Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Саломатлик

Aлла ҳақида малумот

Абу Али ибн Сино ўзининг машҳур «Тиб қонунлари» китобида бола тарбиясида алланинг аҳамияти тўғрисида шундай ёзади: «Боланинг мижозини кучайтирмоқ учун, унга икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси уни ухлатиш учун одат бўлиб қолган мусиқа ва аллалашдир. Шу иккисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадантарбияга ва руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди ҳосил бўлади». Алла — бешик қўшиғи, у халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам кенг куйланган. Болани йўргаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғонган болани йўргакдан ечиб олиш сингари машғулотлар куйлар, чиройли оҳангдор сўзлар билан безалган бўлади… Бундай дилни эркаловчи қўшиқлар болага ҳам хуш ёққан – ана шу шеърий тўқималар турли воқеаларга, айрим маросимларга боғлаб айтилган бу қўшиқни алла қўшиқлари дейишган.
Алла айтишни ўргатувчи, бадиҳагўй аёллар бўлган. Бундай аёлларга энагалар ҳам киради. Алла бола туғилгандан то бешикдан чиққунча айтилган.
…Қўли арслон билаклигим, алла,
Ботир, қоплон юраклигим, алла.
Яхши-ёмон кунимда, алла.
Менга жуда кераклигим, алла.
Бешик қўшиқлари оналарнинг орзу ва армонлари билан биргаликда турли тарихий воқеалар, ижтимоий ҳаётга муносабат ҳам баён этилади. Оналар ҳеч кимга айтолмаган юрак дардларини чақалоғига, боласига алла орқали айтган ва бундан маълум даражада енгил тортган.
Алла ўз даврининг лирик кайфиятдаги руҳий кўзгудир. Онанинг ёқимли оҳанглари ичида давр муҳити, кишилар тирикчилиги, ижтимоий-маиший ҳаёт, кишилар ўртасидаги муносабатлар, қарама-қаршиликлар оддий сўзларнинг гўзал ва бадиий, руҳий қудрати ўз ифодасини топган.
…Гули савсарни кўринг, алла,
Сувга қараб қайриладир, алла.
Бевафо ёрни кўринг, алла.
Ўлмай туриб айриладир, алла…
Алла – умуминсоний қўшиқдир. У турли тилларда айтилиши мумкин, аммо унинг замирида бир нарса онанинг фарзандига чексиз меҳру муҳаббати ётади…
Алла айтай, жоним болам,
Қулоқ солгин, алла
Ширин аллам тинглаб аста,
Ухлаб қолгин, алла
Юзларинга томган сувга
Ҳайрон бўлма, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин,
Хазон бўлма, алла
Истиқболинг порлоқ сенинг,
Жажжигинам, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин,
Хазон бўлма, алла
Севганимдан ёдгоримсан,
Олтин қўзим, алла-ё
Мен шўрликдай тўкилмагин,
Кўрар кўзим, алла
Алла, алла, алла-ё
* * *
Болагинам боласи, алла,
Қантак ўрик донаси, алла.
Қантдан ҳам ширин экан, алла,
Болагинамнинг боласи, алла.
Боғда узумнинг ғўраси, алла,
Тоғда кийикнинг боласи, алла.
Дўпписида уккипари, алла,
Бу кимнинг невараси, алла.
Асака йўли тўп чинор, алла.
Болалар отини қамчилар, алла.
«Буви» деган тилингдан, алла,
Обиноввот томчилар, алла.
Алла, алла аҳди бор, алла,
Ётадиган тахти бор, алла.
Отаси бору, онаси бор, алла,
Шу боламнинг бахти бор, алла.
Оймома юзинг, алла,
Юлдузлар кўзинг, алла.
Ота-онанг гул бўлса, алла,
Ғунчаси ўзинг, алла.
Тоғдаги гулим, алла,
Уйдаги булбулим, алла.
