Қон томирлар катта-кичик шаклдаги найлар тизимидан тузилган бўлиб, қонни барча аъзо ва тўқималарга етказиб бериш ва қонни фақат қон томирларда оқишини таъминлайди. Қон томирларга артериялар, артериолалар, қон капиллярлари(гемокапиллярлар), венуллалар, веналар ва артериолавенуллар анастомозлар киради.
Томирлар деворининг тузилиши. Капиллярлардан ташқари бошқа қон томирларининг девори бир хил қаватлардан иборат бўлади. Аммо, улар ҳам бир биридан бир неча хил хусусиятлари билан фарқланади. Томирлар девори қаватлари:
Ички – туника интима;
Ўрта – туника медиа;
Ташқи – туника эхтерна сеу адвентитиа.

Томирлар деворининг ички тузилиши
Томирларнинг ички қавати эндотелий, эндотелий ости қавати ва эластик толалардан иборат. Эндотелий эпителий тўқимасининг махсус тури бўлиб, қон ва тўқима суюқлиги ўртасида яримўтказгич вазифасини бажаради. Эндотелий базал мембранада ётади. Томирлар ички деворида бир текис жойлашади, ядроси бор қисми бўртиб туради. Томир эндотелийсининг вазифалари турлича:
- Ўзидан антитромботик омил ишлаб чиқаради. У қоннинг қон томирлар ичида ивиб қолмаслигини таъминлайди.
- Маҳаллий қон томирлари тонусини ва қон оқишини таъминлаб туради.
- Улар иммун ҳамда яллиғланиш жараёнларида иштирок этади. Улар махсус моддалар ишлаб чиқаради, улар интерлейкинлар дейилади. Улар яллиғланиш ўчоғида лейкотситларнинг фаоллашишини таъминлайди.
Эндотелий ости қавати сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан ташкил топган бўлиб, ўзида кўп миқдорда юлдузсимон ҳужайралар ҳам тутади. Бу қаватда шунингдек, кўндаланг йўналган мушак ҳужайраларини ҳам учратиш мумкин.
Эндотелий ости қаватидан чуқурроқда сийрак эластик толалар қавати жойлашган бўлиб, улар ҳалқасиман ва бўйлама тартибда жойлашган.
Томирларнинг ўрта қавати ҳалқасимон жойлашган мушак толалари ва улар орасидаги эластик ва тўрсимон толалардан иборат.
Томирларнинг ташқи яъни адвентитсиал қавати шаклланмаган бириктирувчи тўқимадан тузилган бўлиб, унда кўп миқдорда коллаген ва эластик толалар бўлади. Томирларнинг ташқи қавати бошқа аъзоларнинг бириктирувчи тўқимаси билан қўшилиб кетади. Ташқи қаватда томирларнинг томири(васа васорум) ва нерви(нерви васорум) жойлашган бўлади. Улар томир деворининг озиқланиши ва инерватсиясини таъминлайди.
Артериялар деворининг тузилишига кўра 3 гуруҳга бўлинади: эластик типдаги, мушак-эластик типдаги ва мушак типидаги артериялар.
Қон томирларнинг солиштирма хоссалари
| Қон томир типи | Диаметри | Ички парда | Ўрта парда | Ташқи парда | Аҳамияти |
| Эластик типдаги артериялар | 10 мм | Эндотелий, субендотелий, эластик тола қавати | Дарчали эластик мембраналар, оз миқдорида мушак толаси | Сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқима, томирларнинг томири ва нерви | Эластик хусусияти туфайли қоннинг юқори босимидан кейин шаклини қайта тиклай олади. |
| Мушак типидаги артериялар | 10-1 мм | Эндотелий, субендотелий, эластик мембрана | Спирал йўналган мускул толаларидан | Сийрак толали шаклланмаган бириктирувчи тўқима, томирларнинг томири ва нерви | Кўп миқдордаги мускул толалари аъзоларнинг тўлиқ қон билан таъминлайди ва қонни артериолаларга ўтказиб беради |
| Майда артериялар | 1-0,1 мм | Эндотелий, бириктирувчи тўқима, мускул ҳужайралари | 3-10 қават мушак ҳужайралари | Шаклланмаган бириктирувчи тўқима, лекин томирларнинг томирлари йўқ | Қонни артериолаларга ўтказиб беради |
| Артериолалар | 100-10 µм | Эндотелий, бириктирувчи тўқима | 1-3 қават мушак ҳужайралари | Юпқа шаклланмаган бириктирувчи тўқима | Капиллярларга қон ўтишини таъминлайди |
| Капиллярлар | 10-4 µм | Фақат эндотелий | Фақат перитситлар | Йўқ | Моддалар алмашинуви содир бўлади |
| Венуллалар | 10-100 µм | Фақат эндотелий | Сийрак мускул толалари | Йўқ | Капилярлар уларга қуйилади, Лейкотситларни бириктирувчи тўқимадан ажратади |
| Майда веналар | 0,1-1 мм | Эндотелий, бириктирувчи тўқима, мускул толалари | 2-3 қават мушак толалари | Сийрак толали бириктирувчи тўқима | Қонни венуллалардан қабул қилади |
| Ўрта катталикдаги веналар | 1-10 мм | Эндотелий, бириктирувчи тўқима, мушак ҳужайралари, клапанлар мавжуд | 3-5 қават мушак толалари | Бўйлама йўналган мушак ҳужайралари | Қонни майда веналардан йиғади |
| Йирик веналар | 10 мм | Эндотелий, бириктирувчи тўқима, мушак ҳужайралари, клапанлар мавжуд | 5 қават мушак ҳужайралари, улар орасидаги коллаген толалар | Сийрак толали бириктирувчи тўқима, кўндаланг йўналган мушак ҳужайралари | Қонни юркка ҳайдайди |

Капиллярларнинг қайси аъзода жойлашишига кўра бир неча хил бўлади. Биринчи тури узлуксиз капиллярлар бўлиб, узлуксиз жойлашган эндотелий ва базал мембранадан иборат. Улар терида, мушакда ва нерв системасида бўлади. Иккинчиси фенестрланган капиллярлар бўлиб, девори кичик тешикчалар тутган эндотелий ва узлуксиз базал мембранадан иборат. Фенестрланган капиллярлар ичак ворсинкаларида, эндокрин безларида ва буйрак коптокчаларида бўлади.
Учинчиси синусоид капиллярлар бўлиб, илма-тешик эндотелий ва узуқ-юлуқ базал мембрана тутади. Бу турдаги капиллярлар суяк кўмигида, талоқда ва баъзи эндокрин безларида учрайди. Жигар ҳужайраларида синусоид капиллярларнинг махсус тури учрайди. Уларнинг базал мембранаси умуман йўқ.
Артериол-венуляр анастомозлар, у шундай тизимки, артерияларда оқаётган қон капиллярларга қуйилмасдан тўғридан тўғри веналарга ўтиб кетади. Томирлардаги қон оқимининг бошқарилишида ва қон босимини меъёрида ушлаб туришда катта аҳамиятга эга. Улар туфайли қон аъзоларга кераклича етказилади.

А- узлуксиз;
Б- фенестрланган;
C- синусоид.
