Бачадон бўйни эрозияси деб гинеколог кўпинча туғмаган аёлларнинг тахминан 20 фоизида учрайдиган псевдо-эрозияни (эктопия) номлайдилар. Ҳақиқий эрозия жуда кам учрайди ва қисқа вақтдан сўнг эктопияга айланади.
Биринчи гинекологик текширувда бачадон бўйни эрозияси борлиги ёки йўқлиги аниқланади. Агар топилса, қўшимча мазок олинади ва колпоскопия қилинади, натижалар асосида даволаниш белгиланади. Бачадон бўйни эрозияси нима, унинг пайдо бўлиш сабаблари ва даволаш усулларини қуйидаги мақолада кўриб чиқамиз.
Бачадон бўйни эрозияси - бу бачадон бўйниниг қин қисмидги шиллиқ қаватининг юзаки яраси бўлиб, бачадон бўйни эпителийсининг ўзгаришига олиб келади ва патологик жараён деб ҳисобланади. Бу жуда кенг тарқалган гинекологик касаллик, бачадон бўйни эрозияси фақат гинекологнинг кўрсатмаларига биноан зарурат бўлган ҳолларда даволанади.

Бачадон бўйни эрозияси келиб чиқиш сабаблари
Бачадон бўйни эрозияси кўплаб сабабларга кўра пайдо бўлиши мумкин. Улардан асосийлари: аёлларнинг жинсий тизимининг яллиғланиш жараёнлари, кимёвий ёки жисмоний шикаст етказиш (қийин туғиш, аборт) бачадон бўйни шиллиқ қаватига таъсир ва гормонал мувозанат бузилиши.
Жинсий йўл билан юқадиган инфексиялар (хламидия, трихомониаз, эндометриоз ва бошқалар) ҳам бачадон бўйни эрозиясини келтириб чиқариши мумкин.
Гинекологияда туғма эрозия тушунчаси мавжуд бўлиб, у эпителийнинг без қатламини бачадон бўйни ташқи томонидан ички қисмига силжиш жараёнининг секинлашиши билан боғлиқ (янги туғилган чақалоқларда без қатлам дастлаб ташқарида жойлашган, чақалоқ ўсиши билан у ичкарига силжиши керак).
Бачадон бўйни эрозияси аломатлари
Асосан, бачадон бўйни эрозияси аломатсиз кечади. Шунинг учун, бундай ташхис кўпчилик аёллар учун кутилмаган ҳол бўлади.
Лекин, эктопия ўзини шиллиқ ёки йирингли оқинди, қичишиш, қориннинг пастки қисмида оғриқ каби аломатлар билан намоён қилиши мумкин. Агар сизда бирон бир аломат бўлса, дарҳол гинеколог билан маслаҳатлашув зарур. Ҳеч қандай аломат безовта қилмаса ҳам, аёллар ҳар йили гинеколог текширувидан ўтишлари керак.
Эсингизда бўлсин - касалликни даволашдан кўра уни олдини олиш анча осон, айниқса, эрозия мавжуд бўлганда ўсмалар пайдо бўлиши хавфи юқори бўлади.
Бачадон бўйни эрозияси - ташхислаш
Юқорида айтиб ўтганимиздек, бачадон бўйни эрозиясининг мавжудлиги гинекологик текширув вақтида аниқланади - малакали гинекологга эктопиянинг визуал белгилари ҳатто кўз билан ҳам кўринади.
Батафсил текширув учун мазок олинади ва колпоскопия қилинади.
Колпоскопия - бу бачадон бўйни колпоскоп билан текшириш усули, тасвирни 20-30 марта катталаштирадиган оптик восита. Жараён мутлақо оғриқсиз ва энг аниқ ташхис қўйиш имконини беради.
Агар керак бўлса, гинеколог томонидан бачадон бўйни биопсияси буюрилиши мумкин. Олинган натижалар асосида кейинги даволаниш белгиланади.
Бачадон бўйни эрозиясини даволаш
Гинеколог ҳар бир бемор учун мутлақо индивидуал даволанишни буюради. Баъзида, даволаш эрозия сабабини дорилар ёрдамида йўқ қилишдан иборат бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, яллиғланишга қарши ва гормонал дорилар буюрилади.
Агар керак бўлса, антибактериал ва антивирус препаратлар, шунингдек организмнинг иммунитетини ва турли хил вирусли касалликларга чидамлилигини ошириш учун иммуномодулятор дориларни қўллаш мумкин, чунки бачадон бўйни эрозияси мавжуд бўлганда генитал инфексияларни юқтириш эҳтимоли сезиларли даражада ошади.
Бачадон бўйни эрозиясининг клиник ҳолатлари жарроҳлик аралашувни талаб қилади. Замонавий гинекология эрозияни даволашнинг бир неча усулларини таклиф этади:
- Лазер коагулятсияси энг янги технологиялардан бири бўлиб, унинг афзаллиги - эрозияга юқори аниқликда ишлов бериш имконияти, ва таъсирланиш чуқурлигини ўзгартириш қобилиятидадир. Бу, ҳам юзаки, ҳам чуқур шиллиқ қават тўқималарини даволашга имкон беради.
- Радио тўлқинли жарроҳлик - бу бачадон бўйни эрозиясининг самарали давоси бўлиб, бундай муолажа даволаниш вақтини сезиларли даражада қисқартиради. Ушбу усулнинг афзаллиги "электр куйиши"ни бўлмаслигидадир, чунки таъсир принтсипи шиллиқ қаватига термик ишлов беришга эмас, балки зарарланган ҳужайралардан сув молекулаларини "буғлантиришига" асосланган.
- Криодекструктсия - шикастланган юзани суюқ азот билан даволаш, бу патологик қисмнинг некрозини келтириб чиқаради.
- Кимёвий таъсир қилиш - эрозияга учраган бачадон бўйни майдони солковагин билан даволанади. Ушбу препарат куйдирувчи таъсирига эга. Ушбу муолажа Амалга оширилгандан сўнг, ишлов берилган юзада қобиқ пайдо бўлиб, у 3-4 кун ичида йўқолади. Бир нечта муолажалар амалга оширилиши мумкин.
Жарроҳлик аралашуви фақат фавқулодда ҳолатларда, шиллиқ қаватининг шикастланиш майдони жуда кенг бўлганда ва тест натижалари онкологик жараённинг ривожланиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолларда тавсия этилади.
Бачадон бўйни эрозияси билан оғриган беморлар бачадон бўйни саратони ривожланишини истисно қилиш учун ҳар йили гинекологик текширувдан ўтишлари керак (йилига камида 1-2 марта).
Критик бўлмаган ҳолатларда гинекологлар туғмаган беморларга эрозияни даволашни тавсия этмайдилар. Чунки ҳар қандай ҳолатда аёлнинг репродуктив тизимига жарроҳлик аралашуви ўз изини қолдиради, ҳомиладорлик ва туғруқнинг соғлом ўтиши учун эса эластиклик ва бачадон бўйни шиллиқ қаватининг табиий муҳити зарур.
Бундан ташқари, ҳомиладорлик пайтида гормонал даражадаги ўзгаришлар туфайли эрозия йўқолиши мумкин. Бироқ, бундай ҳолларда гинекологнинг кузатуви жуда зарур.
Шуниси эътиборга лойиқки, ҳар йили ўтказиладиган текширувлар ва аёлларнинг соғлиғига нисбатан замонавий эҳтиёткорона муносабати туфайли сўнгги йигирма йил ичида репродуктив ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони кўрсаткичларини сезиларли даражада камайтириш мумкин бўлди.
