Британиялик ботаник, қутбшунос Константин Жон Фиппс 1774-йилда Шимолий қутбга қилган денгиз сафарида ажойиб ҳайвонга дуч келади. У ташқи кўринишидан одатдаги қўнғир айиққа ўхшар, лекин юнгининг тамоман оқ бўлиши ва йиртқич ҳаёт кечириши билан фарқ қилар эди. Фиппс қутб айиғига Урсус маритимус, яъни “денгиз айиғи” деб ном берди.
Қутб айиғи (Урсус маритимус) систематик жиҳатдан йиртқичлар (Карнивора) туркуми айиқлар (Урсидае) оиласи айиқлар (Урсинае) кенжа оиласи айиқ (Урсус) уруғи мансуб бўлиб, у ҳозирги мавжуд йиртқичлар туркумининг энг йирик вакили ҳисобланади. Вояга етган эркак қутб айиғининг оғирлиги 350-700 кг атрофида бўлади. Эволутсион жиҳатдан у қўнғир айиқ (Урсус арктос) га энг яқин тур бўлиб, ундан алоҳида экологик токчада ривожланганлиги, жумладан танасининг совуқ иқлим шароитига, доимий равишда муз, қор устида юришга, сувда сузишга ва озуқа ратсионининг асосий қисмини ташкил этувчи тюленларни овлашга мослашгани билан фарқланади. Қутб айиғи қуруқликда туғилса-да, умрининг асосий қисмини денгизда ўтказгани учун уни денгиз сутемизувчиси сифатида классификатсия қилинади.

Қутб айиғи эволутсияси ва таксономияси
Айиқлар (Урсидае) оиласи бошқа йиртқичлар вакилларидан 38 млн йил аввал дивергенсия қилган. Ҳозирги айиқлар (Урсинае) кенжа оиласининг дивергенсия ёши эса 4,2 млн йилни ташкил этади. Қутб айиқларига оид энг қадимги қазилма қолдиқлар эса 2004-йилда Шпинтсберген архипелагининг Шаҳзода Карл ерлари оролидан топилган. Топилма тахминан 110-130 минг ёшда эди. Қутб айиғининг ёши борасидаги ДНК таҳлиллари нисбатан аниқ маълумотларни беради. Митохондриал ДНК таҳлилига кўра қутб айиғи ва ҳозирги қўнғир айиқ орасидаги дивергенсия 150 минг йил аввал содир бўлган.
Аввал бошда ушбу турнинг икки кенжа тури фарқланган: К.Ж.Фиппс томонидан 1774-йилда кашф этилган Америка қутб айиғи (Урсус маритимус маритимус) ва П.С.Паллас томонидан 1776-йилда кашф этилган Сибир қутб айиғи (Урсус маритимус маринус). Бироқ бугунги кунда ушбу фарқланиш инвалид ҳисобланади ва ушбу икки кенжа тур аслида ягона тур эканлигини қайд этилади. Яна бир кенжа тур Плейстотсен (Кайназой эраси Тўртламчи даврнинг эпохаси, 2,588 млн йил аввал бошланиб 11,7 минг йил аввал якунланган) эпохасида яшаб қирилиб кетган Урсус маритимус тйраннус аниқлан бўлиб, айрим қазилма қолдиқлар унинг аслида қутб айиғи эмас, балки қўнғир айиқ бўлганлигини айтади, бу ҳолат бугунги кунда баҳсли ҳисобланади.
Қутб айиғининг тарқалиши ва популятсияси
Қутб айиғи Шимолий муз океани атрофидаги қуруқликларда ва унга қўшни бўлган оролларда тарқалган. Улар доимий равишда музликлар билан қопланган минтақаларда яшайди. Қутб айиқларининг умумий сонини ҳисоблаш бўйича биологлар аниқ рақамни келтира олишмайди. Бунга сабаб қилиб улар яшайдиган муҳитнинг яхши ўрганилмаганлиги, шу билан бирга тадқиқот олиб боришга тўсқинлик қилувчи бир қатор чекловларнинг мавжудлиги кўрсатилади. Шундай бўлса-да, бир-биридан мустақил турли тадқиқотларда айни вақтда Ер юзидаги қутб айиқлари сонини 20-25 минг ёки 22-31 минг атрофида деб кўрсатилади. Умумий ҳолатда Шимолий муз океани атрофида қутб айиғининг 19 та субпопулятсиялари қайд этилган. 2017-йилги маълумотга кўра, ушбу субпопулятсияларнинг биттаси камайиш, иккитаси ўсиш, еттитаси стабил ҳолатда ва 9 таси ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
