Kontentga o‘tish
BUFANSTREAM
Биология, Анатомия

Одамнинг тери тузилиши ҳақида малумот

Одам танаси ташқи томондан тери билан қопланган бўлиб, унинг сатҳи катта ёшли одамларда 1,5 – 2,3 метр квадратни, массаси эса тана массасининг ўртача 4-6 фоизини, гиподерма билан қўшиб ҳисобланганда эса 16-17 фоизини ташкил этади. Тери органлар ичида сатҳи катталиги бўйича иккинчи ўринда туради (биринчи ўринда ингичка ичак). Тери етти қаватгача эктодермал тўқималардан ташкил топган бўлиб, мускуллар, суяк, бўғим ва ички органларни ҳимоя қилиб туради. Одамнинг териси тузилиши бўйича кўпгина сутемизувчиларнинг териси билан ўхшаш. Бутун тери юзасида соч фолликулалари бўлсада, барчада ҳам тери туклар билан қопланган бўлмайди. Тукли ва туксиз тери фарқланади. Терининг ранги одамларнинг популятасияларига қараб турлича бўлади. Бундан ташқари қуруқ ва ёғли терилар фарқланади. Инсон терисининг юза қисмида 100 типга мансуб 1000 га яқин бактерия тури яшаши аниқланган. 
Бир дюм квадрат (6,5 см2) тери сатҳида 650 та тер безлари, 20 та қон томирлари, 60 000 та меланотсит ва 1000 дан ортиқ нерв учлари жойлашган.

Терининг тузилиши

Тери уч қаватдан ташкил топган: эпидермис, дерма, гиподерма.

Эпидермис

Ушбу қатламда қон томирлари мавжуд эмас. Унинг ҳужайралари дерма қатламидаги қон томирларидан диффузия йўли билан озуқа моддаларини қабул қилади. Ҳавони эса тўғрида- тўғри ташқи муҳитдан олади. Эпидермисни Меркел ҳужайралари, кератиноситлар, меланотситлар ва Лангерганс ҳужайралари (Лангерганс оролчаси билан адаштирманг) ҳосил қилади. Эпидермис ўз навбатида 5 қаватдан ташкил топган. Инсондаги оқсил кодловчи генларнинг 70 фоизи айнан эпидермисда экспрессия қилинади.

Дерма

Эпидермис остида жойлашган ушбу қават бириктирувчи тўқимадан ташкил топган бўлиб, танага тушадиган стресс ва босимнинг кучини камайтиради. У эпидермис билан базал мембрана орқали бириккан бўлиб, унда пайпаслаш ва иссиқликни сезувчи нерв учлари жойлашган. Дермада соч фолликулалари, тер ва ёғ безлари, апокрин безлар, лимфа ва қон томирлари жойлашган.

Гиподерма

Ушбу қават дерма остида жойлашган бўлиб, бириктирувчи тўқима ва ёғ тўпламидан ташкил топган. Унинг асосий вазифаси озиқ модда жамғариш ва терининг терморегулятсия хусусиятини таминлашдан иборат.

Терининг функсияси

Терининг қуйидаги функсиялари фарқланади:

1) нафас олиш – тери ҳужайралари ташқи муҳит билан кислород ва карбонат ангидрид алмашинувида иштирок этади. 
2) ҳимоя – тери организмни ташқи томондан бўладиган турли хил кимёвий ва механик таъсирлардан, ултрабинафша нурлардан, турли патоген микроорганизмлар таъсиридан сақлайди. Теридаги Лангерганс ҳужайралари бевосита адаптив иммун тизимининг  бир қисми ҳисобланади. Бундан ташқари теридан ажраладиган тер безлари таркибида лизотсим моддаси мавжуд бўлиб, у бактерия деворларини парчалаш хусусиятига эга. 
3) терморегулятсия – терида жуда кўп миқдорда майда қон томирлари жойлашган бўлиб, нурланиш орқали ортиқча энергиянинг бир қисмини иссиқлик кўринишида танадан ташқарига чиқариб юборади. Бундан ташқари иссиқлик яна бир қисми терлаш жараёнида тер билан биргаликда чиқиб кетади. 
4) сув ва туз алмашинуви – терининг ушбу хусусияти тер ажратиш билан боғлиқ бўлиб, тер билан бирга ортиқча туз ва сув организмдан ташқарига чиқиб кетиб туради.

5) айириш – теридан ажраладиган тер таркибида мочевина бўлиб, унинг консентратсияси сийдикникидан 130 баробар паст. Бундан ташқари буйрак фаолиятининг гипофунксиясида моддалар алмашинувининг маҳсулотлари, парчаланган дори қолдиқлари тери орқали чиқариб юборилади.
6) қон депоси – организмдаги қарийб 1 литр қон дерма қаватида заҳира ҳолатда сақланади.
7) гуморал ва метаболизм – тери сув ва ёғнинг тўпланиш маркази ҳисобланади. Шу билан бирга унинг айрим қисмлари ултрабинафша нурлар таъсирида Д витаминини ва айрим гормонларни синтезлайди. 
8) ретсептор – терида жойлашган кўпгина нерв учлари ҳисобига ретсептор функсияси таъминланади.
9) иммун – иммун реаксиялар ривожланишида қатнашувчи антигенларнинг қабул қилиниши, таъсир этиш жараёни ва транспорт функсиялари тери билан бевосита боғлиқ.

Тери ва унга боғлиқ жараёнлар билан дерматология фани шуғулланади.