1. Америка қитъасидаги табиий ҳолда учрайдиган энг йирик мушук, дунёда эса катталиги бўйича йўлбарс ва шердан кейин учинчи ўринда туради. Оғирлиги ўртача 56-96 кг га етади. Қайд этилган максимал оғирлиги 158 кг, минимал оғирлиги эса 36 кг ни ташкил этган. Одатда урғочиси эркагидан бироз кичикроқ бўлади.
2. Бошқа йирик мушуксимонлардан фарқли равишда ягуар моҳир сузувчи ҳисобланади. У асосан дарё, кўл ва ботқоқликлар қирғоғида яшаб ов қилади.
3. Ягуарнинг бош тузилиши ва жағлари фавқулодда кучли бўлиб, 100 кг ли ягуар тишлагандаги тишлаш кучининг коеффитсиенти 4939 кН (килонютон) га етади. Шу боис у бемалол тимсоҳ ва тошбақа каби териси қаттиқ бўлган ўлжаларни ҳам овлайверади.
4. Илгари ягуарнинг 9 га яқин кенжа турлари фарқланар эди. Бироқ сўнгги морфологик ва генетик текширувлар ягуар популятсияси ичида бўлинишлар мавжуд эмаслигини ва ушбу турнинг кенжа турлари йўқлигини, бу тур монофилетик таксон эканлигини кўрсатди.
5. Пантҳера уруғи тахминан 6-10 млн йиллар аввал Осиёда пайдо бўлган. Генетик таҳлиллар ягуар Патҳера уруғидаги ўзининг умумий аждод туридан 1,5 млн йил аввал дивергенсия қилган ва Эоплейстон субепохасида Беринг бўғози орқали Осиёдан Америка қитъасига мигратсия қилган. Ягуарнинг мтДНК таҳлиллари ушбу турнинг 280-510 минг йиллар оралиғида шаклланганлигини кўрсатган.

6. Ягуар ташқи кўриниши жиҳатидан қоплон (леопард) га ўхшаб кетади, лекин ундан бошининг катта ва юмалоқлиги, думининг калталиги, терисидаги тўплам доғлари каттароқ ва тўплам орасида яна кичик доғлари бўлиши билан фарқланади.
7. Ягуарлар орасида қоп-қора – меланист вакиллари ҳам учраб туради, уларни одатда қора пантера деб аталади. Қора пантера бу алоҳида тур бўлмай, балки йирик мушуксимонлар (ягуар, қоплон) орасида меланизм ҳолатининг учрашидир (албинизмнинг тескариси). Ягуарлардаги меланизм ҳодисаси меланокортин 1 ретсептор генининг делетсияси ҳисобига юз беради ва ушбу аллел доминант ҳолатда наслдан-наслга берилади. Ягуарлар орасида албинослари ҳам учрайди, уларни оқ пантералар дейишади, лекин бу ҳолат табиатда ўта камдан-кам ҳолларда кузатилади.
8. Ягуар супер йиртқич ҳайвон бўлиб, унинг озуқа ратсиони ниҳоятда кенг, у майда кемирувчи сутемизувчилардан тортиб то йирик рептилияларгача овлайди. Унинг ратсионидаги ҳайвонлар сони 87 турдан ортади. Тана массаси 34 кг бўлган ягуарнинг кунлик энг кам озуқа эҳтиёжи 1,4 кг ни ташкил этади. Тутқунликдаги 50-60 кг ли ягуарларни кундалик озуқаси 2 кг дан кам бўлмаслиги тавсия қилинади. Лекин у табиий шароитда бир ов қилганида 25 кг гача гўшт истеъмол қилиши мумкин.
9. Ягуар калит тур сифатида ҳимоя қилинади. Унинг ҳимояси у яшаётган муҳитдаги бошқа ҳайвонларнинг ҳимоя қилинишига олиб келади. Лекин ягуарнинг калит йиртқич тур эканлиги барча олимлар томонидан бир хилда эътироф этилмаган.
10. Ягуарлар табиий шароитда 12-15 йил умр кўради, тутқунликда эса улар 20-25 йилгача яшаши мумкин.
