Ҳомиладорлик шундай даврки, унда кўплаб ўзгаришлар кузатилади. Бу ўзгаришларни меъёр ҳамда патологиядан ажратиб олиш ҳомиладор аёлдан маъсулият, шифокордан эса, билим ва малака талаб қилади. Шундай муаммолардан бири бу ҳомиладорликда сийдикда қон бўлишидир.
Сиз ҳомиладор бўлсангиз ва сийдигингизда қонни кўрсангиз ёки шифокорингиз пешоб таҳлилида унда қон мавжудлигини аниқласа, бу сийдик йўлининг яллиғланиш касаллигининг белгиси бўлиши мумкин. Сийдик йўли яллиғланиши сийдик йўлларида, одатда, бактериялар келтириб чиқарадиган инфексион ҳолат натижаси ҳисобланади.
Ҳомиладорликда бу ҳолат тез-тез учрайди, чунки ўсаётган ҳомила қовуқ ва сийдик йўлларига босим ўтказиши мумкин. Бу эса бактерияларни ушлаб турилишига ёки сийдик оқишига олиб келади.
Сийдик йўли яллиғланишининг белгилари қандай?
Сийдик йўллари яллиғланиш касаллигининг белгилари қуйидагилардир:
- давомли сийишга мойиллик;
- тез-тез, бироқ оз миқдорда сийдик чиқариш;
- сийдик чиқаришда ачишиш;
- иситма;
- тос суягидаги ноқулайлик;
- бел оғриғи;
- ёқимсиз ҳидли сийдик;
- қон аралаш сийдик келиши (гематурия);
- лойқа сийдик ажралиши.
Ҳомиладорликда сийдик йўллари яллиғланишига нима сабаб бўлади?
Ҳомиладорликда бу касалликнинг 3 та асосий тури мавжуд, уларнинг ҳар бирининг турли хил сабаблари бор:
Симптомсиз бактериурия
Симптомсиз бактериурия кўпинча ҳомиладорликдан олдин аёл танасида мавжуд бўлган бактериялар сабабли юзага келади. Сийдик йўли шикастланишининг бу тури сезиларли аломатларни келтириб чиқармайди. Агар даволанмаса, симптомсиз бактерияурия буйрак инфексиясига ёки ўткир қовуқ инфексиясига сабаб бўлади. Ушбу инфексия ҳомиладор аёлларнинг тахминан 1.9-9.5% да учрайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, даволанмаган асимптоматик бактериурия бўлган ҳомиладор аёлларнинг 45 фоизигача қисмида пиелонефрит ривожланади.*
Ўткир уретрит ёки систит
Уретрит – бу сийдик йўлининг яллиғланиши, систит — қовуқ яллиғланиши. Бу 2 та ҳолатни ҳам бактериал инфексия (кўпинча Э. коли) келтириб чиқаради.
Пиелонефрит
Пиелонефрит – буйрак инфексияси. Бу қон айланиши ёки сийдик йўлларнинг бошқа жойларидан буйракларингизга кирадиган бактериялар сабабли содир бўлиши мумкин. Бунда ҳомиладор аёлда пешобида қон билан бир қаторда, иситма, сийдик чиқаришда оғриқ ва орқа, ён, қорин остида ёки қоринда оғриқлар каби симптомлар кузатилиши мумкин.

Ҳомиладорликда сийдик йўли инфексиясини даволаш
Ҳомиладорликда бу касалликни даволаш учун шифокорлар одатда антибиотиклардан фойдаланадилар. Шифокор ҳомиладорликда фойдаланиш учун хавфсиз бўлган антибиотикларни буюради, албатта бу антибиотиклар танангиздаги бактерияни ўлдиришда самарали бўлолади.
Ҳомиладорликда сийдикда қон бўлишига яна нималар сабаб бўлиши мумкин?
Ҳомиладор бўлишингиздан қатъий назар пешобда қон бўлиши бир нечта ҳолатларга боғлиқ бўлиши мумкин. Бунга қуйидагилар киради:
- қовуқда ёки буйракда тош бўлиши;
- гломерулонефрит, буйракнинг тозалаш тизимининг яллиғланиши;
- сийдик ёки қовуқ саратони;
- буйрак шикастланиши, масалан йиқилиш ёки автоҳалокат натижасида;
- ўроқсимон анемия ёки алпорт синдроми.
Бу каби гематурияга (қон аралаш сийдик келиши) сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш баъзида шифокорга ҳам қийинчилик туғдиради.
Шу сабабдан, агар ҳомиладорликда аёлда сийдик аралаш қон кетиши кузатилса, албатта, шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Гематурия одатда зарарсиз бўлсада, бу жиддий касалликнинг илк белгиларидан бири ҳам бўлиши мумкин.
Агар сиз ҳомиладор бўлсангиз ва қон аралаш сийдик келиши ҳолати бўлса, шифокорингиз билан боғланинг. Сийдик йўли шикастланишлари мунтазам текширтириш ҳомиладорлик аёл парваришининг бир қисми бўлиши керак.
Сийдик таҳлили ва текширувларини ўтказиш учун шифокорингиз ёки гинекологингиз билан маслаҳатлашинг.
