Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Кимё, Саломатлик

Магнийнинг организмдаги роли

Инсон саломатлиги учун зарур бўлган кўплаб минераллар мавжуд, улардан бири магнийдир. Магний организмда муҳим физиологик ва биокимёвий жараёнларда иштирок этади. Бу минерал юрак фаолияти, нерв тизими, мушакларнинг ҳаракати ва суякларнинг мустаҳкамлиги каби кўплаб функсиялар учун зарур ҳисобланади. Айниқса, ҳужайра ичидаги энергетик реаксиялар магнийсиз тўғри ишлай олмайди. Магний танқислиги инсон саломатлигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатади ва турли касалликлар хавфини оширади.

Магний моддасининг асосий функсиялари

Магний (Мг) — инсон организмида муҳим биологик элементлардан бири бўлиб, у кўплаб физиологик ва биокимёвий жараёнларда иштирок этади. Қуйида магний моддасининг асосий функсиялари келтирилган:

  • Магний нерв импулсларининг узатилишига ёрдам беради.
  • Стрессга қарши курашади, тинчлантирувчи таъсирга эга.
  • Уйқу сифатини яхшилайди ва асабийликни камайтиради.
  • Мушакларнинг қисқариши ва бўшашишини бошқаришда муҳим рол ўйнайди.
  • Магний етишмовчилиги мушак тиришишлари (судороглар) ва оғриқларига олиб келиши мумкин.
  • Юрак ритмини меъёрда ушлаб туради.
  • Қон босимини тартибга солишга ёрдам беради.
  • Юрак қон-томир касалликлари хавфини камайтиради.
  • Аденозин трифосфат (АТП) — ҳужайралардаги энергия манбаи — магний иштирокида фаол шаклга киради.
  • Энергия алмашинуви жараёнларида қатнашади.
  • Қонда глюкоза даражасини мувозанатда ушлаб туради.
  • Инсулин сезгирлигини оширади.

Магний етишмовчилиги сабаблари

Кўпчилик инсонлар магний етишмовчилиги билан яшаётганини сезмайди, чунки бу ҳолат кўпинча секин ривожланади. Унинг сабабларидан бири нотўғри овқатланишдир. Ратсионда яшил сабзавотлар, ёнғоқлар, дуккаклилар, бутун донли маҳсулотлар ва балиқ кам бўлса, танага магний етарлича кирмайди. Иккинчи асосий сабаб – стресс. Узоқ давом этадиган руҳий ёки жисмоний стресс организмда магний захираларининг тезроқ сарфланишига олиб келади. Бу эса, магний танқислигига олиб келади.

Бундан ташқари, айрим дорилар магний миқдорини камайтириши мумкин. Диуретиклар, антибиотиклар ва сурги воситалари организмдан магнийни ювиб чиқаради. Қандли диабет билан касалланган беморлар, ичакдаги сўрилиш бузилган кишилар, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилувчилар ҳам хавф гуруҳига киради. Уларнинг организмида магний етарли даражада сўрилмайди ёки тез йўқотилади.

Магний танқислигининг белгилар

Магний етишмовчилиги турлича белгилар билан намоён бўлиши мумкин. Бунга доимий чарчоқ, асабийлик, уйқусизлик, мушакларнинг қисилиши, титраш, юрак уришининг нотекислиги, бош оғриғи ва ич қотиши киради. Баъзида бу ҳолатлар бошқача сабаблар билан изоҳланади, шунинг учун аниқлаш қийин бўлиши мумкин. Аммо доимий тарзда юқоридаги белгилар кузатилса, магний даражасини текширтириш лозим.

Болаларда магний танқислиги ўқишга қизиқмаслик, диққатни жамлай олмаслик, безовталик ва уйқу бузилишларига сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёлларда эса магний танқислиги эрта туғруқ хавфини оширади ва ҳомиланинг асаб тизими ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кексаларда эса юрак ва суяк билан боғлиқ муаммолар кучаяди.

