Ҳомиладорликда иситма чиқиши билан ҳомиладорликка хос қизишни ўзаро фарқлаш қийин бўлиши мумкин.
Ҳомиладорлик даврида иситма чиқиши ҳақида билишингиз керак бўлган муҳим нарсалар, шу жумладан, ҳомиладор аёлларда иситма нималиги, тана ҳарорати кўтарилиб, иситма қилганда қандай дори ичиш мумкинлиги ва иситма сизга ва ўсаётган болангизга олиб келиши мумкин бўлган хавфларни минималлаштириш учун шифокорингизга мурожаат қилишнинг аҳамияти ҳақида қуйидаги мақола орқали маълумот бериб ўтамиз.
Ҳомиладорликда иситма нима?
Иситма ҳақида гап кетганда, термометрдаги рақамлар сизнинг аломатларингизнинг қай даражада оғирлигини кўрсатади. Одатдагидек, ҳомиладорлик пайтида ҳам қоидалар бир хил: 37.7 C даража ва ундан юқори тана ҳарорати иситма деб ҳисобланади.
Агар ҳароратингиз 38,0 C даражага етса ёки унда ошишда давом этса, ярим кечаси бўлса ҳам шифокорга мурожаат қилинг.
Агар сизда шамоллаш ёки гриппнинг аломатлари сезилмаса ва сизнинг иситмангиз 37.7 C даражага кўтарилса, уни дарҳол паратсетамол билан туширишни бошланг ва ўша куни шифокорингизга қўнғироқ қилинг, ёки, агар ҳароратингиз ярим тунда кўтарилса, эртаси куни эрталаб мурожаат қилишингиз мумкин.
Умуман олганда, 37.7 C даражагача бўлган пастроқ иситма ёки ҳарорат одатда сиз ўйлагандек ташвишланадиган нарса эмас. Айтиш керакки, бу эътиборсиз қолдирадиган нарса ҳам эмас. Шунинг учун рақамлар кўтарила бошламаслигига ишонч ҳосил қилиш учун термометр билан ўлчаб, тана ҳароратингизни кузатиб боринг.
Ҳомиладорликда тана ҳарорати ошишига сабаб нима?
Шамоллаш (ЎРВИ)
Аслида, ҳомиладорликда шамоллаш каби кенг тарқалган вирусли инфексияларга дучор бўлишингиз эҳтимоли юқори. Чунки бу даврда иммунитет тизимингиз ўзгаришларга учрайди ва танангиз бегона деб ҳисоблаган ҳомилангизни рад этилишидан ҳимоя қилади. Натижада, одатдагидан кўра, ҳомиладорлик даври давомида кўпроқ шамоллашингиз мумкин. Бу инфексиялар натижасида эса, иситма чиқиши кузатилади.

Грипп
Шамоллаш каби ҳомиладорлик пайтида иммунитет тизимининг ўзгариши гриппни юқтириш хавфини ошириши мумкин.
Паст даражадаги иситма шамоллаш каби хавфли вирусли инфексиянинг натижаси, юқори иситма эса гриппнинг аломати ҳисобланади. Грипп билан касалланганда иситма чиқиши каби аломатларидан ташқари, тана оғриғи ва титроқ ҳам юзага келади.
Диққат! Бўлажак оналар ҳомиладорлик пайтида грипп билан касалланмаслиги, имкон қадар унинг олдини олишлари ҳомила саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга!
Бактериал инфексиялар
Баъзида иситма антибиотикларни талаб қилиши мумкин бўлган бактериал инфексия, масалан, сийдик йўллари инфексияси, буйрак инфексияси ёки томоқдаги стрептококклар каби бактериал инфексиялар туфайли келиб чиқиши мумкин.
Листериоз
Умуман олганда, листериоз билан касалланиш эҳтимоли жуда паст бўлса ҳам, ҳомиладор аёл ҳомиладорлик пайтида турли касалликлардан эҳтиёт бўлиши лозим.
Ҳомиладорлик даврида листерия бактерияларига дуч келмаслик учун ҳомиладор аёллар хом гўшт, балиқ ва пастеризатсия қилинмаган пишлоқни истеъмол қилишдан сақланишлари керак, бу ҳам юқори иситмани келтириб чиқариши мумкин.
Ҳомиладорликда иситма чиқиши ва КОВИД-19
Ҳомиладорликда тана ҳарорати кўтарилиши сабаби коронавируснинг янги касаллиги бўлган КОВИД-19 ҳам бўлиши мумкин. Агар сиз КОВИД-19 билан касалланганман деб ўйласангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг, чунки ҳомиладор аёлларда бу касаллик даволанмаса, жиддий асоратлари келтириб чиқариши мумкин.
