Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Ботаника

Ҳосил қилувчи тўқима – меристема нима

Меристема бу ўсимликнинг бутун умри давомида ўзининг фаол кўпайиш хусусияти ва физиологик фаоллиги сақлаб қолувчи, ўсимлик умумий массасининг доимий ортиб боришига сабаб бўлувчи, шу билан бирга бошқа муҳим тўқималарни ҳосил бўлишига жавобгар тўқималарнинг умумий номи ҳисобланади.

Ўсимлик ҳужайралари ихтисослашгандан сўнг ўзининг кўпайиш хусусиятини йўқотади, шу билан бирга улар бошқа типдаги ҳужайраларга айлана олмайди. Меристема ҳужайралари жуда оз ихтисослашган ёки умуман ихтисослашмаган бўлади. Меристема ҳужайралари бошқа ҳужайралардан фарқли равишда майда бўлиб, ҳужайранинг асосий қисмини ситоплазма ташкил этади. Ядроси йирик, ҳужайра ҳажмининг ярмини ташкил этади, мембранасида жуда кўп поралар мавжуд. Вакуолалари ниҳоятда кичкина. Шаклланган пластидалар мавжуд эмас. Ҳужайралар ўзаро зич жойлашган, ҳужайралараро моддаси кам бўлади.

Меристема ҳужайралари митоз усулида кўпаяди. Ҳосил бўлган ҳужайраларнинг бири меристема сифатида сақланиб қолса, иккинчиси ихтисослашиб бошқа тўқима ҳужайрасига айланади. Меристема ҳужайралари ичидаги инитсиал ҳужайра фаол бўлиниш хусусиятига эга бўлиб, у бўлинганда ҳосил қилган бўлажак бошқа тўқима ҳужайрасидан ҳажми ва вакуолалари сони билан фарқланади. Меристема атамасини илк маротаба немис ботаниги Карл Вилгелм фон Негели “Ботаника фанига қўшилган ҳиссалар” асарида келтириб ўтади.

Меристема ва унинг турлари

Меристема тўқимасининг уч тури фарқланади: апикал (учки қисмда), интеркаляр (ўртада) ва латерал (ён томонда).

Апикал меристема бутунлай ихтисослашмаган ҳужайралар тўпламидан иборат бўлиб, унинг икки тури фарқланади. Поянинг апикал меристемаси (ПАМ) ва илдизнинг апикал меристемаси (ИАМ). ПАМ ва ИАМ ҳужайралари чексиз бўлиниш хусусиятига эга бўлиб, бу хусусияти билан ҳайвонларнинг асос ҳужайраларига ўхшаб кетади. Ҳужайраларнинг неча қават бўлиб жойлашиши ўсимлик турига боғлиқ.

Поянинг апикал меристемаси ўсимликнинг барча ер устки қисмларининг (барг, гуллар) ҳосил бўлишига жавобгар ҳисобланади. Поянинг учидаги меристема ҳужайраси асос ҳужайра вазифасини ўтаб бошланғич барг ва гулни ҳосил қилади.

Илдизнинг апикал меристемаси ПАМдан фарқли равишда икки хил ўлчамдаги ҳужайраларни ҳосил қилади. Ўсиш нуқтасининг марказидаги сокин марказ (СК) деб номланувчи ҳужайралар (бу марказ ҳужайралари жуда секинлик билан бўлинади) ва илдизнинг ҳосил бўлишида фаол иштирок этувчи ҳужайралар.

Интеркаляр меристема ёпиқ уруғли ўсимликлардан фақат бир уруғпаллалиларда учрайди. Ушбу меристема тўқимаси бир уруғ паллалиларнинг ўтсимон вакилларида, барг қини ҳамда поядаги бўғимларда жойлашади. Шу билан бирга йўсинларда ҳам интеркаляр ўсиш кузатилади. Интеркаляр меристеманинг асосий вазифаси ўт формасидаги ўсимликнинг тезликда ўсишини таъминлашдан иборатдир. Масалан, бамбук поясининг бўғимларида жойлашган интеркаляр меристема поянинг тезликда чўзилишини таъминлайди. Шу билан бирга ўтсимон ўсимликларда жароҳатланган баргларни тезда қайта тикланишига ҳам жавобгар ҳисобланади.

Латереал меристема ўсимликларнинг ён томонга ўсишини таъминлайди. Ушбу ҳужайралар ўсимликнинг ўқ органлари атрофида жойлашади. Уларга камбий, қўшимча камбий ва феллоген киради.