Онаси япроғим, алла,
Боласи юмшоғим, алла.
Олмалардан бешиги, алла
Олиб қўйсин отаси, алла.
Беҳилардан бешиги, алла.
Белаб қўйсин бувиси, алла.
Аллалари ёдимда, алла.
Беланчаги ёнимда, алла,
Момоси алла айтар, алла,
Неварасин отиндан, алла.
* * *
Ўргилайин ўзингдан, алла,
Шамчироқдек кўзингдан, алла.
Обиноввот томчилар, алла,
«Буви» деган сўзингдан, алла.
Айланайин қароғим, алла,
Уйда ёнган чироғим, алла.
Дўстим кўрса, ярашиб, алла,
Душманимга яроғим, алла.
Қалам-қалам қошингдан, алла,
Қаландарлар айлансин, алла.
Хумор-хумор кўзингдан, алла,
Хуморалар айлансин, алла.
Чимчилаб қўйган бурнингдан, алла,
Чимқўрғонликлар айлансин, алла.
Ангишвонадек оғзингдан, алла,
Аровонликлар айлансин, алла.
Қўлвоғингнинг қатидан, алла,
Қўнғирот эллари айлансин, алла.
Тўшагингнинг тахидан, алла,
Туркман эллари айлансин, алла.
Бешигингнинг бандидан, алла,
Боғдод эллари айлансин, алла.
Ўрик ёрочдан бешигинг, алла,
Ўргилаб кетсин онанг, алла.
Тут ёгочдан бешигинг, алла,
Термулиб ўтсин онанг, алла.
Жийдалардан бешиги, алла,
Жирканмасин опаси, алла.
Ўриклардан бешиги, алла,
Ўйнатади акаси, алла.
Бабалаки бўпписи бор, алла,
Бошчасида дўпписи бор, алла.
Кайвони бувиси бор, алла,
Саркори буваси бор, алла.
* * *
Ойни олиб берайми, алла,
Кунни олиб берайми, алла,
Беланчагинг бошига, алла,
Сара гуллар терайми, алла?
Алла, дейин, ўпайин, алла,
Қиёсингни топайин, алла.
Тилинг чиқиб «нон» десанг, алла,
Кунда кулча ёпайин, алла.
Олтин бешик олдирай, алла,
Кумуш бешик олдирай, алла.
Болагинам тагига, алла,
Бахмал тўшак солдирай, алла.
Онаману онаман, алла,
Болам учун ёнаман, алла.
Болам тинчликда ўсса, алла.
Орзуларга қонаман, алла.
Қизил гул новдасидан, алла.
Камар қилай белингга, алла.
Сочларим толасидан, алла,
Боғич қилай тўнингга, алла.
У ёнимга қўяйин, алла,
Бу ёнимга қўяйин, алла.
Гулдек ширин исингни, алла,
Ҳидлаб-ҳидлаб тўяйин, алла.
Алла айтсам яйрайсан, алла,
Кулиб-кулиб қарайсан, алла.
Полвон қилиб ўстирсам, алла,
Бир кунимга ярайсан, алла.
Жонимнинг учи, болам, алла,
Меҳримнинг кучи болам, алла.
* * *
Алла, алла, оппоғим, алла,
Гул ичида япроғим, алла.
Кизил гулнинг бутоғи, алла,
Онанг шунинг адоғи, алла.
Ўзинг гулзор боғимсан, алла,
Суянишга тоғимсан, алла.
Қоронғу кечаларда, алла,
Ёндирган чироғимсан, алла.
Сутдан оппоқ, гулдан ислим, алла,
Бу дунёда йўқдир мислинг, алла.
Ўғилларимнинг султони, алла,
Сенга тасаддуқ. шу жоним, алла.
Орзуларим олтин тожи, алла,
Менинг жоним – шунинг божи, алла.
Алла, болам – бозорим, алла,
Диққат бўлсам, ёзарим, алла.
Ухла, кўзи хуморим, алла,
Ором ол, беозорим, алла.
Оқ шоҳидан рўмолим, алла,
Оқ юзингни артайин, алла.
Чўлпон кўзингни юм қўзим, алла,
Сенга алла айтайин, алла.
Боғимдаги гул-ғунчам, алла,
Ухлаб олсин тўйгунча, алла,
Кўк гули юлдузгина, алла,
Ой ёруғ ёлғизгина, алла.
Ой – юзи, юлдуз – кўзи, алла,
Мунча ширин бу қизгина, алла.
Алла, алла оппоғим, алла,
Гул ичида япроғим, алла.
Япроқлари сўлмагай, алла,
Паймонаси тўлмагай, алла.
Маълумки, алла куйлари ўзбек халқ ижодида узига ҳос ўрин эгаллайди.