Иситмани тушириш усуллари
Ҳомиладорликда иситма чиқиши кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, бунинг сабабини аниқлаш ва шунга мувофиқ ҳаракат қилиш лозим.
Шифокор қабулига борганга қадар, иситмани тушириш учун паратсетамол препаратини ичиш мумкин. Ҳомиладор вақтида, агар мутахассис томонидан тавсия этилмаган бўлса, аспирин ҳамда ибупрофен таркибли препаратларни қабул қилиш мумкин эмас.
Ҳомиладорликда иситма чиқиши кузатилганда уй шароитида бир қанча амалларни бажариш орқали тана ҳароратини маълум қадар меъёрлаштириш имконияти мавжуд:
- Совуқ ҳаммом ёки душ қабул қилинг;
- Совиб олиш ва сувсизланишнинг олдини олиш учун кўп миқдорда сув ва бошқа ичимликлар ичинг;
- Енгил кийимлар кийинг.
Ҳомиладорликда иситма чиқиши профилактикаси
Шамоллаш ёки гриппдан тез-тез қўлларингизни ювиш орқали сақланинг, бемор одамлар билан учрашманг ва жамоат жойларида кўп бўлманг.
Грипп нафақат иситмани келтириб чиқариши, балки бошқа асоратлар ҳам келтириб чиқариши мумкинлигини инобатга олиб, ҳомиладор бўлсангиз ёки ҳомиладорликни режалаштираётган бўлсангиз грипп мавсуми бошланганда гриппга қарши эмлаш олинг.
Агар бошқа аёллар билан суҳбатлашишни истасангиз, ўзингиз ва ҳомилангизни хавфга қўйиб, жамоат жойларига чиқишингиз шарт эмас, шунчаки «Лалу — Ҳомиладорлик календари» иловасини телефонингизга ўрнатиб, бошқа ҳомиладор аёллар билан суҳбатлашишинг.
Ҳомиладорликнинг бошида иситма чиқиши мумкинми?
Аслида, ҳомиладорлик пайтида исталган вақтда иситмангиз кўтарилиши мумкин. Шу жумладан илк муддатларда ҳам.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладор аёлларнинг тахминан учдан бир қисмида ҳомиладорлик даврида иситмаси кўтарилади ва кўпчилиги соғлом болаларни дунёга келтиради.
Аммо ҳомиладорлик пайтида исталган вақтда иситма кўтарилиши мумкин бўлсада, ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталаридаги грипп ва шу каби инфексион касалликлар туфайли юзага келадиган юқори иситма кейинчалик шу сабаблар билан учраши мумкин бўлган иситмага қараганда анча хавфли бўлиши кузатилган. Яъни илк муддатларда кузатилган грипп, шамоллашлар ҳомила учун хавфли бўлиш эҳтимоли юқори.
Илмий нашрларда чоп этилган иситма билан боғлиқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, биринчи триместрда юқори иситма бўлиши турли хил туғма нуқсонлар ривожланиш хавфини оширади.
Ҳомиладорликда иситма чиқиши ҳомилага қандай таъсир қилиши мумкин?
Иситма ҳомиладорлигингизга таъсир қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. 37,4-37,6 C даражагача бўлган енгил иситма одатда ташвишга сабаб бўлмайди ва сизнинг ўсаётган чақалоғингизга жиддий таъсир ўтказмайди.
Аммо юқори иситма хавфли бўлиши мумкин, шунинг учун ушбу рақамлар кўтарилишини кўришингиз биланоқ, шифокорга мурожаат қилишингиз ва юқорида таъкидланган усуллар билан иситмани тушириш жуда муҳимдир.
Даволанмасдан ўтказиб юборилган юқори даражадаги иситма асоратларидан аёл ва ҳомила азият чекиш эҳтимоли кўпроқ бўлсада, бунга иситманинг ўзи бевосита сабаб бўлмаслиги мумкин. Одатда, юзага келиши мумкин бўлган асоратларга грипп каби инфексиялар ёки бирор ҳолат сабаб бўлади.
Шунингдек, ҳомиладорликда тана ҳарорати ошишига бефарқ бўлиб, иситма сабабчилари билан курашмаган ҳомиладор аёллар чақалоқларида аутизм касаллиги хавфи мавжудлиги ҳам баъзи тадқиқотларда аниқланган.
Аммо кўп хавотир олманг, чунки бундай ҳолат юзага келиш эҳтимоли жуда паст ва тадқиқот юзасидан аниқ хулосалар чиқаришдан олдин яна кўп изланишлар ўтказиш керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, турли инфексион касалликларни олдини олиш ва шифокор билан маслаҳатлашиб тезкор даволаниш ҳомиладорликда иситма чиқишига қарши энг яхши ҳимоя воситадир.
