Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Ҳомиладорлик

Ҳомиладорликда токсикоз ва уни енгиллаштириш усуллари

Ҳомиладорликда токсикоз ҳомиладорликнинг умумий белгиси бўлиб, кўнгил айниши ва вақти-вақти билан қайт қилиш билан ажралиб туради. Токсикоз одатда эрталабги кўнгил айниши билан безовта қилиши билан бир қаторда, куннинг исталган вақтида ҳам худди шу белгилар билан ҳомиладор аёлга турли ноқулайликлар туғдириши мумкин.

Токсикоз одатда, ҳомиладорликнинг биринчи учойлигида содир бўлади ва унга ҳомиладорликнинг биринчи белгиларидан бири сифатида қаралади. Ҳомиладор аёлларнинг тахминан 70-80 фоизи биринчи триместрда кўнгил айниши ёки қусиш каби безовталикларни бошдан кечиришади.

Ҳомиладорликда токсикоз қачон бошланади?

Ҳомиладорликнинг кўнгил айниши ва қайт қилиш одатда ҳомиладорликнинг 9 ҳафтасидан олдин бошланади. Ва аксарият аёлларда бу ҳомиладорликнинг 14-ҳафтасида йўқолади. Баъзи аёлларда эса токсикоз бир неча ҳафта ёки ой давом этади. Баъзи аёлларда эса бу бутун ҳомиладорлик даври давомида безовта қилади.

Ҳомиладорликда кўнгил айниши ва қусиши одатда ҳомилага зарар етказмайди, лекин бу сизнинг ҳаётингизга, шу жумладан иш қобилиятингизга ёки одатдаги кундалик машғулотларингизга ёмон таъсир қилиши мумкин. Ўзингизни яхши ҳис қилишингиз ва аломатларнинг ёмонлашмаслигини таъминлайдиган токсикозни даволашнинг хавфсиз вариантлари мавжуд. Ушбу мақоламиз орқали ҳомиладорликда токсикозни уй шароитида даволаш ёки енгиллатиш усуллари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Кўпроқ дам олинг

Кўпинча биринчи триместрда, бўлажак она ўзини заиф, уйқучан ҳис қилади, дам олишни хоҳлайди ва баъзида у шунчаки ҳаракат қилишга куч тополмайди. Бу, албатта, токсикоз эмас, лекин агар бундай ҳислар пайдо бўлса, тасодифан кўнгил айнишнинг яна бир хуружини қўзғатмаслик учун уларга ён босиш керак. Кўпроқ дам олинг ва тўсатдан кескин ҳаракатлар қилманг.

Шамоллатилган хонада ухланг: ётоқхонадаги ҳаво тоза ва салқин бўлиши керак. Доим ўз вақтида ухланг, ярим тунда телевизор ёки компютер олдида ўтирманг, барча безовта қилувчи омилларни йўқ қилинг: ноқулай матрас, адёл, ёстиқ, қаттиқ тўшак, чунки уйқу етишмаслиги ҳам эрталабки кўнгил айнишига олиб келиши мумкин.

Ҳомиладорликда токсикоз хуружидан қочиш учун тўғри овқатланинг

Кам-камдан кунига 5-6 марта, ҳатто ундан ҳам кўп маротаба ва ҳар доим кам-камдан овқатланинг. Бу токсикозни енгиллаштиришга хизмат қилиши мумкин.

Эрталаб уйғонганингизда дарҳол тўшагингиздан турманг. Токсикозга қарши энг самарали усуллардан бири ётоқда нонушта қилишдир. Кечқурун қатиқ ёки эрталаб истеъмол қилишни ёқтирадиган исталган маҳсулотни ётоғингизнинг ёнига қўйинг. Эрталаб эса, туришдан олдин овқатланинг, кейин бир оз ётинг. Бу билан эрталабки токсикоз умуман безовта қилмаслиги ёки жуда енгил кузатилишига эришиш мумкин.

ҳомиладорлик

Одатда, токсикозда ёғли, дудланган, тузланган, газланган сув ичиш тавсия этилмайди (одатий хавфли озиқ-овқат тўплами). Аммо, эҳтимол баъзи жуда соғлом бўлмаган маҳсулотлар ҳомиладорликда сизга ёқиши ва баъзи соғлом овқатлар, аксинча, кўнгил айнишига олиб келиши ҳам мумкин. «Ҳомиладорлар инжиқликлари» — кечаси балиқ ёки бодринг билан торт ейиш истаги — бу танадан озиқ-овқатнинг у ёки бу таркибий қисмига муҳтожлиги ҳақидаги сўровларидир.