Эсимда, кичкиналигимда ҳовлимизда биттагина тулқинга мослашган радио бўларди. Чироқ ўчса ҳам ишлайверарди. Кеч соат тўққизларда Ҳабиба Охунованинг алласи янграр эди. Чироқ учганда кўзимни юмиб эшитганимда, янада сеҳрли туюларди. Бугун қидириб топиб, кун бўйи эшитибман. Фарзандли бўлгандан сўнг, болаликдаги алларни тинглаш янада мароқли бўлар экан.

Алла айтай, жоним болам, қулоқ солгин, алла
Ширин аллам тинглаб аста, ухлаб қолгин, алла
Кўзларинга томган сувга ҳайрон бўлма, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин, ҳазон бўлма, алла

Истиқболинг порлоқ сени, жажжигинам, алла-я
Бахтимга сен катта бўлгин, ҳазон бўлма, алла

Севганимдан ёдгоримсан, олтин қўзим, алла-ё
Мен шўрликдай тўкилмагин, кўрар кўзим, алла

Алла, алла, алла-ё

Матн ҳатоликлари учун олдиндан узр. Қўшиқни тинглаб, биррови матнини ёзишга ҳаракат қилдим.

Бу мавзуда ёдимизда қолган аллалар билан бўлишсак дегандим.
Мисол учун, яна бир аллани ҳеч тополмаяпман. Матни "Алла, болам, аллаларга мухтож болам" миди... Эсимда йўқ. Литсейда ўқиганимизда синфдошим бирам чиройли куйларди шу аллани. Ҳозиргача қулоғимда. Афсуски, интернетда тополмадим. Синфдошимдан ҳам сўраб олиш имкони йўқ...

АЛЛА ҲАҚИДА
Алла – гўдак (бола)ни ухлатишда якка усулда, майин оҳанг ва паст овоз билан
айтиладиган қўшиқ. Дунёдаги ҳар бир халқнинг ўз алласи бор. Туркий халқлар,
хусусан ўзбеклар ҳам қадим-қадимдан боланинг нафақат танаси, балки руҳий олами –
маънавияти ҳам соғлом бўлишига алоҳида эътибор қаратишган. Аждодлар бола
кўнглининг соғлом ва тоза бўлиб шаклланишида бешикдалик пайтида эшитган алласи
муҳим ўрин тутишини жуда яхши билишган. Ўзбек оналари тилидан айтилган
аллаларда унинг орзуси, тўкис одам ҳақидаги идеали акс этган дейиш мумкин. Ўзбек
алласида она қалбининг ҳарорати, тилакларининг самимияти ва боласига чин инсоний
сифатлар ёр бўлишини исташидаги ҳаққоният мавжуд.
Алла матнини чақалоқ (бола) тушунмаслиги мумкин, лекин алла моҳиятига
сингдирилган она муҳаббатини, ундаги шукроналик туйғусини кўнгли билан ҳис
қилади. Аллада онанинг меҳр-муҳаббати билан бирга унинг қувончи, ғурури, айни
чоғда дарди, алами, ўкинчи, орзу-армонлари ҳам ўз ифодасини топиши мумкин.
Маълумки, ҳар қандай она оиласини фарзанди учун асрайди-ардоқлайди. Она
қалбидаги шукроналик ҳисси билан унга берилган энг олий неъмат – фарзанди учун
Худодан жмики яхши сифатларни сўрайди ва буни алласида мужассамлаштиради.
1-даража. Матн мазмуни юзасидан савол ва
топшириқлар
1. Айтингчи, алла қандай қўшиқ ва у ким учун айтилади? Саволларга матнга
таяниб жавоб беринг.
2. Оналар қачондан бошлаб алла айтишган?
3. Она алласида нималар ифодаланганини англай олдингизми?
4. Нима деб ўйлайсиз, болалар онасининг алласини тушунишадими?
5. Она фарзанди учун Худодан нималарни сўраши мумкин деб ўйлайсиз?

2-даража. Матндаги миллий руҳни англаш учун
савол ва топшириқлар
1. Ўзбек аллаларига сингдирилган ҳисларни ажратинг ва уларни ўз сўзингиз
билан ифодалашга уриниб кўринг.
2. Ўзбеклар назарда тутган “Кўнгилнинг соғлом ва тоза бўлиши”ни сиз қандай
тушундингиз ва бунда алланинг аҳамияти нимадан иборат бўлиши мумкин?
3. Ўзбек оналар ўз алласи моҳиятига сингдирган шукроналик ҳисси ҳақида ўйлаб
кўринг. Бу, сизнингча, нимадан далолат беради?
4. Ўзбек оналари алласига сингдирилган “тўкис одам” тушунчаси ҳақида ўйлаб
кўринг. Унга ўз муносабатингизни билдиринг.

3-даража. Фикрлаш ва муносабат билдириш учун
савол-топшириқлар
1. Нима деб ўйлайсиз, нега аллани фақат оналар айтадилар? Оталар ҳам алла
айтиши мумкинми? Фикрингизни асосланг.
2. Ўзбек алласига хос бўлган хусусиятлар билан сизларнинг оналарингиз айтган
аллаларнинг умумий томонлари борми? Бор бўлса улар нималарда кўринади?
3. Чақалоқнинг алла матнини тушунмагани ҳолда уни ҳис қилишини қандай
тасаввур қиласиз? Буни нималарда кўриш мумкин деб ўйлайсиз?
4. Чин инсоний сифатлар ҳақида ўйлаб кўринг. Улар, сизнинг назарингизда
қайсилар?