Ҳар қандай кимёвий тоза модда бошқа моддада эрийди. Моддаларнинг эрувчанлиги шу модданинг ва эритувчининг табиатига ва температурасига боғлиқ.
Моддаларнинг эрувчанлиги деб, айни температурада 100 г эритувчида эриган модданинг грамм миқдорига айтилади. Бунга моддаларнинг эрувчанлик коэффициенти» дейилади С-ҳарфи билан белгиланади.
Кенгроқ маънода моддаларнинг эрувчанлиги сифатида айни шароитда тўйинган эритманинг концентрациясини қабул қилса ҳам бўлади. Шунга мувофиқ, эрувчанлик миқдоран эриган модда массасининг тўйинган эритма массасига нисбатини ифодаловчи фоиз (%) қийматга тенгдир.
Баъзан 1 литр тўйинган эритмадаги эриган модданинг «мол» лар сони ҳам модданинг эрувчанлиги дейилади.
Кўпчилик ҳолларда эритувчи сифатида сув ишлатилгани учун моддаларнинг сувда эрувчанлиги қуйидагича тавсифланади: агар 100 г сувда 10 г ва ундан кўп миқдордаги модда эриса яхши эрувчан, агар 10 г дан 0,001 гача эриса кам (ёмон) эрийдиган, агар 0,001 г дан кам эриса амалда эримайдиган модда дейилади.
Моддаларнинг эрувчанлиги уларнинг табиатига боғлиқ. Қутбли моддалар қутбли эритувчида (спирт сувда, аммиак сувда, водород хлорид сувда) яхши эрийди: қутбсиз моддалар қутбсиз эритувчиларда (ёд хлороформда, ёғ бензолда, нафталин бензолда) яхши эрийди.
Температура ортиши билан моддаларнинг эрувчанлиги ҳам ортиб боради. Бунинг сабаби моддаларнинг эриш иссиқлиги мавзусида батафсил баён этилди.
Қаттиқ моддаларнинг эрувчанлиги босимга боғлиқ бўлмайди. Суюқ моддалар суюқликларда эриганда турлича (чексиз ёки чекланган миқдорда) эрийди ёки аралашади. Масалан: спирт сувда чекланмаган миқдорда эрийди, бошқача айтганда, спирт ва сув оʻзаро хоҳлаган миқдорий нисбатларда аралашади.
Диэтил эфири (C₂H₃-O-C₂H₂) хона температурасида сувда чекланган миқдорда эрийди, яъни сув ва эфир аралашмаси икки қаватдан иборат бўлади.
Юқори қатлам сувнинг эфирдаги тўйинган эритмаси бўлса, пастки қатлам-эфирнинг сувдаги тўйинган эритмасидир. Температуранинг ортиши бу моддаларнинг бир-бирида эрувчанлигини оширади ва маълум температурада иккала модда ўзаро ҳоҳлаган нисбатда аралашади.
Газларнинг суюқликларда эриши экзотермик жараён боʻлиб, Генри қонунига бўйсунади.
Доимий температурада ўзгармас ҳажмдаги суюқликда эриган газ миқдори шу газнинг парсиал босимига тўғри пропорсионал.
C=K•P
бунда; C-газнинг эритмадаги миқдори, P- газнинг парсиал босими ва K-пропорсионаллик коэффициенти ёки Генри доимийси.
Агар суюқликда бир неча газлар аралашмаси эриса, ҳар бир газнинг эрувчанлиги газларнинг умумий босимига эмас, балки шу газнинг парсиал босимигагина боғлиқ бўлади. Газларнинг эрувчанлиги «мл/100 мл» бирликда ифодаланади. Эритмалар моддаларнинг эрувчанлик коэффициентига коʻра тўйинмаган, тўйинган ва ўта тўйинган хилларга ажратилади.
Мавзуга доир мақолалар
Тўйинмаган эритма
Айни температурада маълум миқдор эритувчида эриш коэффициентидан кам миқдордаги модда эришидан ҳосил бўлган эритма тўйинмаган эритма дейилади. Агар эрувчанлик графигига эътибор берилса, 20°C да 100 г сувда 36 g NaCl эрийди.

Агар шу шароитда 15 g NaCl эритилса, тўйинмаган эритма ҳосил боʻлади. Бу эритмада яна қўшимча 21 г модда эритиб тўйинган эритма ҳосил қилинади.
Тўйинган эритма
Тўйинган эритма — айни температурада маълум миқдордаги эритувчида эриш коэффициентига тенг миқдордаги модда эришидан ҳосил бўлган эритмадир. Тўйинган эритмада доимо эриган модда миқдори кристалл (эримай қолган) модда миқдори билан мувозанатда бўлади, яъни эритмага ўтаётган заррачалар сони эритмадан кристаллга ўтаётган модда миқдорига тенг бўлади.
Ўта тўйинган эритма
Агар тўйинган эритмага эриган моддадан қўшиб температура оширилиб бораверилса, ортиқча қўшилган модда эриб кетади. Яна модда қўшилиб, температура оширилса, модда яна эриб кетади ва натижада ўта тўйинган эритма ҳосил бўлади. Ўта тўйинган эритмалар азалдан (Т.Э.Ловитс, 1794 й) маълум бўлиб, улар оддий шароитда нотурғун (метастабил) системадир.
Шу туфайли бу эритмага озгина механик таъсир (эритма турган идишга оддий зарб) берилса ёки озгина қаттиқ модда заррачаси қўшилса, температура пасайтирилса эритма бузилади — эриган модданинг ортиқча миқдори қайта кристалланиб ажралиб чиқади. Шу усул (қайта кристаллаш) билан коʻпчилик моддалар тозаланади. Бунда кўпинча кристаллогидратлар олинади. Масалан: Na₂S₂O4 • 5H2O (натрий тиосулфат кристаллогидрати), Na₂SO₄ 7H₂O (Глаубер тузи), Na2B4O7 •10H₂O (бура), CuSO4 • 5H₂O (мис купороси).