Масалан, бўр чайнаш истаги калсий етишмаслигининг белгисидир. 

Агар бирор маҳсулотни ейишни ёки ичишни хоҳламасангиз, ҳатто бу маҳсулот жуда фойдали ва зарур бўлса ҳам, уни истеъмол қилманг.

Тез-тез суюқлик ичинг

Токсикоз кўнгил айниши билан чегараланмаслиги мумкин, баъзида қусиш ҳам қўшилиши мумкин. Бу шуни англатадики, организмда суюқлик йўқолади. Шунинг учун, овқатланиш оралиғида тез-тез сув ичинг: бир-икки қултум газланмаган минерал сув ёки лимонли чой кўнгил айнишни енгишга ва йўқолган суюқлик ўрнини тўлдиришга ёрдам беради. Аммо суюқликни кичик қултумлар ҳолида ичишингиз керак. Бундан ташқари, бир муддат шўрвалардан воз кечишингиз керак, чунки кўп миқдорда суюқлик ичиш ва суюқ овқатланиш, аксинча кўнгил айниши ва қайт қилишни келтириб чиқариши мумкин.

Тоза ҳаводан нафас олинг

Тоза ҳавода юриш ҳамма учун фойдалидир, бу айниқса токсикоз билан курашаётган ҳомиладор аёллар учун икки хисса фойдалидир. Биринчидан, юриш пайтида ҳомиладор она ва чақалоқнинг қони кислород билан тўйинган бўлиб, бу соғлиқ учун жуда муҳим, иккинчидан, юриш асаб тизимини тинчлантиради. 

Бу омиллар биргаликда токсикознинг нохуш аломатларини камайтиришга ёрдам беради. Сиз кунига камида икки соат пиёда сайр қилишингиз керак, сайр нафақат кўча бўйлаб, балки ҳавоси тоза жойларда: ўрмонда, паркда, очиқ майдонларда ва энг муҳими, шаҳар ташқарисида бўлса жуда ҳам самарали бўлади. Кўчага чиқишдан олдин, маршрутни ўйлаб кўринг: газ билан ифлосланган магистрал йўллардан, кўча кафеларидан, озиқ-овқат дўконларидан ва бошқа «хушбўй ҳидли» жойлардан имкон қадар юрманг.

Хушбўй ҳидлардан қочинг

Биринчи триместрда таъм ва ҳидга ҳомиладор аёлнинг муносабати ўзгаради. Энди сизнинг севимли атирингиз ҳам кўнгил айниши, бош оғриғи ва аллергик реаксияга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, сизни безовта қиладиган барча хушбўй косметика воситаларидан вақтинча воз кечинг: парфюмерия, дезодорантлар, кремлар ва бошқалар. Турмуш ўртоғингизга ҳам сизни безовта қилаётган ҳидли атирларидан фойдаланмаслигини тушунтиришингиз мумкин, албатта булар инжиқлик эмас, балки вақтинчалик чора, тез орада ҳаммаси нормал ҳолатга қайтади.

Гўзаллик маҳсулотларисиз нима қиламан, деб ташвишланманг. Косметик дўконлар ҳам, дорихоналар ҳам ҳидсиз ёки минимал ҳидли турли хил кремлар ва шампунлар билан тўла.

Ҳомиладорликда токсикоз: Ўз устингизда ишланг

Психологларнинг фикрича, токсикознинг сабаби нафақат гормонал ўзгаришлар, балки аёлнинг психологик ҳолати ҳамдадир. Аёл қанчалик кўп ташвиш ва қўрқув остида бўлса, токсикоз шунчалик аниқ ва кучли бўлиши мумкин. Идеал ҳолда, ҳомиладорлик пайтида ҳар қандай стрессдан ўзингизни чеклаш яхшироқдир. 

Албатта, асабийлашиш ёки ташвишланишдан қочиш ҳар доим ҳам имконсиз, лекин телевизорни камроқ кўриш, интернетда салбий янгиликлар ва ҳомиладорликнинг «даҳшатли ҳикояларини» ўқимаслик, кундалик маиший муаммоларга чап бериш имконияти ҳар бир аёлда мавжуд. 

Агар сиз ўзингиз билан кураша олмасангиз психологларга мурожаат қилинг. Токсикоз ҳақиқатан ҳам психотерапия ёрдамида яхши даволанади. Асосийси, бўлажак она ўз ташвишлариидан, жумладан токсикоздан халос бўлишни исташи лозим.