Ўтган галги тери ҳақидаги мақолаларимизнинг бирида эпидермис қаватида Меркел ҳужайралари деб аталадиган ҳужайралар мавжудлиги ҳақида айтган эдик. Ушбу мақоламизда ана ўша ҳужайралар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Меркел ҳужайралари умуртқали ҳайвонлар терисида учрайдиган овал шаклидаги механоретсептор ҳужайраси бўлиб, у тури юзасидаги тегинишни ҳис қилиш вазифасини бажаради. Бу ҳужайраларни илк маротаба 1875 йилда немис гистологи Фридрих Зигмунд Меркел кашф этган. Бундай ҳужайралар айниқса бармоқда учларида ниҳоятда кўп бўлиб, улар сезувчи нерв ҳужайраларининг аксонлари билан синапслар ҳосил қилади. Ўзининг ноодатий хусусиятларига қарамасдан ушбу ҳужайралар жуда осонлик билан тузатиш қийин бўлган тери саратон ҳужайраларига айланиши мумкин. Дастлаб ушбу ҳужайраларни нерв учларидан ҳосил бўлган ҳужайра деб ҳисобланар эди, лекин сутемизувчи ҳайвонларда ўтказилган сўнгги экспериментал тадқиқотлар уларнинг айнан эпителиал келиб чиқишга эга ҳужайра эканлигини кўрсатди.
Меркелнинг тузилиши
Меркел ҳужайралари умуртқали ҳайвонлар териси эпидермис қисмининг деярли барча қисмида учрайди. Сутемизувчилар терисида улар яққол кўзга ташланадиган диаметри 10 мкм бўлган ҳужайралар бўлиб, эпидермиснинг базал мембранада жойлашган. Улар ҳатто оёқнинг товон қисмидаги эпимермис қаватида ҳам учрайди. Кафт терисида Меркел ҳужайраларинигн сони 1 мм2 соҳасида 200-400 тани ташкил этади, терининг бошқа асосий қисмида эса улар ўртача 1 мм2 соҳада 20 та атрофида бўлади. Улар одатда нерв учлари билан бирикиб Меркел дискини ҳосил қилади. Улар СА1 каби секин адаптатсия қилувчи соматосенсор нерв толалари билан бирикади. Улар жуда ҳам паст тебранишлар (5-15 гертс) ва шакллар ҳамда қирралар каби чуқур статик тегинишларга жавоб беради. Уларнинг таъсирни қабул қилувчи майдони жуда кичик бўлишига қарамасдан бармоқ учлари каби соҳаларда асосий функсияни баражади ва узоқ вақт давомида таъсирни қабул қила олади.
Меркелнинг пайдо бўлиши
Меркел ҳужайраларининг келиб чиқиши борасида сўнгги 20 йилдан бери олимлар орасида баҳслар тўхтамайди. Қушлар теридаги ўтказилган тадқиқотларда улар нерв учларидан, сутемизувчиларда эса эпителиал келиб чиқишга эга эканлиги маълум бўлган.
Меркелнинг функсияси
Ф.З.Меркел ушбу ҳужайраларни очган вақтда уларни “сезувчи ҳужайралар” қаторига қўшган эди, лекин унинг бу таклифини амалда исботлаш мушкул бўлган. Яқинда гени накаут қилинган сичқонларда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича Меркел ҳужайралари тери юзасидаги ҳис қилишда муҳим рол ўйнайди.
Бундан ташқари Меркел ҳужайраларида махсус гранулалар ва нейропептидлар мавжудлиги учун нейроендокрин хусусиятга ҳам эга деб ҳисобланади. Шу билан бирга Меркел ҳужайралари кератинотсит ҳужайралари апоптози назоратида ҳам иштирок этади.
