Газ ошқозон ёки ичакдаги одатий ҳаво, бироқ, баъзан чақалоқлар ичагида ҳавонинг тўпланиб қолиши оғриқли бўлади. Чақалоқларнинг баъзиларида қорин дам бўлиши кузатилиб, ичагидаги газлар чиқиб кетмагунча ухлай олмайди, айримлари соатлаб йиғлайди.
Ушбу мақола орқали биз Сизга чақалоқларда газнинг пайдо бўлиш сабаблари, белгилари ва тўпланиб қолган газни қандай чиқариш кераклиги хусусида фойдали маълумотларни улашамиз.
Деярли барча чақалоқларнинг организмида газ пайдо бўлиб туради. Газ овқат ҳазм қилиш вақтида ҳаво кирганида, масалан, чақалоқ шиша сўрғични сўриб, ҳавони ютиб юборганда пайдо бўлади. Болангизда қорни дам бўлиши нормал ҳолат, хавотирга ўрин йўқ.
Болаларнинг қорни дам бўлиши сабаблари қайсилар?
Ҳавони ютиш (Аерофагия)
Чақалоқларга кўкрак нотўғри тутилса ёки эмизилса, шиша сўрғичдан суюқлик ичаётганда улар ҳавони ютиб юборади. Болалар кўп гапиришга ҳаракат қилаётганда ҳам ҳавони ютиб юборишлари мумкин.
Ҳаддан ташқари кўп йиғлаш
Чақалоқлар йиғлаётганда ҳам ҳавони ютиб юборишади. Агар газ пайдо бўлишига фарзандингизнинг йиғлаши сабаб бўлса, бола тинчлангандан сўнг яна ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади.

Овқат ҳазм қилиш муаммолари
Чақалоқларнинг ичи қотганда яъни овқат ҳазм қилишда муаммолар бўлса болалар организмида газ тўпланиб қолади.
Болаларда ҳазм қилиш трактини тўлиқ етилмаганлиги
Ҳазм ферментларининг етарли бўлмаганлиги ҳисобига, тўлиқ ҳазм бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари микроорганизмлар томонидан парчаланади ва газ пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Ошқозон-ичак вируслари
Бъазан вируслар ҳазм тизимидаги муаммоларга сабаб бўлади:
- газ тўпланиши;
- қайт қилиш;
- ич кетиши.
Янги озиқ-овқат маҳсулотлари
Янги таомлар билан озиқлантирилганида, қаттиқ овқат истеъмол қиладиган катта ёшдаги болаларда янги овқатлар билан озиқланиш натижасида газ тўпланиб қолади. Баъзи чақалоқларда кузатилаётган тез-тез газ тўпланиб қолиш ҳолатлари, болаларнинг озиқ-овқатга сезгирлигининг белгиси бўлиши мумкин.
Қорин дам бўлиши профилактикаси
Болаларнинг ичагидан газларни тезроқ чиқариб юборишда уй шароитида бажариладиган машқлар ёрдам беради:
- болаларнинг оёқларини айлана бўйлаб ҳаракатлантиришга ундаш;
- чақалоқни орқа томонига ётқизиб, тиззаларини букиб, оёқларини кўтариши;
- боланинг бошини ошқозонидан юқорига эҳтиёткорлик билан кўтариш, шунингдек, тик ҳолатда ушлаб туриш;
- машинада болаларни сайр қилдириш — агар чақалоқ машинада юришни яхши кўрса, бу болани сайр қилишга бевосита кўмаклашади. Машинадаги юмшоқ тебраниш оғриқни енгиллаштириши ва чақалоқни тинчлантириши мумкин;
- чақалоқларни белаш — янги туғулган чақалоқларни белаш, газлардан қутулишга ёрдам беради. Лекин бу ҳолат ҳамма чақалоқларга ҳам ёқмаслиги мумкин;
- бола юзини пастга қаратиб кўтариш — чақалоқларни кўтараётганда юзини юқорига қаратмасдан ушлаб туришлари ҳам бола танасидан газларни тезроқ чиқиб кетишига ёрдам бериши мумкин. Боланинг бошини эҳтиёткорлик билан бироз кўтариш, чақалоқнинг юзини ёки бурнини ҳеч нарса қоплаб қолмаганига ишонч ҳосил қилиш керак;
- кичкинтой қоринчасини массаж қилиш — боланинг ошқозонини мулойимлик билан силаш газни чиқиб кетишини енгиллаштиради. Оналар фарзандларининг қоринчасини соат йўналиши бўйича ёки соат соҳасидан фарқли ўлароқ юмшоқ ҳаракатлар билан пастга босишга уриниб кўриши мумкин, бу чақалоқнинг реаксияси орқали босимни бошқаришга имкон беради;
- қорни билан ётқизиш — кичкинтойлар уйғоқ ва назорат остида бўлган вақтларида қорни билан ётқизишдан фойдаланишлари мумкин. Қорни билан ётқизиш орқали болаларда тўпланган газни бўшатиш осонлашади. Бундан ташқари, бу ҳаракатлар болаларнинг юқори тана мушакларини кучайтиради ва бошини кўтаришга ундайди;
- газ ҳавдовчи томчиларни бериш — симетикон газ ҳавдовчи томчилари баъзи чақалоқларга ҳаво пуфакчаларини тез чиқиб кетишига самарали ёрдам беради. Ота-оналар болаларига белгиланган дозада кун давомида симетикон газ ҳавдовчи томчиларини 4 мартагача беришлари мумкин;
- тадқиқотлар шуни кўрсатадики, пробиотик қўшимчалар ичак микроорганизмларини мувозанатлаш орқали чақалоқлар ичагида ҳаво тўпланиб қолишини олдини олади. Оналар биринчи галда педиатр билан маслаҳатлашиб, сўнг болага пробиотиклар бериши мумкин.
Агар сиз уй шароитида фарзандингизга ёрдам бера олмасангиз, шифокорлар кўмагидан фойдаланишингизга тўғри келади.