Магнийга бой маҳсулотлар

Магний табиий равишда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотларида мавжуд. Яшил баргли сабзавотлар, хусусан исмалоқ ва петрушка магнийга бой. Бундан ташқари, бодом, ёнғоқ, кунгабоқар уруғи, банан, авакадо, қора шоколад, ловия, соя, тўлиқ донли маҳсулотлар ҳам магний манбаи ҳисобланади. Балиқ турлари, айниқса лосос ва макрел, магнийга бой маҳсулотлар сирасига киради. Катталар учун кунлик магний эҳтиёжи 300-400 мг атрофида бўлиб, бу кўрсаткич жинс, ёш, жисмоний фаоллик ва соғлиқ ҳолатига қараб ўзгаради.

Соғлом ва мувозанатли овқатланиш орқали магний эҳтиёжини қоплаш мумкин. Аммо баъзи ҳолларда, айниқса стрессли ҳаёт тарзига эга бўлганлар ёки сурункали касалликка чалинганлар учун магний қўшимчалари керак бўлиши мумкин. Шунга қарамай, ҳар қандай қўшимчани шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш лозим.

Магний ва юрак саломатлиги

Магний юрак-қон томир тизими учун алоҳида аҳамиятга эга. У қон босимини меъёрлаштиради, юрак уришини барқарорлаштиради ва томирларнинг силлиқ мушакларига ижобий таъсир кўрсатади. Тадқиқотларга кўра, магний етишмовчилиги гипертония, юрак ишемик касалликлари, юрак уриш ритмининг бузилиши ва инсулт хавфини оширади. Шунингдек, магний қон томирлардаги яллиғланиш жараёнларини камайтиради ва қондаги холестерин даражасини назорат қилишда ёрдам беради. Шу сабабли юрак муаммолари билан дуч келган беморлар учун магний даражасини кузатиш ва керакли даражада сақлаш ниҳоятда муҳим.

Магний ва нерв тизими

Магний нерв тизимининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. У верв импулсларининг узатилишини бошқаради ва нейротрансмиттерлар ишлаб чиқарилишида иштирок этади. Бу эса стрессга қарши курашда магний муҳим рол ўйнайди. Магний танқислиги ҳолатида инсон асабийлашувчан, депрессив ва безовта бўлиб қолади. Шунингдек, уйқусизлик, диққат етишмовчилиги ва кайфиятнинг тез-тез ўзгариши ҳам магний билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли магний кўпинча стрессга қарши курашувчи “табиий восита” сифатида қаралади.

Магний қабул қилишда эҳтиёт чоралар

Магний фойдали бўлишига қарамай, уни ортиқча миқдорда истеъмол қилиш ҳам зарарли бўлиши мумкин. Жуда кўп магний организмда ич кетиши, оғриқ, қусиш ва ҳатто юрак ритмининг бузилишига олиб келиши мумкин. Айниқса, буйрак фаолияти заиф бўлган одамларда магний кўпайиб кетиши жиддий оқибатларга олиб келади. Шу сабабли магний қўшимчаларини фақат шифокор назорати остида истеъмол қилиш керак. Табиий озиқ-овқат манбаларидан олинаётган магний эса, одатда, саломатлик учун хавфсиз ҳисобланади.

Dori vositalarining tasiri: Tabiati, Turlari va Organizmga Ta'siri

Хулоса

Магний организмда кўплаб муҳим функсияларни бажарувчи, соғлом ҳаёт тарзининг ажралмас бир қисмидир. Унинг етишмовчилиги соғлиққа салбий таъсир кўрсатади ва турли касалликлар хавфини оширади. Соғлом овқатланиш ва ҳаёт тарзига эътибор бериш орқали магний эҳтиёжини табиий усулда қондириш мумкин. Бунинг учун магнийга бой маҳсулотларни мунтазам равишда истеъмол қилиш, стрессни камайтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва организм ҳолатини назорат қилиб бориш муҳимдир. Шу йўл билан инсон ўзининг умумий соғлигини сақлаб қолиши ва турли касалликлардан ҳимояланиши мумкин.