унга таянч вазифасини ўтовчи, бириктирувчи тўқимадан тузилган эндотелий ости қаватидан иборат. Бу қаватлар остида эластик толалар ва силлиқ мускул толаларидан иборат мушак-эластик қават ётади.
Юракнинг энг қалин қавати миокард ҳисобланиб, юрак мушакларидан тузилган. Юрак мускул ҳужайралари кардиомиотситлар деб юритилади. Улар кетма-кет жойлашиб, юрак мускул толасини ҳосил қилади. Миокардда типик ва атипик мушак толалари фарқланади. Типик мушак толалари қисқариш, атипик мускул толалари эса импулс ўтказиш вазифасини бажаради. Мушак толалари бир бирлари билан оралиқ пластинкалар орқали бириккан бўлади. Оралиқ пластинкалар трофик ва импулс ўтказиш вазифасини бажаради.

Юракнинг ўтказувчи системаси. Юракнинг ўтказувчи системасига атипик мускул толалари киради. Улар импулслар ҳосил қилади ва уларни типик мускул толаларига ўтказади. Юракнинг ўтказувчи системаси синус тугуни(Кис-Флак), бўлмача-қоринча яъни атриовентрикуляр тугун(Ашоф-Товар) ҳамда қоринчалараро тутам(Гис тутами) ва унинг толаларидан тузилган. Гис тутами иккига бўлиниб, 1 жуфт Пуркине толаларини ҳосил қилади. Қуйидаги тасвирда буни яхшироқ тасаввур қилишингиз мумкин.
Эпикард – бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, сиртдан бир қават эпителий(мезотелий) билан қопланган. Бириктирувчи тўқимасида ёғ клетчаткаси, қон томирлар ва нерв толалари бўлади.

Юрак фаолияти

Юрак мушаклари бошқа мушаклар сингари қўзғалувчанлик, ўтказувчанлик ва қисқарувчанлик хусусиятига эга. Лекин, юракка бундан ташқари автоматия хусусияти ҳам хос. Қўзғалувчанлик – тўқимага импулс келиши натижасида, унда биокимёвий ва биофизик ўзгаришларнинг содир бўлиши(ҳаракат потенсияли вужудга келиши). Ўтказувчанлик – бир ҳужайрада ҳосил бўлган ҳаракат потенсиялининг бошқаларига ҳам тарқалиши ҳисобланади. Юракнинг ўтказувчи тизимини юқорида кўриб чиқдик. Қисқарувчанлик юрак мушакларида ҳосил бўлган ҳаракат потенсиялига жавоб реаксияси кўринишида намоён бўлади. Аъзонинг ўзида ташқи таъсиротларсиз пайдо бўладиган импулслар орқали қисқаришига автоматия дейилади.

Юрак камераларидаги қондан юракнинг ўзи фойдаланмаслигини кўп эшитганмиз. Шунга қарамай, аортага ўтаётган қон биринчи бўлиб, тожсимон артерияларга қон беради. Юрак 1 жуфт тожсимон артериялар орқали қон билан таъминланади.